Янгиликлар
«ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ»: ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАР, РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР, ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ, ЭКОТИЗИМ БАРҚАРОРЛИГИ, ДАВР ТАЛАБИ
  • 29.09.2020
  • 4673

  Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти: электр энергетика тармоғида қайта тикланувчи энергия манбалари салмоғини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, муқобил энергия манбалари тармоғи ривожининг аҳамияти хусусида батафсил маълумот.

 

  ДАСТЛАБКИ МАЪЛУМОТЛАР:

  Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритаётган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, йирик саноат корхоналари ва ўрта ва кичик бизнес вакилларни сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини оширишга қаратилган лойиҳалаштириш-ҳужжатлаштириш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш билан шуғулланади. Шунингдек, Акциядорлик жамияти ўз тасарруфидаги 78 та юқори кучланишли подстанциялар ҳамда 10 минг километрдан зиёд узунликка эга 220–500 кВли электр тармоқларини эксплуатация қилиш, уларни капитал, жорий ва мавсумий таъмирлаш, юқори кучланишли электр ускуна-жиҳозларини модернизация ва реконструкция қилиш, шу билан бир қаторда, Марказий Осиё ҳамда минтақадаги бошқа чегарадош давлатлар билан электр энергияси импорти ва экспорти амалиётларини бажаради. Стратегик аҳамиятга эга корхоналар қаторида фаолият юритаётган ташкилотда меҳнат фаолияти олиб бораётган қарийб 5 минг ишчи-ходимлардан иборат жамоа, шунингдек, юзлаб оғир ва енгил автомобиль ҳамда механизмлар туну кун иқтисодий-ижтимоий тараққиёт негизи бўлган электр энергияси таъминоти билан машғул.

 

  Маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85–90 фоизи Ўзбекистоннинг табиий бойлиги ҳисобланмиш кўмир, табиий газ ва бошқа нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади. Ҳозирча Ўзбекистондаги «яшил энергия» салмоғи атиги 10–14 фоизни ташкил этади.  

 

  «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти Матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга қараганда, мустақилликнинг дастлабки йилларида гидроэнергетиканинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 10 фоизга ҳам етмаган. Ўзбекистон гидроэлектр иншоотлари томонидан ўтган давр мобайнида, аниқроғи 2017 йилда 7 млрд 947 млн. кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 6 млрд 126 млн. кВт•соатни ташкил этган. 2019 йилда эса ишлаб чиқарилган 6 млрд 513 млн. кВт•соат электр энергияси умумтизим орқали истеъмолчиларга етказиб берилган. Ушбу кўрсаткич мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 13 фоизини ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланилиб, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси етказиб таъминланаётганини англатади.

 

  «Ўзбекгидроэнерго» АЖ маълумотларини келтираётганда йилдан-йилга сув омборларидаги сув сатҳининг пасайиб кетаётганига алоҳида эътибор беришимиз зарур. Экотизимга кўрсатилаётган салбий асоратлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё давлатларида кузатилмоқда. Жорий йилда гидроэнергетика имкониятларидан кенг фойдаланадиган қўшни Тожикистон энергетикларининг бу йилги ҳавзалардаги сув сатҳининг аввалги йилларга нисбатан кескин камайгани ҳақидаги баёнотлари юқоридаги фикрларнинг тасдиғидир.

2017 йилда 52 142,1 млн. кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун мамлакатимизда мавжуд иссиқлик электр станциялари томонидан 15,21 млрд метр/куб табиий газ, 268,3 млн метр/куб ерости гази, 148,6 минг тонна мазут, 3,31 млн тоннадан зиёд кўмир, 13,7 минг тонна нефтекокс ёқилган.
2018 йилда эса жами 56 311,3 млн. кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун бу кўрсаткичлар умумий ҳисобда 8,7 % га ошган, яъни 16,42 млрд метр/куб табиий газ, 326,6 млн метр/куб ерости гази, 154,8 минг тонна мазут, 3,34 млн тонна кўмирдан иссиқлик энергияси олиниб, электр энергиясига айлантирилган.
2019 йилда эса ўтган йилларга нисбатан йирик миқдорда импорт қилинган электр энергияси ҳажмидан ташқари 56 413,8 млн. кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бунинг учун 15,81 млрд метр/куб табиий газ, 269,2 млн метр/куб ерости гази, 204,4 минг тонна мазут ва 3,57 млн. тонна кўмир ёқилган.
 

  Ўз-ўзидан маълумки, юқорида келтирилган рақамлар атмосферага чиқарилган беҳисоб углерод оксиди, минглаб тонна кул ва бошқа зарарли моддалар ҳақида сўзлаб турибди. Аммо на чора, дунё миқёсидаги Экотизимга етказилаётган экологик талафотлар таркибида бу рақамлар денгиздан томчи...

 

  Эътибор берган бўлсангиз, охирги 3 йилда «яшил энергия», «муқобил энергия» деб таърифланувчи фотоэлектрстанциялари ҳамда шамол генераторларини қуриш бўйича хабар-янгиликлар тез-тез қулоғингизга чалиниб қолди. Ҳукумат қарорларига асосан Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қайта тикланувчи энергия манбалари салмоғини 2030 йилгача 25–30 фоизгача ошириши стратегик режаси ҳақидаги эшитган-ўқиган бўлишингиз мумкин.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли қарорининг 1-сонли иловасида 2030 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларнинг улушини 25% га етказиш кўрсатиб ўтилган.

 

ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ НИМА?

Келинг, аввал муқобил (алтернатив) ёки қайта тикланувчи энергия («яшил энергия») нима эканлиги билан танишиб олсак...

 2019 йил 16 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида (2019 йил 21 май, ЎРҚ-539-сон) унга қуйидагича таъриф берилади:

 қайта тикланувчи энергия манбалари атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси.

  Хуллас, «яшил энергия»нинг асосида Ер юзидаги ҳаёт манбаи бўлган Қуёш ётибди. Шамол ҳам, сувнинг табиатда эркин айланиши ва бошқа иқлим шароити билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси галлактикамизнинг марказий сайёраси — Қуёшнинг фаоллиги ҳисобига амалга ошади. У қайта ишлангани учун «қайта тикланувчи» деб, экологияга деярли зарари бўлмагани учун «яшил энергия» деб таърифланади ва, юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда Ер юзида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам асосий ишлаб чиқариш нефть маҳсулотлари эвазига бўлгани учун унга «муқобил» мақоми берилган.

  Хўш, қайта тикланувчи энергия салмоғини ошириш бўйича Ўзбекистонда қандай ислоҳотлар, аниқроқ айтганда, қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

 

 «ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ»НИНГ ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРИ

1. Карманада 100 МВт қувватли қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси

   Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида, давлат-хусусий шериклиги асосида «Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш» бўйича эълон қилинган халқаро тендерда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar Energy» компанияси ғолиб деб топилган.

   2019 йил 8 ноябрь куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ва «Masdar Energy» компанияси ўртасида «Электр энергиясини сотиб олиш» ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан «Инвестициявий келишувлар» имзоланди. Бунинг асносида «Nur Navoi solar» МЧЖ лойиҳа компанияси ташкил қилинди. 2019 йилнинг декабрь ойида «Masdar Energy» компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан танлов асосида «AF Aries» (Испания) компанияси «Мустақил муҳандис» сифатида танланди.

  Лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн. АҚШ долларига баҳоланган ва инвестор томонидан 100% тўғридан-тўғри молиялаштирилиши белгиланган.

  2020 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида қуввати 100 мвт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4677-сон қарори имзоланди.

   Бугунги кунда, қурилиш майдончасида топографик, геологик ва гидрологик тадқиқотлар, техник шартларга асосан «Juru Energy» компанияси томонидан қувватни узатиш схемасини тайёрланган. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан схемадаги камчиликлар қайта кўриб чиқилиши учун «Juru Energy» компаниясига юборилган.

  Ушбу лойиҳа бўйича тармоқ жадвалига асосан инвестор («Masdar» БАА) томонидан молиявий манбаларни аниқлаш ишлари июнь ойида якунланиши режалаштирилган эди. «Covid-19» пандемияси туфайли режалаштирилган ишлар муддати бироз ортга сурилди, аммо режага мувофиқ тартибда амалга оширилмоқда. Мисол учун, молиявий ажратмалар ҳамда ажратилган ер майдонида инфраструктурани ривожлантириш (ер майдонини текислаш, йўл қуриш, пойдевор тайёрлаш ва бошқалар) жорий йилнинг сўнгги ойидан бошланиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, мазкур фотоэлектр станцияси 2021 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши назарда тутилган.

  Мазкур лойиҳа, албатта, Навоий вилояти аҳолисининг электр таъминоти яхшилашга хизмат қилиб, йирик саноат корхоналари, ўрта ва кичик бизнес вакилларининг ишлаб чиқариш ҳажмини оширишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

 

  2. Зарафшонда қуввати 500 МВтдан кам бўлмаган шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаси

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4256-сонли қарорида белгиланган топшириқлар асосида Навоий вилоятининг Томди туманида (Зарафшон шаҳри ҳудуди) «Қуввати 500 МВтдан кам бўлмаган шамол электр станцияси қуриш» лойиҳаси режалаштирилган.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/376

  2020 йил 8 июнда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar Energy» компанияси «Ўзбекистон МЭТ» АЖ билан «Электр энергиясини сотиб олиш» ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан «Инвестициявий келишувлар» имзоланди.

  Лойиҳанинг умумий қиймати 705 млн. АҚШ долларига баҳоланган ва инвестор томонидан 100% тўғридан-тўғри молиялаштирилади. Лойиҳа доирасида «Shamol Zarafshon Energy» МЧЖ деб номланган лойиҳа компанияси ташкил этилди.

  Лойиҳалаштирувчи ташкилот — «Sredazenergosetproekt» АЖ билан қувватни узатиш схемаси ишлаб чиқилди. «Навоий тоғ-кон металлургияси» давлат компанияси томонидан қувватни узатиш схемасига бир қатор ўзгартиришлар киритиш таклифи билдирилди. Ҳозирги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2020 йил 17 июлдаги 06/1-65-сонли топшириғига асосан Навоий вилояти ҳудудидаги технологик бўлмаган подстанция ва 220 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларини хатловдан ўтказиб, ўрнатилган тартибда балансдан балансга қабул қилиб олиш ишлари амалга оширилмоқда. Ажратилган ер майдонида қўшимча шамол ўлчаш асбобларини ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

  Лойиҳа қуввати 200 МВтдан 500 МВтга ошганлиги сабабли пудратчи ташкилотлар билан шартномалар имзолаш учун тегишли ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа 2024 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон энергетика тизимида «яшил энергия» салмоғини бирмунча оширишга хизмат қиладиган йирик лойиҳа бўлиб, Навоий вилояти ва унинг ҳудудларидан ташқари қўшни вилоятларда истиқомат қилувчи аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда кичик, ўрта ва йирик ишлаб чиқарувчиларни электр таъминоти даражаси юксалишига хизмат қилади.

 

  3. Нурободда 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш лойиҳаси

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4037-сонли ҳамда 2019 йил 29 апрелдаги «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4300-сонли қарорларига асосан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шериклик асосида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш режалаштирилган.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/20

  Лойиҳани амалга ошириш учун олиб борилган тўғридан-тўғри музокаралар натижасида 2019 йил 13 сентабрда Франциянинг «Total Eren» компанияси «Ўзбекистон МЭТ» АЖ билан «Электр энергиясини сотиб олиш» ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан «Инвестициявий келишувлар» имзоланди. Лойиҳа доирасида «Tutli solar» МЧЖ — лойиҳа компанияси ташкил қилинди.

  2020 йил 7 январда мазкур лойиҳага тааллуқли «Атроф-муҳитга таъсири тўғрисида ҳисобот» ишлаб чиқилди, давлат экология қўмитасининг экологик экспертиза бўйича ижобий хулосаси олинди. Халқаро стандартлар асосида тайёрланган ҳужжатлар Европа тикланиш ва таррақиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки билан биргаликда лойиҳани молиялаштиришга (кредитлаш) келишилди. 2020 йилнинг март ойида «Metka» (Греция) компанияси бош пудратчи этиб танланди.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 май куни «Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4712-сон қарори имзоланди.

  Лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн. еврога баҳоланган бўлиб, инвестор томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилиши назарда тутилган. Ҳозирда «Total Eren» (Франция) компанияси томонидан ер майдонини тайёрлаш, электр узатиш тармоғи, подстанция ва электр станцияни лойиҳалаштириш учун лойиҳалаштириш-муҳандислик ташкилотлари жалб қилинган ва дастлабки қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/444

  Икки тараф ўртасида ишлаб чиқилган тармоқ жадвалларига кўра ер майдонлари ва инфраструктурани тайёрлаш ишлари жорий йилнинг октябрь ойида бошланади. Мазкур қуёш электр станцияси 2021 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши назарда тутилган.

 

4. Ғиждувон ва Пешкуда қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаси

  2019 йил 20 сентябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Энергетика инвестицион форум доирасида Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси ўртасида Навоий вилоятида қуввати 500 МВтдан 1000 МВтгача бўлган шамол электр станцияси қуриш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, 2020 йил 5 мартда Энергетика вазирлиги ва «ACWA Power» компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикасида қуввати 500–1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш келишуви имзоланди.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/267

  Энергетика вазирлиги, Давлат геология қўмитаси ва «ACWA Power» компанияси мутахассислари томонидан мамлакатимизнинг бир қанча ҳудудларида шамол оқимининг даражаси ўрганиб чиқилди. Натижада Бухоро вилояти Пешку туманининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган ер майдони — шартли номи «Қуввати 500 МВт бўлган Жонкелди шамол электр станциясини қуриш» деб аталаётган, шунингдек, Ғиждувон туманидаги Аяқатилма сув ҳавзасининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган ер майдони — шартли номи «Қуввати 500 МВт бўлган бош шамол электр станциясини қуриш» деб аталган лойиҳалар қурилиши учун танланди.

  Шамол салоҳиятини ўрганиш ишлари 2020 йилнинг август ойида бошланган бўлиб, 12 ой давомида олиб борилади. Шамолнинг тезлиги, йўналиши ва давомийлиги, шунингдек ҳудудлардаги об-ҳаво шароитиларининг ўзгариши каби маълумотларни ўлчаш учун 100 метр баландликдаги махсус ўлчов асбоблари ўрнатилади. Ушбу ишларга юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар жалб қилинган.

  Қайта тикланадиган энергия манбаси (шамол) асосида электр станцияларни қуриш лойиҳаси умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган, 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш йўли билан амалга оширилади.

  Шундай қилиб, «ACWA Power Bash wind» МЧЖ ҳамда «ACWA Power Dzhankeldy» МЧЖ лойиҳа компаниялари ташкил қилинди. Танланган ер майдонларида шамол кўрсаткичларини аниқлаш учун шамол мачталарини ўрнатиш бўйича «Gopa Intec» компанияси билан келишувга эришилди. «Sredazenergosetproekt» АЖ билан биргаликда шамол электр станцияларини миллий электр тармоқларга улаш бўйича бошланғич ўрганиш ишлари якунланди. Шунингдек, топографик, геологик ва гидрологик тадқиқотларни амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари жорий йил якунига қадар тайёр бўлиши кутилмоқда.

  «Бош шамол электр станцияси»ни қуриш учун танланган ер майдони Аякалитма сув ҳавзасига яқинлиги сабабли шамол генераторлари иншоотлари қушлар миграцияси ва бошқа ёввойи ҳайвонлар популяциясига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўрганиш зарур. Жорий йил ёз ойларида «Баҳор фаслида қушлар ва кўршапалакларнинг миграцияси» бўйича тадқиқот ишлари якунланди. Июль ойида эса мутахассислар томонидан ушбу ер майдонида «Қушларнинг ва бошқа ҳайвонларнинг кўпайиши, насл қолдириши» бўйича» тадқиқот ишлари бошланган. Август ойида Жонкелди ҳудудида 4 та, Аяқатилма сув ҳавзасининг шимоли-шарқий қисмида 1 та мачта ўрнатилди.

  Ҳозирда логистика тадқиқотлари якунланди ва 2021 йил январь ойидан бошлаб шамол турбиналарини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш бошланади.

 

 5. Қораузякда қуввати 100 МВтдан бўлган шамол электр станцияси қуриш лойиҳаси

  Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида, давлат-хусусий шерикчилиги асосида Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузяк туманида қуввати 100 МВтдан кам бўлмаган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун тендер ўтказишда ёрдамчи компаниялар ёлланди.

  Шамол электр станциясини қуриш учун яроқли деб қаралаётган ер майдонига шамол турбиналарини жойлаштириш схемаси ва ягона электр тармоғига улаш нуқталари ҳамда қувватни узатиш схемаси учун дастлабки ўрганишлар давом этмоқда. Шунингдек, ҳуқуқий ва техник экспертизаси ҳам амалга оширилмоқда ва унинг натижаларига кўра лойиҳанинг барча ҳужжатларни тайёрланмоқда.

 

6. Шерободда қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган фотоэлектр станция қуриш лойиҳаси

  Осиё Тараққиёт Банкининг техник кўмаги ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун потенциал компаниялар ўртасида 2020 йил 1 февралда танлов эълон қилинди ва 2020 йил 22 февраль кунига қадар танловда қатнашиш истагини жами бўлиб 56 та компания ва/ёки консорциумлар билдирган.

  Ҳозирда ОТБнинг техник мутахассислари томонидан танланган ер майдонларини ҳуқуқий ва техник экспертизаси ўтказилмоқда, унинг натижаларига кўра Халқаро молия корпорацияси ёрдамида ўтказилган биринчи лойиҳадаги барча ҳужжатларни ушбу лойиҳага мослаштирилмоқда.

 

  7. Каттақўрғон ва Ғаллаорол туманларида қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш электр станциялари қуриш лойиҳаси

  2020 йил 20 мартда Халқаро молия корпорациясининг техник кўмагида ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бирининг қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун потенциал компаниялар ўртасида танлов эълон қилинди. 2020 йил 21 апрелга қадар танловда қатнашиш истагини жами бўлиб 83 та компания ва/ёки консорциумлар билдирган.

  Ҳозирда Халқаро молия корпорациясининг техник мутахассислари томонидан танланган ер майдонларини ҳуқуқий ва техник экспертизаси ўтказилмоқда, унинг натижаларига кўра Халқаро молия корпорацияси ёрдамида ўтказилган биринчи лойиҳадаги барча ҳужжатларни ушбу лойиҳага мослаштирилмоқда.

 

 АНЪАНАВИЙДАН МУҚОБИЛГА ЎТИШ ЖАРАЁНИ

  Юқорида санаб ўтилган лойиҳалар мамлакатимизда «яшил энергия» салмоғини юксалтиришга қўйилган дастлабки қадамлардир. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, электр энергияси ишлаб чиқаришдаги анъанавий услуб, яъни нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ҳосил бўладиган иссиқлик энергиясини механик энергияга, механик ҳаракатни электр энергиясига айлантириш усули экомуҳитга бирмунча зарарли бўлсада кундан-кунга, йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжни қондиришга сафарбар этилаётган арзон ва қулай ишлаб чиқариш жараёни ҳисобланади. Ундан куннинг исталган пайтида (айниқса, тонгги ва кечки максимумда) эҳтиёжга қараб фойдаланиш, маълум маънода турли вазиятлар учун захира қилиш (ёқилғи захираси) имкониятлари мавжуд. Бироқ ҳозирда йирик миқдорда ишлаб чиқарилиб, халқ хўжалиги ва саноатга йўналтирилаётган табиий газдан оқилона фойдаланиш, унда кимё саноатида турли материал ва хомашё, ўғит ва минераллар тайёрлаш, ички бозор эҳтиёжини қондирилган ҳолда тайёр маҳсулотлар экспортига йўналтириш ҳам мумкин. Табиий газни аҳоли эҳтиёжи қондириш, сони йилдан-йилга ошиб бораётган автомобиль ва механизмларга ёнилғи сифатида етказиб бериш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, нефть ва бошқа углеродли қазилмаларнинг ерости манбалари беҳисоб эмас. Келажак авлодларга табиий бойликларни маълум маънода асраб қўйиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳам стратегик аҳамият касб этади.

 

ИҚТИСОД ВА ЭКОЛОГИЯ ТАНЛОВИ

  Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш эса ўзига хос ноқулайликларга эга. Аввало, шамол генераторлари ва қуёш панеллари бирмунча қиммат техника ва технологиялар мажмуаси ҳисобланади. Қуёш фотопанеллари майдон жиҳатидан бир неча гектар майдонларни эгаллайди, уларни атмосфера чанги ва тузли бирикмалардан тозалаб туришнинг ўзи бир вазифа. Бунинг устига фойдали иш коэффиценти ниҳоятда паст ва куннинг маълум бир пайтида (кундузи) фаол фойдаланиш мумкин. Фотоэлектр станциялар иш принципи 2 турга бўлинади, бири қуёш панелларида ҳосил бўлган энергияни физик-кимёвий жараён орқали электр энергиясига айлантириб берса, иккинчиси йиғилган иссиқлик ҳарорати минора тепасида тўпланган яна ўша сувни буғлантириб, иссиқлик энергиясидан механик энергия ва айланма механик ҳаракатдан электр энергия ҳосил қилиш учун хизмат қилади.

  Аммо Ер юзи иқлим шароитида кескин ўзгаришлар (қурғоқчилик ёки сув тошқинлари, ўртача иқлим ҳароратининг кескин пайсайиши ёки кўтарилиши, атмосфера таркибида зарарли газ ва чанг-тузлар миқдорининг кескин ошиши) кузатилмаса, юртимиздаги тоғ ва тоғолди ҳудудларда шамол оқими, йўналиши ва давомийлиги яхши ўрганилса, шамол электр станциялари иш коэффицентидан самарали ва узоқ муддатли истиқбол билан фойдаланиш мумкин. Фотоэлектр станциялардан самарали фойдаланиш учун бу йўналишдаги илғор технологиялар билан қадамба-қадам одимлаш, яъни мавжуд қуёш панеллари иш самарадорлигини ошириб, станциянинг фойдаланиш ҳудудига нисбатан ишлаб чиқариш қувватини ошириб бориш зарур. Акс ҳолда бозор иқтисодиёти шароитида қуёш панеллари рақобатбардошлигини йўқотиши мумкин.

 
Қуёш батареялари, яъни ёруғликни электрга айлантириш таъсирини ўрганиш дастлаб француз физиги Александр Эдмонд Бекерел томонидан 1842 йилда кашф этилди. Чарлз Фриттс исмли олим нурни электрга айлантириш учун кимёвий унсур — селендан фойдаланишни таклиф этди. Қуёш батареяларининг дастлабки прототипи италиялик олим Жакомо Луиджи Чамичян томонидан яратилган.
Орадан қарийб бир аср вақт ўтиб, аниқроғи 1948 йил 25 мартда Bell Laboratories томонидан электр токини ишлаб чиқаришга мўлжалланган биринчи қуёш батареялари яратилгани омма эътиборига эълон қилинди. 10 йилдан сўнг, яъни 1958 йил 17 мартда АҚШда қуёш панелларидан фойдаланадиган сунъий йўлдош — «Авангард-1» космик кемаси фазога учирилди. 1958 йил 15 майда Совет Иттифоқи ҳам қуёш батареяларидан фойдаланадиган «Спутник-3» номли сунъий йўлдош учирилганини маълум қилди.

   Биргина мисол, қуёш нури энергиясини электр энергиясига айлантирувчи қурилмалар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда ва янги технологиялар йирик маблағ сарфлаган ундан олдинги технологияларни ўз сарф-харажатларини қопламасидан олдин (рақобатбардошлигини) синдириб қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Буни оддий сўз билан айтганда, тасаввур қуйидагича акс этади: мисол учун, 2009 йилда ишлаб чиқарилган қуёш панелидан самарали фойдаланиш коэффиценти 39% бўлса, 2019 йилдан ишлаб чиқарилаётган фотоэлектрик қурилманинг самарадорлиги 66% ни ташкил этади. Шу тариқа ўз харажатларини тахминан 10 йил муддатда тўлиқ қоплаб, соф фойдага кириши керак бўлган иншоотлар 3 йилдан сўнг рақобат бозорида норентабелликка юз тутиши мумкин. Тўғри, дунёнинг илғор рақамли технология дастурлари фотоэлектр станциялари ва шамол генераторларини масофадан туриб бошқаришни такомиллаштириб боргани сари сарф-харажатлар камайиб бораверади. Аммо ишлаб чиқариш қуввати жорий ва капитал таъмир харажатларга нисбатан камайиб бормаса, қуёш ва шамол станциялари ўзаро рақобат майдонида банкротликка юз тутиши ҳеч гап эмас. Умуман олганда, бу ҳисоб-китоблару тахминий хулосалар иқтисодчилар учун муҳим. Аҳоли, унинг саломатлиги ва экотизимнинг барқарорлиги сақлаш нуқтаи назаридан эса «яшил энергия»нинг рақобатбардошлиги ёки қимматлилиги ўз аҳамиятини бирмунча йўқотади ва энергетиканинг мазкур тармоғи ривожланишидан барча бирдек манфаатдор. Ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар эса уларнинг рақобатбардошлигини оширади.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

 Демак, юқорида келтирилган рақам ва далиллардан хулоса ясаб фикр юритамизки, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини Ўзбекистон энергетика соҳасидаги салмоғида ошириб бориш бугуннинг муҳим вазифаларидан бири. Юқорида санаб ўтилган инвестицион лойиҳалар ортидан мамлакатимизга дунёнинг илғор рақамли технологиялари, замонавий қурилмалар билан биргаликда ундан самарали фойдаланиш дастурлари, иш услуби, билим-тажриба кириб келади. Муқобил энергия манбаларининг давлат миқёсидаги йирик лойиҳалари, ўз навбатида, аҳоли хонадон, дала ҳовлилар, кичик ва ўрта бизнес корхоналарида «яшил энергия» манбаларидан мустақил равишда фойдаланишига ўзига хос турки бўлиб хизмат қилади.

 

  Уйлар, бино ва иншоотлар энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик нуқтаи назари билан пухта муҳандислик хулосаларига таянган ҳолда қурила бошлайди. Ҳатто айрим тадбиркорлар ўз эҳтиёжидан ортган электр энергиясини энергетика бозорида сотиб, бунинг эвазига фойда олиши, мамлакатимизнинг олис-олис ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишига асос бўлиб хизмат қилади.

  Бир сўз билан айтганда, қанчалик қиммат ва қийин бўлмасин, «яшил энергия» — давр талаби!

  Уни ривожлантириш ва ундан халқимиз фаровонлиги, ватанимиз тараққиёти йўлида оқилона фойдаланиш учун Ўзбекистонда барча имкониятлар мавжуд.

 Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

(Маълумотномани тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган йиғма материаллардан фойдаланилди.)

  «ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ» САЛМОҒИНИНГ ОШИБ БОРИШИ: ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ БАРҚАРОРЛИГИГА ҲИССА, ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ, ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР, ЭКОЛОГИК БАЪЗИ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/444

 

  НАВОИЙ ВИЛОЯТИНИНГ ЗАРАФШОН ШАҲРИ ҲУДУДИДА 500 МВт ҚУВВАТГА ЭГА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛАДИ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/376

 

  «ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ» САЛМОҒИНИ ОШИРИШДА ФРАНЦИЯ БИЛАН ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ҲАМКОРЛИК ДАВОМ ЭТМОҚДА

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/350

 

  МДҲ ДАВЛАТЛАРИ ЭНЕРГЕТИКА КЕНГАШИ: СОҲАДА ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИНИНГ САЛМОҒИ ДОЛЗАРБ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТИБ БОРМОҚДА

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/347

 

  2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «УМУМИЙ ЭНЕРГЕТИКА ТАРМОҒИДА «ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ» МАНБАЛАРИНИНГ УЛУШИ ОШИБ БОРИШИ УЧУН БАРЧА ИМКОНИЯТЛАР МАВЖУД»

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/205

 

  МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ УЛУШИНИ ОШИРИШ — ЙИРИК ИНВЕСТИЦИЯЛАР ТАЛАБ ҚИЛУВЧИ БОСҚИЧЛИ ЖАРАЁН

  http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/189

 

«YASHIL ENERGIYA» SALMOG‘INING OSHIB BORISHI: ELEKTR TA'MINOTI BARQARORLIGIGA HISSA, YANGI ISH O‘RINLARI, ZAMONAVIY TEXNOLOGIYALAR, EKOLOGIK BA'ZI MUAMMOLARGA YECHIM

  http://uzbekistonmet.uz/oz/lists/view/444

 

  РОСТ ПОТЕНЦИАЛА «ЗЕЛЕНОЙ ЭНЕРГИИ»: ВКЛАД В УСТОЙЧИВОЕ ЭЛЕКТРОСНАБЖЕНИЕ, НОВЫЕ РАБОЧИЕ МЕСТА, СОВРЕМЕННЫЕ ТЕХНОЛОГИИ, РЕЩЕНИЯ НЕКОТОРЫХ ЭКОЛОГИЧЕСКИХ ПРОБЛЕМ

http://uzbekistonmet.uz/ru/lists/view/444

 

 http://uza.uz/oz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>