Янгиликлар
2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «Умумий энергетика тармоғида «яшил энергия» манбаларининг улуши ошиб бориши учун барча имкониятлар мавжуд»
  • 14.01.2020
  • 1565

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги Электр энергиясини ҳосил қилувчи мустақил корхоналар билан ишлаш бўлими 2019 йилда бир бир қатор ишларни амалга оширди. Айниқса, Жамиятимиз иштирокида қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол электр станциялари) бўйича амалга оширилаётган ишлар жорий 2020 йил учун мустаҳкам асос ҳосил қилди, десак муболаға бўлмайди.

     Келинг, аввал муқобил (алтернатив) ёки қайта тикланувчи энергия («яшил энергия») нима эканлиги билан танишиб олсак...

     2019 йил 16 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида (2019 йил 21 май, ЎРҚ-539-сон) унга қуйидагича таъриф берилади:

     қайта тикланувчи энергия манбалари — атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси;

     қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш — илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, қидирув, жорий этиш, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари ва фойдаланишга доир ишлар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш, уни ташиш, тўплаш, реализация ва истеъмол қилиш билан боғлиқ фаолият;

     қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар — қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқаришни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахслар;

     қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари — қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш, энергияни қабул қилиб олиш, ўзгартириш, тўплаш ва (ёки) узатиш, шунингдек ҳисобга олиш бўйича технологик асбоб-ускуналар мажмуаси, технологик ва (ёки) бутловчи асбоб-ускуналар;

     қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар — қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар.

     Демак, ўз-ўзидан маълумки, экологияга зарарли таъсири бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этиш ва унинг умумэнергия тармоғидаги улушини ошириш — бугунги куннинг долзарб масаласи.

     «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган мақолада ҳам бу нарса алоҳида эътироф этилган: http://uzbekistonmet.uz

     Ижозатингиз билан бўлим фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган 2019 йил сарҳисобига мурожаат этсак:

     1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Франция Республикасига давлат ташрифи давомида Давлат инвестиция қўмитаси ва «TOTAL Eren» компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида Келишув ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4037-сон ва 2019 йил 29 апрелдаги ПҚ-4300-сонли қарорларига асосан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шерикчилик асосида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш режалаштирилди. Лойиҳанинг қиймати 100 млн. евро бўлиб, 2021 йилда фойдаланишга топишириш режалаштирилган.

     Батафсил манба: http://uzbekistonmet.uz

      2019 йилнинг 13 сентябрь куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ва «TOTAL Eren» компанияси ўртасида электр энергиясини харид қилиш тўғрисида Келишув имзоланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида «Қувват бериш схемаси»ни ишлаб чиқиш учун лойиҳа институтига техник топшириқ ишлаб чиқиш учун йўлланди. Лойиҳачилар томонидан ишлаб чиқилаётган «Қувват бериш схемаси» «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг бошқарма ва бўлимларидаги масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилиб, ўз навбатида киритилиши лозим бўлган таклифлар тақдим этиб борилмоқда.

          2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4256-сонли «Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида БААнинг «Masdar» компанияси томонидан 200 МВтли шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 150 млн. АҚШ долл. бўлиб, 2021 йил якунида фойдаланишга топиширилиши кўзда тутилган.

      Батафсил манба: http://uza.uz

      Бугунги кунда «Masdar» ва лойиҳалаштириш институти ўртасида «Қувват бериш схемаси»ни ишлаб чиқиш юзасидан шартнома имзоланган бўлиб, ушбу схемани ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.

     3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 август 633-сонли «Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш чоралари ва хусусий инвестицияни жалб қилган ҳолда фотоэлектр станцияларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Навоий вилояти Кармана туманида Халқаро молия корпорацияси иштирокида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш кўзда тутилган.

     Батафсил манба: http://uzbekistonmet.uz

     Мазкур лойиҳанинг қиймати 100 млн. АҚШ долл. бўлиб, 2021 йилнинг 1 чорагида фойдаланишга топиширилиши режалаштирилган. Корпорация томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича ўтказилган халқаро тендер танловларида «Masdar» компанияси (БАА) ғалаба қозонган. Ўтказилган халқаро тендер бўйича 1 кВт•соат ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2,67 цент (АҚШ доллари ҳисобида) нарх таклиф этилган «Masdar» компанияси ғолиб деб топилган. 2019 йил 8 ноябрь санасида Тошкент шаҳрида электр энергиясини сотиб олиш юзасидан Келишув ҳамда Инвестицион битим имзоланди.

      Ҳозирги кунда Кармана тумани ҳокимияти томонидан қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш учун ер ажратиш ишлар амалга оширилмоқда.

     4. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 майдаги ПҚ-4308-сонли «Хитой Халқ Республикасига олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Хитойнинг «Liaoning Leader Investment Holding Corp.» компанияси томонидан Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 200 МВтли шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 250 млн. АҚШ долл. бўлиб, 2021 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

     Ҳозирги кунда «Liaoning Leader Investment Holding Corp» компанияси буюрмасига кўра «Қувват бериш схемаси» лойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилган ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг бошқарма ва бўлимлари масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилмоқда, киритилиши лозим бўлган таклиф тақдим этиб борилмоқда.

     Шуниси эътиборлики, бугунги кун бутун дунёда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Сабаби аниқ — муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ер ости бойликлари захирасини тежаш билан бир қаторда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтиради.

     Умуман олганда, мамлакатимизда сув, қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш борасида табиий қулай шарт-шароитлар мавжуд. Юртимизнинг қуёшли кунлари, шамол мунтазам эсиб турадиган очиқ ҳудудлари кўп. Бу эса муқобил энергия манбалари орқали иқтисодиёт тармоқларини, ҳудудлар ва аҳолимизни узлуксиз энергия билан таъминлаш, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни камайтириш ҳамда барқарор ривожланиш имконини беради.

     Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга. Негаки, ўлкамизда йилнинг 300 га яқин куни қуёшли. Шунингдек, доимий шамол эсувчи ҳудудларимиз ҳам бисёр. Бу қуёш ва шамол энергияси ишлаб чиқариш учун яхши имкониятлардан дарак.

     Маълумот ўрнида: инвестицион лойиҳалар асосида Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича Жаҳон Банки ва Осиё Тараққиёт Банки ҳамда Халқаро Молия Корпорациялари иштирокида бир қатор амалиётлар олиб борилмоқда.

     Юқорида тилга олинган лойиҳалар истиқболда мамлакатимиз умумий энергетика тармоғида муқобил энергия манбалари ҳиссасини бирмунча оширади.

 

Зафар Жўраев, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

Электр энергиясини ҳосил қилувчи мустақил корхоналар билан ишлаш бўлими

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>