Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАҚЧИЛЛИГИГА БАРҲАМ БЕРУВЧИ ЛОЙИҲАЛАР ИМЗОЛАНДИ
  • 07.03.2020
  • 1295

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Саудия Арабистонининг ACWA POWER компанияси билан имзолаган битим Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 ноябрдаги 21658-хх-сонли топшириғига биноан Сирдарё вилоятида иккита замонавий ва юқори қувватга эга буғ-газ қурилмаси қуриш ҳамда фойдаланишга топшириш белгилаб берилган эди.

2020 йилнинг 5 март куни Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Саудия Арабистонининг йирик инвестори ― ACWA Power компанияси билан умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг битим имзолади.

  Сирдарё вилоятида ACWA Power компанияси томонидан 1500 МВт қувватга эга буғ-газ турбинали электр станцияси қурилиб, сўнг 25 йил давомида Ўзбекистон электр энергетика соҳасига нисбатан арзон баҳода электр энергияси етказиб бериш назарда тутилаётган мазкур инвестиция битимининг ягона харидори «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бўлиб, ушбу битим Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, хориж инвесторлари қурадиган 1500 МВт қувватга эга янги электр станцияси ўртача 3–4 та вилоят миқёсидаги истеъмолга тенг бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаради ва бу орқали айни йилларда мавжуд электр энергияси тақчиллигига маълум маънода барҳам беради.

– Бизнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг юритаётган одилона сиёсати, мамлакатнинг ривожланиши йўлида олиб бораётган ислоҳотлари жуда муҳим ўрин тутади. ACWA Power компаниясининг бу саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон энергетика соҳаси ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши биз учун катта шараф, – дейди ACWA Power раиси Муҳаммад Абунайян.

– Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юртимиз электр энергетика соҳасида алоҳида аҳамият касб этадиган битимни имзолашга муваффақ бўлди. Энергетика вазири Алишер Султонов айтганидек, ACWA Power компанияси ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтиришда стратегик ҳамкор мақомига эга бўлмоқда. Амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз аҳолисини сифатли электр энергияси билан мунтазам равишда таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз, – дейди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Дадажон Айнақулович Исақулов.

Маълумот ўрнида: Hyatt Regency меҳмонхонасининг «Фарғона» залида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан қиймати 0,55–1,1 миллиард АҚШ доллари, қуввати 500 дан 1000 МВт гача бўлган шамол электр станциясини барпо этиш ҳамда  Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги коллежда энергетика ва кимё технологияси йўналишидаги мутахассисларнинг техник кўникмаларини ошириш юзасидан ташкил этиладиган ўқув марказини ривожлантириш бўйича АҚШнинг Air Products & Chemicals компанияси иштирокидаги ўзаро англашинув меморандумлари ҳам имзоланди.

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг!  t.me/uzmetaxborotxizmati

>