Ёдингизда бўлса, 2019 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги иштирокида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Франциянинг «TOTAL Eren» компаниялари ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан келишув имзоланган эди.
Батафсил: uzbekistonmet.uz/uz/
Batafsil: uzbekistonmet.uz/oz/
Подробно: uzbekistonmet.uz/ru/
Қайта тикланадиган энергетикани жадал ривожлантиришни таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, ушбу мақсадлар учун табиий газдан фойдаланишни камайтириш, шунингдек, электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида 2020 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд вилоятида қуввати 100 мвт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4712-сон қарори эълон қилинди.
Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябрда Франция Республикасига расмий ташрифи давомида «Total Eren SA» (Франция) компанияси билан Самарқанд вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва ишлатиш тўғрисида ҳамкорлик битими имзоланганлиги, ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида иш юритадиган «Tutly Solar» масъулияти чекланган жамияти шаклида хорижий инвестиция иштирокидаги корхона таъсис этилганлиги, 2019 йил 13 сентябрда Инвестор ва Лойиҳа компаниясининг мажбуриятларини назарда тутувчи Инвестиция битими тузилганлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим тузилганлиги, унга мувофиқ лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан ягона харидор мажбуриятини олганлиги санаб ўтилган.
Шу билан бирга, қарорда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ Лойиҳа компанияси билан Харидорнинг уланиш воситаларини бериш тўғрисида битим тузиш, кучланишни оширувчи ФЭС подстанцияси фойдаланишга топширилиб, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган мустақил халқаро маслаҳатчи томонидан баҳоланганидан сўнг Лойиҳа компаниясининг тасдиқланган харажатларини ягона тўлов билан қоплаш мажбурияти билан уни Лойиҳа компаниясидан ўз мулкига қабул қилиб олиш ва ФЭС билан боғлиқ инфратузилмалар барпо этилишини таъминлаш масалалари белгилаб берилган.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Франция Республикасига ташрифи давомида «TOTAL Eren» билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга асосан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида давлат-хусусий шерикчилик асосида умумий қиймати 100 млн. АҚШ долларига баҳоланган 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектрик станциясини қуриб, фойдаланишга топшириш инвестицион лойиҳаси бўйича тегишли ишлар бошлаб юборилган эди. Самарқанд вилояти Нуробод туман ҳокимининг 2019 йил 14 мартдаги 457-Қ-сон қарорига асосан Нуробод туманининг Тутли қишлоғида 600 га ер майдони ушбу лойиҳа қурилиши учун ажратилган.
Ҳозирги кунда лойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилган «Энергетика тизимига қувват бериш схемаси» ҳужжатлар тўплами «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилди ва лойиҳа схемасига киритилиши лозим бўлган таклифлар тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа «яшил энергия» деб аталувчи қайта тикланувчи энергия манбаларининг Ўзбекистон электр энергетикаси умумтизимидаги салмоғини ошириш учун хизмат қилиб, аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда саноат корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш жараёнининг ишончлилигини оширишга қаратилган.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати