2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Президент фармойишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан хизмат сафари тафсилотлари
  • 18.03.2025
  • 138

Барчага маълумки, 2025 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалла томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғриси"даги Ф—18-сонли фармойиши эълон қилинган эди.

Ушбу Фармойишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш — томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, ободонлашририш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада фаоллаштириш орқали 2025 йил Наврўз умумхалқ байрамини ва муборак Рамазон ойини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида жойларда "долзарб бир ойлик" сафарбарлиги бошланди.

Шу мақсадда бугун, 2025 йил 18 март куни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари"  акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Айнақулович Исақулов Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманига ташриф буюрди ва Томорқа ерларидан унумли фойдаланиш кўргазмали семинарида иштирок этди.

⚡️ Дадажон Айнақулович тадбир давомида Шуманай тумани ҳокими,  ҳокимият мутасаддилари ҳамда "маҳалла еттилиги" деб аталувчи тузилма масъуллари билан мавжуд муаммолар ечими ҳақида фикр алмашди, келгусидаги иш режаларини белгилаб олди.

Шуманай тумани ҳокимияти томонидан ташкил этилган Томорқа ерларидан унумли фойдаланиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган оилавий тадбиркорлик юзасидан тавсиялар кўргазмали семинарида хонадонларга кичик қуёш фотоэлектр станциялари ва геоколлектор ускуналарини ўрнатиш, суғориш мавсумида ўрнатилган сув насосларининг электр энергиясидан қарздорлигини камайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбаларига оид лойиҳаларни амалга ошириш масалалари қизғин муҳокама этилди.

Шунингдек, Фармойиш ижроси бўйича чорвачилик (қорамол ва қўйчилик), паррандачилик, қуёнчиликни ривожлантириш, чорвага ем тайёрлаш технологияси, тувакда гул ва ўсимликлар ниҳолини кичик иссиқхона ташкил этиб етиштириш, бундан ташқари, миллий ҳунармандчилик, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, болалар учун юмшоқ ўйинчоқлар ясаш каби кичик тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, оилавий тадбиркорлик учун субсидия ва кам миқдорли кредитлар ажратиш юзасидан амалий ишлар режаси ишлаб чиқилди.

Шуманай тумани ҳокими семинар тадбирлари доирасида Дадажон Айнақуловични "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида яратилаётган "Ёшлар боғи"га таклиф этди.

Тадбирда туман ёшлари билан бирга мевали дарахтлар экилди.

✨ Сўнг кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик даражасида фаолият юритилаётган иссиқхоналар иш самарадорлиги ўрганилди.

Тадбиркорликни ўрта ва кичик бизнес даражасига олиб чиққан айрим тадбиркорлар тавсияси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқаришда кенг қўлланилишига келишиб олинди.

Етакчи тадбиркорлар тажрибаси амалиётга кенг татбиқ этилиши белгиланди.

Д.А.Исақулов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, онкологик касалликка дучор бўлган бир нечта оилаларга кириб, фуқароларга ижтимоий ёрдам бериш, уларни камбағалликдан чиқариш, касб-ҳунар ўргатиш, ўз лаёқати ва қизиқишларини инобатга олиб ишга жойлаш каби ишларни муҳокама этди, мазкур иш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

⇒ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ф—18-сонли Фармойишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.

FacebookИнстаграм  ♦ YouTube 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati