Янгиликлар
«Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалида семинар, 500 кВли «Қоракўл» подстанциясида намунавий машғулотлар ўтказилди
  • 23.12.2020
  • 1173

   Маълумки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 78 та юқори кучланишли подстанциялар ичида 7 та 500 кВт кучланишли подстанциялар фаолият олиб боради. Мазкур муҳим объектларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим-малакасини ошириш, ҳарбий тайёргарлик даражасини юксалтириш юзасидан тегишли ўқув семинарлари ҳамда машғулотлар ўтказиш белгиланган. Тоифаланган объектлардаги тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибиятининг тегишли топшириқларига мувофиқ ишлаб чиқилган чора-тадбирлари режасида ҳам акс этган.

 

   Шу муносабат билан, 2020 йил 23 декабрь куни «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиали биносида кўргазмали семинар ҳамда 500 кВли «Қоракўл» подстанциясида ҳарбий тайёргарлик машғулотлари тадбири ўтказилди. Намунавий машғулотлар тадбирида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси ходимлари, муҳим объектларга эга 7 та вилоят магистрал электр тармоқлари филиалларидан мутахассислар, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимияти ҳамда ҳарбий ташкилот ва тузилмалардан вакиллар иштирок этишди.

 

   Семинарни «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиали директори С.Арслонов очиб берди. «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғи С.Хайдаров семинарга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган мутахассис ҳамда таклиф этилган меҳмонларни семинар иштирокчиларига таништириб,  ўтказилаётган тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Сўнг семинарнинг дастлабки маърузаси Бухоро вилояти ўта муҳим ва тоифаланган объектларни мувофиқлаштириш гуруҳи раҳбари Б.К.Норбоевга берилди.

 

   Маърузачи тоифаланган объектлар барқарор фаолиятини таъминлаш нақадар муҳим вазифа эканлиги ҳақида тушунчалар бериб, ушбу йўналишда замонавий ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш устида бир қатор ишлар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди. Бухоро вилояти Миллий Гвардия бошқармаси вакиллари тоифаланган объектларида олиб борилаётган хизмат вазифалари давомида кучайтирилган ва жанговор тайёргарлик жараёни янги технологиялар билан бойитилаётгани, шунингдек тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш тизими яратилгани боис меҳнат самарадорлиги оширилаётгани ҳақида ахборот берди.

 

   Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Негматов муҳим объектларда хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги, бундан ташқари, фавқулодда вазиятларда махсус тайёргарликка эга ходимлар ўз вазифаларини бажаришлари бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар берди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаган бир нечта энергетика соҳаси корхоналари, хусусан электр таъминоти ташкилотларининг маълум қисмлари фаолияти тўхтатиб қўйилгани ва масъул шахслар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортилгани, кўрсатилган камчиликлар бартараф этилаётгани ҳақида статистик маълумотларни баён қилди.

 

   Семинар якунида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси бошлиғи С.Хайдаров Жамиятда Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмасининг фаолиятида амалга оширилган ишлар, махсус тайёргарликка эга ходимларнинг меҳнат шароитлари яхшиланаётгани, улар замонавий техника ва технологиялар билан таъминланаёгани ҳақида ахборот берди. Семинар интерактив шаклдаги савол-жавоблар, ўзаро тажриба алмашиш муҳокамалари билан якунланди.

 

   Кун тартибига кўра семинар иштирокчилари 500 кВли «Қоракўл» подстанциясига ташриф буюришди. Иштирокчилар аввал тиббий кўрик, сўнгра махсус текширувдан ўтказилиб, юқори кучланишли подстанция ҳудудида амал қилишлари лозим бўлган тартиб-қоидалар билан таништирилди. Инструктаждан сўнг семинарнинг амалий машғулотлари, яъни тоифаланган объектларда қайднома ҳужжатларини юритиш, ёнғин ва ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, махсус анжом ва ускуналардан тўғри фойдаланиш, шу билан бирга фавқулодда вазиятларда биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ижроси юзасидан намунавий машғулотлар ўтказилди. Амалий машғулотлар давомида «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг бошқа муҳим объектларидан ташриф буюрган мутахассисларнинг саволларига жавоб қайтарилиб, уларнинг иш тажрибалари билан боғлиқ амалиётлар тингланди.

 

   Семинар машғулотлари тугагандан сўнг иштирокчилар 500 кВли «Қоракўл» подстанцияси ўз хизмат вазифаларини ўтаётган ҳарбий ходимларнинг жанговор постни топшириш-қабул қилиш жараёнини томоша қилишди. Семинарда иштирок этаётган махсус бўлинма вакиллари ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматига ўз тавсияларини беришди. Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берилиб, ўтказилган семинар юқори кучланишли подстанцияларда хизмат қилаётган қўриқлаш тизими учун намунавий тавсиялар ҳамда тажриба алмашиш учун яхши имконият бўлгани алоҳида эътироф этилди.

 

   Тадбир ташкилотчилари ўқув семинари ва намунавий машғулотларни ўтказишдан яқиндан ёрдам берган 500 кВли «Қоракўл» подстанцияси ва «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиали жамоасига, хусусан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбариятига ўз миннатдорлигини изҳор этади.

 

    «БУХОРО МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: 220 КВЛИ «БУХОРО» ПОДСТАНЦИЯСИНИНГ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ ЎТКАЗИШ ҚУВВАТИ 150 МВАГА ОШИРИЛДИ http://uzbekistonmet.uz/uz/

   «БУХОРО МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: СУРАТЛАР ВА РАҚАМЛАРДА http://uzbekistonmet.uz/uz/

   «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалида жорий ва мавсумий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда http://uzbekistonmet.uz/uz/

   ТЕЗКОР МАЪЛУМОТ: «ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АЖ ТОМОНИДАН БУХОРО ВИЛОЯТИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА ҲИСОБОТ  http://uzbekistonmet.uz/uz/

   ТЕЗКОР МАЪЛУМОТ: ТАБИИЙ ОФАТ ТУФАЙЛИ НОСОЗ ҲОЛГА КЕЛГАН ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА http://uzbekistonmet.uz/uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati 

>