Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда табиий офатдан энг кўп талафот кўрган ҳудуд — Бухоро вилоятида «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг бир нечта бригадалардан иборат ишчи-ходимлари зарар етган таянч устунларини таъмирлаш ҳамда янгилаш ишлари билан машғул бўлишмоқда.
Мисол учун, бугун, «Ҳамза-2» ҳаво линиясининг бир нечта юқори кучланишли таянч устунлари таъмирланиб, яроқсиз ҳолга келганлари янгиланди. Бунинг натижасида катта ҳудудда яшовчи истеъмолчиларга электр таъминотини етказиб берадиган 3 та юқори кучланишли: «Давлатобод», «Ҳамза-1» ва «Ҳамза-2» подстанцияларига соат 10:40 да кучланиш берилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятидаги юқори кучланишли «Қоракўл» подстанциясининг Т-1 трансформаторини созлаш ишлари тўлиқ тугалланди. Т-2 трансформаторларини таъмирлаш ишлари эса якунланмоқда.
Маълум бўлишича, 27 апрель куни соат 00:58 да «Ўзбекистон МЭТ» тасарруфидаги «Қорақалпоқ магистрал электр тармоқлари» филиалига қарашли 220 кВли «Беруний» номли юқори кучланишли ҳаво линияси авариявий ҳолатда ўчган.
Ҳолатни воқеа жойига бориб ўрганишдан сўнг аниқ бўлдики, кучли шамол оқибатида таянч устуни носоз ҳолатга келган, аниқроғи к-26 русумидаги 224-рақамли темир-бетон таянчи бир неча бўлакларга бўлиниб синган. Бундан ташқари, 225-рақамли таянч устуни оғиб қолган.
Воқеа куни соат 7:00 да қорақалоқ энергетикларининг таъмирлаш-тиклаш бригадаси таянч устунини алмаштириш ишларини бошлаб юборди ва бир соат ичида 225-рақамли таянч устунининг оғиши тик ҳолатга келтирилди, 224-рақамли темир-бетон таянчи янгисига алмаштирилди. Сўнг соат 20:44 да фаолияти тикланган линияга кучланиш берилди. Айни пайтда 220 кВли «Беруний» ҳаво линияси фавқулодда узилишларсиз ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Бухоро вилоятида электр тармоқларини тиклашга бир нечта бригадалар сафарбар этилган бўлиб, тезкор штабда тузилган иш режасига мувофиқ истеъмолчиларни тармоққа улаш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati