
Ассалому алайкум.
Бугунги брифингда жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича эришилган натижалар, истеъмол, экспорт ва импорт кўрсаткичлари, шунингдек, йил якунига қадар белгиланган режалар ҳақида маълумот берамиз.
Дастлаб, электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичларига тўхталамиз.
Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонда жами 69,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 млрд кВт⋅соат ёки 8,4 фоизга кўпдир.
Жумладан, иссиқлик электр станцияларида 49,1 млрд кВт⋅соат, йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларида эса 10,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари 2025 йилда жами 10,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарган эди. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойидаёқ ушбу кўрсаткичга эришилди.
Гидроэлектр станцияларида эса 6,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Таққослаш учун, 2025 йилда юртимиз гидроэлектр станцияларида жами 6,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди. Демак, бу ерда ҳам жорий йилнинг 9 ойидаёқ ўтган йиллик натижадан юқори кўрсаткич қайд этилди.
Шунингдек, кичик қувватли қуёш станциялари орқали жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 2,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Қиёслаш учун, 2025 йилда бу кўрсаткич 2 млрд кВт⋅соатни ташкил этган эди. Демак, жорий йилнинг тўққиз ойидаёқ ўтган йилги натижадан 500 млн кВт⋅соат кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Блок-станциялар ҳиссасига эса 867,1 млн кВт⋅соат электр энергияси тўғри келди.
Ушбу натижалар юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётгани, айниқса, қуёш ва шамол энергетикасининг умумий ишлаб чиқаришдаги аҳамияти тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Энди электр энергияси истеъмоли ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш кўрсаткичларига тўхталамиз.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида республика бўйича электр энергияси истеъмоли 68,1 млрд кВт⋅соатни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 млрд кВт⋅соат ёки 6,3 фоизга кўп.
Истеъмолнинг ўсиши иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини электр энергияси билан таъминлаш муҳимлигини янада оширади. Шу боис электр энергиясини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, уни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳисобот даврида истеъмолчиларга жами 53 млрд кВт⋅соат электр энергияси етказиб берилди. Шундан 39 млрд кВт⋅соати улгуржи истеъмолчилар, 14 млрд кВт⋅соати эса аҳоли ҳиссасига тўғри келди.
Улгуржи истеъмолчилар кесимида қаралганда, саноат корхоналари 20,6 миллиард киловатт⋅соат, қишлоқ хўжалиги 5,6 млрд кВт⋅соат ва бошқа истеъмолчилар эса 12,8 млрд кВт⋅соат электр энергиясидан фойдаланди.
Электр энергияси экспорти ва импортига келсак, жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида 3,4 млрд кВт⋅соат электр энергияси экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 591,6 млн кВт⋅соат ёки 21,4 фоизга кўп.
Шу билан бирга, электр энергияси импорти 1,9 млрд кВт⋅соатни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 720,4 млн кВт⋅соат ёки 27,2 фоизга кам.
Экспорт ҳажмининг ортиши ва импортнинг қисқариши юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади. Бу эса ички эҳтиёжни маҳаллий манбалар ҳисобидан таъминлаш имкониятларини ошириш билан бирга, Ўзбекистоннинг электр энергияси экспорти салоҳияти ҳам мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Энди йил якунига қадар белгиланган режалар ҳақида маълумот берамиз.
Жорий йил якунига қадар юртимизда жами 94,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 7,7 млрд кВт⋅соат ёки 8,8 фоиз кўпдир.
Шунингдек, йил якунига қадар республика истеъмоли 92,2 млрд кВт⋅соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги натижага нисбатан 5,7 млрд кВт⋅соат ёки 6,6 фоизга кўпдир.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш кўрсаткичларида ўсиш қайд этилди. Айниқса, йирик қуёш ва шамол электр станциялари, гидроэлектр станциялари, шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг тўлиқ йиллик натижаларига етди ёки улардан ошди.
Йил якунига қадар асосий вазифа — белгиланган ишлаб чиқариш ва етказиб бериш режаларини бажариш, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишдан иборат.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Манба: https://gov.uz/
Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати