
Ҳурматли нефть ва газ саноати ходимлари!
Сизларни, аввало, халқимиз ҳаёти ва юртимиз иқтисодиёти учун ниҳоятда муҳим бўлган соҳада меҳнат қилаётган барча фидойи инсонларни касб байрамингиз — Нефть ва газ саноати ходимлари куни билан самимий муборакбод этамиз!
Нефть ва газ соҳаси ортида миллионлаб хонадонларнинг кундалик ҳаёти, юртимиз корхоналарининг барқарор фаолияти, иқтисодиётимизнинг узлуксиз ҳаракати ва халқимиз фаровонлиги мужассам.
Бугун соҳамиз катта ўзгаришлар ва янги вазифалар даврини бошдан кечирмоқда. Албатта, йиллар давомида тўпланиб қолган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Уларни бартараф этиш, тизимни замонавий талаблар асосида янгилаш, ишончли таъминотни таъминлаш осон эмас. Лекин ана шундай мураккаб шароитларда ҳам ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, кечаю кундуз меҳнат қилаётган минглаб соҳа ходимларининг фидойилиги алоҳида эътирофга лойиқ.
Бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида нефть ва газ саноатини модернизация қилиш, тармоққа замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги қувватларни яратиш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, соҳада фидокорона меҳнат қилаётган инсонларнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб келаётгани барчамизга катта куч ва масъулият бағишлайди. Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ нефть ва газ саноати ходимларининг давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳам соҳамиз меҳнаткашларига юксак эътибор ва ҳурматнинг яна бир амалий ифодасидир. Бу эътироф, шубҳасиз, бутун тизим жамоаси учун катта шараф ва янги марралар сари янада ғайрат билан интилишга рағбат бўлиб хизмат қилади.
Энг муҳими, соҳамиз олдига янги мақсадлар қўйилмоқда. Энди биз нафақат мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, балки энергия ресурсларини тежаш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, қайта ишлаш қувватларини ошириш ва энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш ҳақида янада кўпроқ ўйлашимиз керак.
Ишонамизки, сизларнинг бой тажрибангиз, касбингизга садоқатингиз ва янгиликка интилишингиз билан нефть ва газ саноати олдида турган долзарб вазифаларни изчил ҳал этиб борамиз.
Сизларнинг ҳар бирингиз — қудуқда, конда, заводда, газ тармоқларида, лабораторияда, диспетчерлик хизматида ва тизимнинг бошқа бўғинларида меҳнат қилаётган фидойи инсонлар — соҳамизнинг таянчидирсиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Барчангизга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва фаровонлик тилаймиз. Касбингизда улкан муваффақиятлар, эзгу ишларингизда куч-ғайрат ва янги зафарлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!
Касб байрамингиз муборак бўлсин, азиз нефть ва газ саноати ходимлари!
Ҳурмат билан,
Шерзод Ходжаев,
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазири
Манба: https://t.me/minenergy_uz/20990
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати