2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Келиб тушган мурожаатлар
РАСМИЙ ИЗОҲ: Навбатчи электр монтёрларининг иш ҳақи амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тўланмоқда
  • 13.08.2026
  • 25

Ижтимоий тармоқларда «ЭЛЕКТРОМОНТЁРЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ ҚАЕРГА ҒОЙИБ БЎЛМОҚДА?» сарлавҳали мақолада «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали электр монтёрлари 24 соат навбатчилик қилса-да, иш ҳақи фақат 18 соат учун ҳисобланаётгани ҳақида маълумот тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан маълум қиламизки, «Қашқадарё МЭТ» филиалининг 35/6 кВ ҳамда 35/10 кВ кучланишли подстанцияларида навбатчи электр монтёрлари смена асосида хизмат олиб боради. Навбатчилик даври «Актив» ва «Пассив» ҳолатлардан иборат бўлиб, «Актив» ҳолатда электр ускуналарини ўчириш-қўшиш ва бошқа тезкор ишлар амалга оширилади. «Пассив» ҳолатда эса ўчириш-қўшиш ишлари амалга оширилмаган вақтда навбатчи электр монтёрга дам олиш имконияти берилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 24 соатлик навбатчиликда бўлишни 24 соат узлуксиз ишлаган вақт сифатида баҳолаш мумкин эмас. Ходимларнинг иш вақти Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талабларига мувофиқ белгиланади ва ҳисобга олинади. Хусусан, Меҳнат кодексининг 182-моддасига мувофиқ, иш вақтининг нормал давомийлиги ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 188-моддасига мувофиқ, соат 22:00 дан 06:00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади ҳамда қонунда белгиланган ҳолларда тунги вақтдаги иш сменаси давомийлиги бир соатга қисқартирилади. Тунги вақтдаги меҳнат учун эса қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Шунга кўра, навбатчи электр монтёрларининг навбатчилик давридаги иш ва дам олиш вақтлари алоҳида ҳисобга олиниб, кундузги ва тунги вақтда бажарилган меҳнат учун тегишли тартибда ҳақ тўланади. Филиалда иш вақти ва меҳнатга ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан мақолада келтирилган «24 соат навбатчилик қилиб, фақат 18 соат учун иш ҳақи олинмоқда» мазмунидаги даъволар иш вақти тушунчаси ва уни ҳисобга олиш тартибини нотўғри талқин қилиш оқибатида пайдо бўлган.

«Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали маъмурияти