2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Жазирама иссиқда электр тармоқларининг қизишига бир вақтнинг ўзида тўртта асосий омил таъсир қилади
  • 20.07.2026
  • 14

Ҳароратнинг юқори бўлиши
 

Трансформаторлар, подстанциялар ва электр узатиш тармоқлари ташқи ҳаво орқали совийди. Қишда ҳаво ҳарорати +10…+20 °С бўлса, ускуналардан ажралаётган иссиқлик осон тарқалади.

Аммо ҳаво ҳарорати 40–45 °С га етганда совитиш самарадорлиги кескин пасаяди. Бунинг натижасида ускуналарнинг ички ҳарорати ҳам тезроқ кўтарилади.



Электр истеъмолининг ошиши
 

Ёзда электр тармоқларига тушадиган юклама кескин ортади. Бунга кондиционерлар, музлатгич ва совитиш ускуналари, саноат ҳамда хизмат кўрсатиш объектларининг юқори қувватда ишлаши асосий сабаб бўлади.

Электр тармоқларида юклама ортиши билан симлар ва трансформаторларда иссиқлик ажралиши кескин кўпаяди. Масалан, электр юкламаси икки баравар ошса, ажраладиган иссиқлик қарийб тўрт баравар ортади.



Қуёш нурларининг тўғридан тўғри таъсири
 

Очиқ майдонда жойлашган трансформатор пунктлари, подстанциялар, металл шкафлар ва юқори кучланишли ускуналар кун бўйи қуёш нурлари таъсирида қизийди.

Металл юзалар қуёш таъсирида ҳаво ҳароратидан анча юқори даражагача қизиши мумкин. Масалан, ҳаво +40 °С бўлганда металл корпуслар 55–70 °С гача қизиши мумкин. Қора рангли металларда бу кўрсаткич янада юқори бўлади.



Ускунанинг ўзидан чиқадиган иссиқлик
 

Бу энг асосий омил ҳисобланади. Трансформатор ичида мис ёки алюминий чулғамлар, магнит ўзак ва электр йўқотишлари доимий равишда иссиқлик ҳосил қилади. Юклама ортиши билан бу йўқотишлар ҳам ошиб боради.

Шунинг учун ташқарида ҳаво +42 °С бўлса ҳам, трансформаторнинг ичи анча юқори ҳароратда ишлайди. Таъкидлаш жоизки, ташқи корпуси 70 °С бўлган трансформаторнинг ичидаги чулғам ҳарорати 100 °С дан юқори бўлиши мумкин.

Шу сабабли иссиқ кунларда айрим трансформатор пунктлари ёки электр узатиш тармоқларида носозликлар юзага келиши эҳтимоли ортади.
Ҳаво ҳарорати 40–45 °С бўлган кунларда электр тармоқлари бир вақтнинг ўзида ташқи муҳит, тўғридан тўғри қуёш нурлари ва юқори электр юкламаси таъсирида ишлайди. Натижада трансформатор корпуслари 55–80 °С, электр симлари 60–90 °С, трансформатор чулғамлари эса 80–110 °С атрофидаги ҳароратгача қизиши мумкин.



Бундай шароитда электр таъминоти тизимидаги ҳар қандай қўшимча юклама ёки техник нуқсон авария эҳтимолини оширади. Шу боис энергетиклар ёзнинг энг иссиқ кунларида тармоқларни доимий назорат қилади, юкламани қайта тақсимлайди ва юзага келган носозликларни тезкор бартараф этиш чораларини кўради.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/20541 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati