2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
БРИФИНГ: Рақамли бошқарув тизимлари — ijro.gov.uz, km.ijro.uz ва edo.ijro.uz электрон платформалари орқали барча топшириқлар ижроси доимий мониторинг қилиб борилмоқда
  • 03.07.2026
  • 62

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш ҳолати тўғрисида ҳисобот (2026 йилнинг биринчи яримйиллиги).

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Акциядорлик жамиятида ижро интизомини ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон Фармони, 2025 йил 25 июлдаги ПФ–117-сон Фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги ПҚ–5132-сон қарори талаблари асосида йўлга қўйилган.

Бугунги кунда ижро интизоми рақамли бошқарув тизимлари орқали самарали ташкил этилган. Хусусан, ijro.gov.uz, km.ijro.uz ва edo.ijro.uz электрон платформалари орқали барча топшириқлар ижроси доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Акциядорлик жамиятида ҳар бир топшириқнинг бажарилиш ҳолати кунлик, ҳафталик ва ойлик кесимларда таҳлил қилинади. Бу жараён Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан шахсан назорат қилинади.

Таҳлилларга кўра, 2021–2026 йиллар давомида Акциядорлик жамиятида ижро учун жами 176 та қонунчилик ва ташкилий ҳужжат келиб тушган бўлиб, улар асосида 682 та топшириқ белгиланган.

 

Жумладан:

· 1 та Қонун;

· 119 та Президент фармони;

· 11 та Фармойиш;

· 419 та Қарор;

· 132 та йиғилиш баёнларида белгиланган вазифалар.

 

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра мазкур топшириқларнинг 440 таси тўлиқ бажарилган, қолган 242 та топшириқ эса белгиланган муддатлар доирасида ижро этилмоқда. Ҳар бир вазифа бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва ижроси доимий назоратда сақланмоқда.

 

Жорий йилнинг январь–июнь ойлари давомида ижро интизоми назорати бўлими томонидан ҳар ой учун алоҳида "йўл хариталари", шунингдек кунбай календарь-графиклар ишлаб чиқилди. Уларнинг ижроси орқали Президент, Президент Администрацияси ҳамда Ҳукумат топшириқларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши таъминланди.

 

Шунингдек, Акциядорлик жамиятида ijro.gov.uz тизими орқали назоратга олинган топшириқлар ижросини муҳокама қилиш бўйича мунтазам йиғилишлар ўтказиш амалиёти жорий қилинган. Ҳар ҳафта душанба куни Бошқарув раиси, жума кунлари эса Бошқарув раиси ўринбосарлари раҳбарлигида масъул ижрочиларнинг ҳисоботлари эшитилиб, ҳар бир топшириқнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилинади.

 

Масъул ижрочилар томонидан бажарилган ишлар бўйича барча маълумотлар тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга ijro.gov.uz тизимига ўз вақтида киритилиши қатъий назоратга олинган.

 

Шу билан бирга, Бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент, бошқарма ва бўлим раҳбарлари ҳамда Акциядорлик жамияти таркибидаги барча тизим ташкилотлари раҳбарларига Президент, Президент Администрацияси ва Ҳукумат ҳужжатлари ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли таъминлаш, шунингдек ижро ҳолати ҳақидаги маълумотларни электрон тизимга ўз вақтида ва ишончли киритиш бўйича шахсий жавобгарлик юкланган.

Ижро интизомини бузиш, топшириқларни ўз вақтида бажармаслик ёки сифатсиз ижро этиш ҳолатларига нисбатан масъул раҳбар ва ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий интизомий чоралар, зарур ҳолларда эса лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар қўлланилиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда Президентимиз ва Ҳукумат томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда рақамли назорат механизмларини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Дилфуза Саидова, Ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати