2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Ўзбекистонда ҳар саккизинчи киловатт электр энергияси энергия сақлаш тизимларидан олинмоқда
  • 02.06.2026
  • 26

#яшил_энергия

► Ўзбекистонда ҳар саккизинчи киловатт электр энергияси энергия сақлаш тизимларидан олинмоқда

Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш билан бир қаторда, энергия сақлаш тизимларини (BESS) жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва электр таъминоти барқарорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

♦ Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 3930 МВт бўлган 15 та қуёш ҳамда 1652 МВт бўлган 5 та шамол электр станцияси ишга туширилган. Биргина жорий йил бошидан буён ушбу станциялар томонидан 4 миллиард кВт·соатдан ортиқ «яшил» электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг ортиб бориши энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришни ҳам тақозо этмоқда. Чунки қуёш электр станциялари кундузги вақтда, шамол электр станциялари эса табиий шароитга боғлиқ равишда электр энергияси ишлаб чиқаради. Энергия сақлаш тизимлари эса ортиқча энергияни жамғариб, истеъмол энг юқори бўладиган соатларда тармоққа узатиш имконини беради.

2024 йилда мамлакатимизда илк бор Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳар бирининг қуввати 150 МВтдан бўлган 2 та энергия сақлаш тизими ишга туширилиб, уларнинг умумий қуввати 300 МВтни, энергия сиғими эса 600 МВт·соатни ташкил этди.

2025 йилда эса яна 1245 МВт қувват ва 1600 МВт·соат энергия сиғимига эга янги энергия сақлаш тизимлари фойдаланишга топширилди.

Натижада бугунги кунга келиб республика энергетика тизимида умумий қуввати 1545 МВт, энергия сиғими эса 2600 МВт·соат бўлган энергия сақлаш тизимлари фаолият юритмоқда.

Таққослаш учун, энергия сақлаш тизимларининг ўрнатилган қуввати бугунги кунда мамлакат энергетика тизимининг кечки максимал юкламасининг 13,5 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, кечки энг юқори истеъмол соатларида фойдаланиладиган ҳар саккизинчи киловатт электр энергияси аввалдан жамғарилган энергия ҳисобидан қопланиши мумкин.

Бу кўрсаткич Ўзбекистонни энергия сақлаш технологияларини жорий этиш бўйича дунёнинг жадал ривожланаётган энергетика тизимлари қаторига олиб чиқмоқда.

Яратилган энергия сақлаш қувватлари қуёш ва шамол электр станцияларини ягона энергетика тизимига янада самарали интеграция қилиш, табиий газ сарфини камайтириш, иссиқлик электр станцияларининг ишга туширилиш сонини қисқартириш ҳамда электр таъминоти ишончлилигини ошириш имконини бермоқда.

Йил якунига қадар мамлакатимизда энергия сақлаш тизимлари қувватини 2000 МВтга, энергия сиғимини эса 3600 МВт·соатга етказиш режалаштирилган.

→ 2030 йилга бориб эса энергия сақлаш тизимларининг умумий қувватини 4,5 ГВтга етказиш кўзда тутилган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг «яшил» энергетика соҳасидаги мақсадларига эришиш ва энергетика хавфсизлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmat