2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари Энергетика ва сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги чораклик ишчи йиғилиши бўлиб ўтди
  • 25.04.2026
  • 8

#ҳамкорлик

Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари Энергетика ва сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги чораклик ишчи йиғилиши бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов, Қирғизистон Республикаси Энергетика вазири Т. Ибраев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Й. Аккенженов ва Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири Н. Нуржигитов иштирок этди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув хўжалиги вазири Д. Жума видеоконференсалоқа шаклида иштирок этишди.

Музокаралар чоғида сўнгги йилларда дўст ва қардош давлатлар Президентлари ташаббуси билан йўлга қўйилган кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда, хусусан, ёқилғи-энергетика соҳасида ҳам изчил ва самарали ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. 

Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад — 2026-2027 йиллар вегетация даврида минтақадаги сув-энергетика тизимларининг барқарор ва келишилган иш режимини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Бу борада томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратидилар. Бунда энергетика тизимларининг чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаб, ўзаро ишонч асосида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар

Шунингдек, куз-қиш даврининг муваффақиятли якунлари сарҳисоб қилиниб, энергетика юкламаларини мувозанатлаш ва энергетика тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди. 

Учрашув якунида томонлар келишилган режимларни амалга оширишни давом эттириш, тармоқлараро мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш ва минтақавий энергетика ҳамкорлигини чуқурлаштиришга келишиб олдилар. 

Кейинги учрашувлар 2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида ва 2026 йил июнь ойида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланди.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/19702

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati