2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
2025 йил САРҲИСОБИ: «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиалида режалаштирилган ишлар тўлиқ бажарилди (15-сонли)
  • 11.02.2026
  • 48

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот маълумотномаси.

«Хоразм МЭТ» филиали тасарруфида жами 71 та подстанция ва умумий узунлиги 2001,78 км бўлган электр узатиш тармоқлари мавжуд. Жумладан, 2 та 220 кВ кучланишли, 45 та 110 кВ кучланишли ва 24 та 35 кВ кучланишли подстанциялар ҳамда 220–6 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари филиал томонидан ишончли эксплуатация қилинмоқда.

2025 йил мобайнида 35–220 кВ кучланишли объектларда қуйидаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди:

· 1 та 110 кВ кучланишли ва 3 та 35 кВ кучланишли куч трансформаторлари, 5 та 35 кВ кучланишли ўчиргичлар ҳамда 31,4 км электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди;

· 35–220 кВ кучланишли 115 та куч трансформаторлари, 145 та ўчиргичлар ва 2001,7 км электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди;

· 110/10 кВ кучланишли «Гурлан» подстанциясида 16 МВАлик куч трансформатори 25 МВАлик трансформаторга алмаштирилди;

· 110/10 кВ кучланишли «Қарақаш» подстанциясида 10 МВАлик трансформатор 16 МВАлик трансформаторга алмаштирилди;

· 35 кВ кучланишли «Амирқум» ва «Ахунбобоев» подстанцияларида 4 МВАлик трансформаторлар 6,3 МВА қувватга эга трансформаторларга алмаштирилди;

· 110 кВ кучланишли «Нурчи» подстанциясида 6,3 МВАлик трансформатор 10 МВАлик трансформаторга алмаштирилди;

· 35 кВ кучланишли «Соҳибкор» подстанциясида 2,5 МВАлик трансформатор 4 МВАлик трансформаторга алмаштирилди.

· 35 кВ кучланишли «Охунбобоев» подстанциясида 4 МВАлик трансформатор 6,3 МВАлик трансформаторга алмаштирилди.

Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида авария захираси яратилди. Филиал омборларида 12 та куч трансформатори, 110 кВ кучланишли 7 та таянч устун, 10 тонна турли русумдаги симлар, 35–220 кВ кучланишли 69 та разрядник, 39 та кучланиш трансформатори, 164 та ток трансформатори, 869 та изолятор ва 15 тонна трансформатор мойи ҳамда бошқа зарур ускуналар захира қилинди. 60 нафар ходимдан иборат 12 та аварияни тиклаш бригадалари ташкил этилди.

Капитал қурилиш соҳасида қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, 220 кВ кучланишли «Тахиатош ИЭС – ПС «Хоразм» – Саримой» электр узатиш линияси қурилиши тўлиқ якунланиб, давлат қабул ҳайъати далолатномаси расмийлаштирилди.

Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган реконструкция ва модернизация лойиҳалари доирасида хорижий пудратчи компания билан шартнома имзоланиб, лойиҳалаштириш ишлари 100 фоизга бажарилди, ускуна ва жиҳозларни етказиб бериш ишлари давом этмоқда.

“Янги Ўзбекистон” массивларини электр энергияси билан таъминлаш бўйича Қўшкўпир, Ҳазорасп ва Урганч туманларида янги юқори кучланишли подстанциялар ва электр узатиш тармоқларини қуриш лойиҳалари бўйича ер ажратиш, экспертиза ва лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди.

Шунингдек, Шовот туманида 110/35/10 кВ кучланишли янги подстанция ва 47 км узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда устунларнинг 67 фоизи ўрнатилиб, сим тортиш ишлари бошланди.

2025 йил давомида филиал тармоқларига 3 млрд 554 млн 731 минг кВт·соат электр энергия қабул қилинди. Технологик сарф режадаги 4,62 фоиз ўрнига амалда 4,2 фоизни ташкил қилди. Подстанцияларнинг ўз эҳтиёжи учун ва хўжалик эҳтиёжлари бўйича электр энергия сарфи ҳам белгиланган режадан кам бўлиб, электр энергияни тежашга эришилди.

2026 йил учун филиалда қатор мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, жумладан янги трансформаторлар ва ўчиргичларни таъмирлаш ҳамда электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш режалаштирилган.

«Энергетиклар куни» касб байрами муносабати билан 2025 йил 22 декабрь куни филиалда йил сарҳисоби байрам тадбири ташкил этилди. Байрамда самарали меҳнат қилган ходимларга «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ва «Хоразм МЭТ» филиалининг «Энергетика фахрийси» унвонлари, фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари тантанали топширилди. Байрам тадбирида 150 ишчи-ходим қатнашди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида филиал тасарруфидаги подстанцияларида қуриган кўчатлар ўрнига 2025 йил давомида жами 80 дона дарахт кўчатлари экилди. Жумладан: 40 дона мевали ва 40 дона манзарали кўчатлар экилди. Вилоятимиз бўйлаб эса 1000 тубдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди.

«Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали томонидан вилоят истеъмолчиларини ишончли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган.

Руслан Раджапов, «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали директори

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati