
Ўзбекистонда 24/7 режимида ишлайдиган қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаси
Жорий йилнинг 11-15 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Abu Dhabi Sustainability Week 2026” халқаро форуми бўлиб ўтди. Ушбу ҳафталик барқарор ривожланиш, қайта тикланувчи энергия, иқлим молияси ва «яшил» иқтисодиёт масалаларига бағишланиб, унда дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларидан давлат органлари, йирик халқаро компаниялар ҳамда молия институтлари етакчилари иштирок этди.
Ушбу халқаро форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Masdar” ва “Emirates Utilities Development Company” (EUDC) компаниялари ўртасида Ўзбекистонда 24/7 режимида узлуксиз равишда 1 гигаваттгача бўлган базавий юклама қувватига эга лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, БАА Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий ҳамда “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий иштирок этди. Ҳужжатлар «Ўзэнергосотиш» АЖ, “Masdar” ва “Etihad Water & Electricity” (EUDC’ning bosh kompaniyasi) томонидан имзоланди.
Лойиҳа 24/7 режимида 1 гигаваттгача (ГВт) узлуксиз қувват етказиб беришни назарда тутади.
Ушбу сутка давомида узлуксиз ишлайдиган лойиҳалар қайта тикланувчи энергетика соҳасида туб бурилиш ясаб, энергия таъминотидаги узилишлар муаммосини бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, бу лойиҳа жаҳон бозорида рақобатбардош тарифлар асосида катта-масштабли базавий қувват ишлаб чиқариш имконини яратиб, ишончли ва «яшил» энергияга ўсиб бораётган талабни қондириш учун халқаро миқёсда кенг жорий этилиши мумкин бўлган намуна вазифасини бажаради.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/18834
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати