

Ҳурматли ёқилғи-энергетика соҳаси касаба уюшмалари ходимлари ва фаоллари!
Сизларни касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан самимий табриклаб, энг эзгу ниятларимни билдираман.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашувда “Касаба уюшмалари тизими — меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ва турмуш шароити, ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлашда муҳим ўрин тутади”, дея алоҳида таъкидлаган эдилар.
Охирги йилларда юртимизда ҳурматли президентимиз бошчиликларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, кафолатланган ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича мустаҳкам қонуний асослар яратилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг, Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши бу соҳада муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар сафидан жой олди. Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ҳужжатлар сони ҳозирги кунда 25 тага етди.
Касаба уюшмаларининг кўмаги билан жамоаларда меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш ва ишчи-ходимларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга эришилмоқда.
Ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналарида фаолият юритаётган касаба уюшмалари ташкилотлари соҳадаги барқарорликни таъминлаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг меҳнат фаолияти учун муносиб шарт-шароит яратишда алоҳида ўрин тутади.
Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ҳамда геология ходимлари касаба уюшмаси тизимида 320 дан ортиқ бошланғич ташкилот ўз сафида 200 минг нафардан зиёд аъзони бирлаштириб, уларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида иш берувчилар билан самарали ҳамкорлик олиб боряпти.
Сизларнинг фидойилигингиз, ишга масъулият билан ёндашишингиз, жамоаларда ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз юксак таҳсинга лойиқ.
Ишончим комилки, касаба уюшмалари фаоллари ва тармоқ ташкилотлари келгусида ҳам давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда, меҳнаткашларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ва уларнинг ҳаёт сифатини оширишда фаол иштирок этади.
Сизларга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик, меҳнат фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Жўрабек Мирзамаҳмудов,
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири
Манба: https://t.me/minenergy_uz/18167
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати