2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди
  • 20.03.2025
  • 66

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси республикадаги етакчи илмий-тадқиқот ташкилотлари ва таҳлил марказлари билан ўзаро ҳамкорлик муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказди.

Депутатлар, тегишли ташкилот ва идоралар мусаддилари иштирок этган тадбирда қонунчиликни такомиллаштиришда илмий-тадқиқот ва экспертлик ташкилотлари иштирокини кенгайтириш, қонун ижодкорлигида илмий ёндашувларни ривожлантириш, илмий-тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз 2024 йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталари мажлисларида сўзлаган нутқларида Қонунчилик палатаси қўмиталарининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик олиб бориш ташаббусини илгари сурган эди.

Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кучайтириш мақсадида қўмита ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Хусусан, Энергетика муаммолари институти, Тошкeнт давлат транспорт унивeрситeти, Тошкент архитектура – қурилиш университети, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтлари каби илмий-тадқиқот ташкилотлари ва таҳлил марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Депутатлар ушбу ҳамкорлик қонунларнинг илмийлигини ошириш, иқтисодиёт соҳаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш, энергетика, қурилиш, транспорт соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қонунлар яратилишига хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, мазкур амалиёт қонунларнинг илмий ва амалий жиҳатдан пухта бўлишини таъминлашга, илм-фан ютуқларининг қонун ижодкорлиги ва амалиётга жорий этилишига, илмий муассасалар билан парламент ҳамкорлиги мустаҳкамланишига имкон яратиши айтиб ўтилди.

Тадбирда илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари, таҳлил марказлари билан келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.

Манба: https://parliament.gov.uz/ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати