Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада Афғонистон Бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Абдул Ғани Бародар бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлганди.
Ўзаро учрашувларда икки томонлама манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Хусусан, энергетика йўналишида афғон томони сўровига асосан, 220—500 кВ кучланишли “Сурхон – Пули-Хумри” электр тармоғини қуриш лойиҳасини қўшимча нимстанциялар ва тармоқлар барпо этиш ҳисобига кенгайтиришга келишилди.
Лойиҳанинг оптималлаштирилгани ва қурилишда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушининг ортиши ҳисобига қурилиш харажатларини 252 миллион АҚШ долларидан 222 миллион долларга тушириш борасида дастлабки келишувга эришилди. Шартнома ҳозирги вақтда келишув жараёнида ва келишув якунланганидан кейин имзоланади.
Шу билан бирга, Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш билан боғлиқ тарифлар бўйича ҳеч қандай расмий ўзгариш қилинмаган.
Facebook ♦ Инстаграм ♦ YouTube
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати