Кексаларни эъзозлаш – инсоний фазилатдир!
Инсонга эътибор – элга эътибор
Исамов Шариатулла Бадирович — ўз касбининг фидоий ва жонкуяри, меҳнатсевар ва билим эгасидир. Унинг 33 йиллик самарали меҳнат фаолияти ҳамда мамлакатимиз энергетика тизимига қўшган улкан ҳиссаси барча тизим ходимлари учун ўрнак бўла олади.
Масъулиятли вазифасига сидқидилдан ёндашадиган, аввало касбий фаолиятига меҳр қўя олган ва ўз соҳасининг мукаммал эгаси ҳамиша корхонамиз ходимлари ардоғида бўлиб келган.
Шариатулла Бадирович 1991 йилда энергетика тизимига кириб келиб, кўпйиллик меҳнат фаолиятида ўткир зеҳни, жонкуярлиги ва энергетика соҳадаги билим-тажрибаси билан соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган. Қайси бир йўналишда бўлмасин, корхонамиз ходимларининг мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этиш йўлида жонбозлик кўрсатган.
Соҳа бўйлаб босиб ўтган йўлларига назар ташлайдиган бўлсак, 1991–2020 йилларда “Ўзэнергосозлаш” АЖда электр кучланиш цехида муҳандис, 2020 йилдан “Ўзбекистон МЭТ” АЖ “Тошкент шаҳар МЭТ” филиалининг Хавфсизлик техникаси ва ишончлилик гуруҳида етакчи муҳандис, 2021 йилдан Подстанция хизматида муҳандис аккумуляторчи лавозимларида фаолият олиб борган. Ҳозирги кунгача ўз ишининг мутахассиси сифатида самарали меҳнат фаолият юритди.
2025 йил 4 февраль куни Шариатулла Бадировичнинг меҳнат нафақасига чиқиши муносабати билан Филиал раҳбарияти ва ҳамкасблари томонидан хайрлашув тадбири бўлиб ўтди.
Шариатулло Бадирович каби малакали, етук ва ҳар томонлама мукаммал ходимларга ҳар биримизнинг ҳурматимиз чексиз!
Яна бир бор самимий табриклаган ҳолда Шариатулло Бадировичга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилангизга бахт-саодат, тинчлик ва хотиржамлик тилаб қоламиз!
Ҳурмат билан,
“Тошкент шаҳар МЭТ” филиали жамоаси