Олмаота шаҳрида 31 январь куни “Digital Almaty 2025” халқаро рақамли форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов, Озарбайжон Республикаси Бош вазири А.Асадов, Беларус Республикаси Бош вазири Р.Головченко, Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти М.Ареф, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси Раҳбари А.Касималиев, Россия Федерацияси ҳукумати раиси М.Мишустин, Арманистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.Григорян ва бошқалар иштирок этди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимизда рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий қилиш, юртимизни сунъий идрок технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегия тасдиқланиб, муайян мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилгани қайд этилди.
Хусусан, сунъий онгга асосланган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва рақамли хизматлар кўрсатиш ҳажмини 1,5 миллиард долларгача ошириш, бир қатор илмий лабораториялар яратиш, юқори самарали сервер инфратузилмасини шакллантириш сингари кўплаб устувор вазифалар мақсад қилиб олинган.
Ялпи мажлисда Стратегия доирасида йигирмадан ортиқ лойиҳа амалга оширилгани ҳамда иқтисодиётнинг асосий тармоқларига сунъий интеллект технологиялари жадал татбиқ этилаётгани натижасида қатор ютуқларга эришилгани маълум қилинди.
Жумладан, Тошкент метрополитенида “Palm Pay”, тўлов тизими жорий этилиб, тўловларни амалга оширишда йўловчиларга қулайлик яратилди, банклар ва йирик савдо мажмуаларида “My ID” ва “UzFace” тизими йўлга қўйилгани эса мижозларни идентификациялашни тезлаштириш ва рақамли фирибгарлик хавфини камайтириш имконини берди, солиқ тизими ва давлат хизматлари порталида аҳолига маслаҳатлар бериш ва электрон хизмат олишга ёрдам берувчи виртуал ёрдамчилар ишга туширилди.
Натижада, Ўзбекистон 2024 йилда “Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлиги рейтинги”да 17 поғонага кўтарилди.
Ялпи мажлисда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бунда, айниқса, биринчи навбатда, IT инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.
Шу мақсадда, Ўзбекистон сунъий идрокни тартибга солиш стандартларини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва зарур инфратузилмани яратиш бўйича етакчи ташкилотлар ва IT компаниялар билан халқаро ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда.
Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари, шу жумладан, мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
Манба: https://gov.uz/uz/news/view/34681
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати