2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Магистрал электр тармоқларини қуриш жараёни электр энергияси истеъмол ҳажмига мутаносиб равишда ошириб борилган ва режалаштирилган
  • 30.01.2025
  • 127

Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги электр узатиш ҳаво тармоқларининг умумий узунлиги 12 250 километр бўлиб, шундан 2713 километрини 500 кВли тармоқлар, 8401 километрини эса 220 кВли тармоқлар ташкил этади. Бундан ташқари, 110 кВ кучланишли тармоқларнинг узунлиги 1136 километр бўлиб, республикамизда электр тармоқ тизимини ҳосил қилувчи магистрал электр тармоқларига уланган подстанциялар сони 91 тани ташкил этади. Магистрал электр тармоқларини қуриш жараёни ҳар доим электр энергияси истеъмол ҳажмига мутаносиб равишда ошириб борилган ва истиқболдаги лойиҳалар режалаштирилган.

Масалан, 2016 йилда мамлакатимиз истеъмолчиларининг суткалик максимал ҳажми 160–170 млн кВт•соат (йиллик 61 млрд кВт•соат) бўлган бўлса, шу кеча-кундуздаги суткалик истеъмол ҳажми 260–270 млн кВт•соатни (йиллик 85 млрд кВт•соат) ташкил этмоқда. Яъни 8 йил давомида суткалик истеъмол ҳажми ўртача 100 млн кВт•соатга ошди. Республикамизда аҳоли сони ошиб, турмуш фаровонлиги юксалди, электр қувватида ишлайдиган ускуна ва жиҳозлар сони ҳамда улардан фойдаланиш кўлами каррасига ўсди. Шу билан бирга, янги саноат корхоналари, ўрта ва кичик бизнес вакиллари сони кўпайиб, электр энергияси истеъмол ҳажми сезиларли даражада ошиб борди.

Мисол учун, 2016 йилда мавжуд 9581 км магистрал тармоқлари орқали 160–170 млн кВт•соат суткалик электр энергияси ҳажми транспортировка қилинган бўлса, 2025 йилга келиб 260–270 млн кВт•соат суткалик истеъмол ҳажми 12250 км узунликка эга линиялар орқали узатилган. 2035 йил прогнозига кўра, суткалик максимал истеъмол 440–450 млн кВт•соатгача етса, яна 10 йил давомида 7000 км магистрал электр тармоқлари қуриш зарур бўлади.

Бугунги кунда учта хорижий консултант-компания мутахассисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилгача мамлакатимиздаги электр энергиясининг суткалик максимал истеъмоли 370–380 млн кВт•соатгача (йиллик 117 млрд кВт•соат) ошиши кутилмоқда. 2035 йилга қадар республика электр энергиясининг суткалик максимал истеъмоли 440–450 млн кВт•соатгача (йиллик 137 млрд кВт•соат) ошиши прогноз қилинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, республикамизда магистрал электр тармоқларини қуриш жараёни ҳар доим электр энергияси истеъмол ҳажмига мутаносиб равишда лойиҳалаштириб борилган ва истиқболдаги лойиҳалар доирасида 2035 йилгача яна 7000 километрли узунликка эга магистрал тармоқларни қуриш режалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида: 7000 километрли узунликка эга магистрал тармоқларни қуриш — ишлаб чиқариш қувватлари жойлашуви ва ҳудудларнинг истеъмол талабига қараб ўзгариши мумкин.

Юқорида келтирилган ривожлантириш лойиҳалари дастлабки ҳисоб-китобларга асосланган бўлиб, халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда барча харид тартиб-таомиллари халқаро молия институтлари талабларига мувофиқ халқаро тендерлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

FacebookInstagramYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati