Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖ масъул ходими Офтоб Холмурадова маълум қилди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги ПҚ-4249-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикасининг магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, электр энергиясини Республиканинг магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш, шу билан бирга, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг асосий фаолият турлари ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, генерация жараёнида ҳосил бўлган электр энергиясини магистрал тармоқлар орқали тақсимловчи тармоқларга узатиш, яъни етказиб бериш билан шуғулланади. Акциядорлик жамияти, шунингдек, магистрал электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари билан шуғулланади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 2024 йилда белгилаб олинган мақсадли кўрсатгичлар режаси тўлиқ бажарилди.
Шунингдек, истеъмолчилар электр таъминоти барқарорлигини ошириш мақсадида 2025 йил учун белгиланган чора-тадбирлар режага асосан амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2025 йил январь ойининг 24 кунида магистрал электр тармоқлари орқали тақсимловчи тармоқларга 5 млрд 100 млн киловатт•соат электр энергияси узатилган бўлиб, январь ойи режаси 75 фоизга бажарилди. Жорий ой режаси январь ойи якунига қадар тўлиқ бажарилади.
2025 йилда умумий қиймати 259,2 млн доллар бўлган 6 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида 485 километр узунликдаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилади.
Шунингдек, 2102 мегавольт қувватга эга 500 ва 220 киловольт кучланишли подстанциялар ишга туширилади.
2025 йилда 1350 мегаватт қувватли 4 та қуёш фотоэлектр станцияси электр энергетика умумтизимига уланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 100 мегаватт қувватли 1 та шамол электр станцияси ҳамда 263 мегаватт•соат энергия сақловчи аккумулятор батареяси тизимлари магистрал электр тармоқларига уланади.
Айни кунларда ушбу лойиҳаларни амалиётга татбиқ этилиши бошлаб юборилган ва режага мувофиқ ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар 316 та трансформатор, 1719 дона электр қурилма, 6029 километрдан зиёд узунликдаги 110–220–500 киловольт кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларини таъмирлаш бажарилади.
2025 йил январь ойи давомида 25 та трансформатор, 58 та электр қурилма, 248 километрдан зиёд узунликдаги ҳаво тармоқлари таъмирланди.
Шу билан бирга, электр узатиш тармоқларининг 3500 километр қисми муҳандис-техник ходимлар томонидан назорат кўригидан ўтказилди. Электр тармоқларининг 195 километрдан зиёд қисми дарахт шохларидан тозаланиб, 1100 километр қисми тепловизор кўригидан ўтказилди. Бундан ташқари, 175 та эски изоляторлар янгисига алмаштирилди.
Подстанция ва линиялар электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор кўригидан ўтказилиб, чақмоққайтаргич ҳамда контур ерлагичлар ҳолати текширилди.
Бундан ташқари, тоғли ва қир-адирли ҳудудларда жойлашган бориш қийин бўлган таянчларга бориш учун барпо этилган йўлакларни қордан тозалаш, дарё ўзанларида ва тоғ ёнбағирларида жойлашган таянчларни сел-тошқин таъсирига тушишини олдини олиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан, ўз ваколати доирасида, электр энергия таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда магистрал тармоқларда фавқулодда ҳолатлар содир бўлганида зудлик билан бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилади.
Ҳурматли истеъмолчилар, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан генерация жараёнида ҳосил бўлган электр энергиясини магистрал тармоқлар орқали тақсимловчи тармоқларга узатиш барқарор амалга оширилиши учун барча куч ва рерурслар сафарбар этилган.
Манба: https://telegra.ph/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати