Энергия аудитини ўтказиш тартиби ва унинг қандай аҳамиятга эга эканлигидан хабардормисиз?
Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг энергия аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.
Энергия аудити энергия аудити хизматларини кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномага асосан ўтказилади.
Энергия аудитининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
⏺ ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш салоҳиятини баҳолаш;
⏺ ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолининг прогрессив нормаларига ўтиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш;
⏺ энергияни тежашга доир чора-тадбирларни ва энергетика паспортини ишлаб чиқиш.
Энергия аудити натижалари бўйича ишлаб чиқилган энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар мақсадли, ҳудудий ва тармоқ дастурларига ҳамда аудит ўтказилаётган юридик шахсларнинг энергияни тежаш дастурларига киритилади.
Даврий энергия аудити «Ўзенергоинспекция» билан келишилган ҳолда, ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган жадвалларга асосан беш йилда камида бир марта ўтказилади.
Мажбурий энергия аудити юқори технологияли ишлаб чиқариш ускуналарини уч йилдан кам бўлган давр ичида ўрнатган ва асосий технологик ускуналарни шу давр ичида модернизация қилган ҳамда Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларда экспресс энергия аудит шаклида ўтказилади.
Мажбурий энергия аудитини ўтказиш «Ўзенергоинспекция»нинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган техник топшириққа асосан амалга оширилади.
Ихтиёрий энергия аудити энергия аудитини ўтказиш учун ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан ўтказилади.
Ички энергия аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ корхоналар ва ташкилотларнинг энергетика менежменти бўлимлари (гуруҳлари) томонидан ўтказилади.
Ички энергия аудитини ўтказувчи шахслар:
⏺ ички энергия аудитини ўтказиш ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун малакали мутахассисларни жалб этиш;
⏺ ички аудит ўтказишда юзага келган масалалар юзасидан энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш учун масъул бўлган шахслардан тушунтиришлар ва бошқа қўшимча ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Манба: https://t.me/Energoinspeksiya/6312
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати