АОКАда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси муҳандиси Маҳфуза Сувонова иштирокида ўтказилган брифингда аҳолини электр энергияси билан узлуксиз ва барқарор таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди:
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг 2024 йил 26 декабрдаги 373-сонли буйруғига асосан Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги магистрал электр тармоқлари филиаллари томонидан узунлиги 12 500 километр бўлган 110-220-500 киловольтли электр узатиш ҳаво тармоқлари ҳамда умумий қуввати 30 000 мегавольт-ампер бўлган 90 та юқори кучланишли подстанцияларда белгиланган график асосидаги навбатчилик соатлари муваффаққиятли амалга оширилди.
Дам олиш кунлари магистрал электр тармоқларида фавқулодда ҳолатлар ва авариявий ўчишлар содир бўлмади. Авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида тузилган, 629 нафар ходимдан иборат бўлган 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси томонидан юқори кучланишли подстанциялар ҳамда электр узатиш тармоқларида носозликлар кузатилмади.
Айни кунларда ҳам мамлакатимиз истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 24 соатлик иш режимидаги тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Навбатчи бригадалар ихтиёрида 139 та махсус автотранспорт воситаси, зарурий эҳтиёт қисмлар, шу билан бирга, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари мавжуд.
Жорий ҳафтада ҳам 110-220-500 киловольт кучланишли электр тармоқларини назорат кўригидан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда. Кўрик давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Жумладан, мутахассислар томонидан доимий равишда созлигини текширилиб, металл конструкцияли таянч устунларининг остини мустаҳкамлаш ишларини давом эттирилмоқда. Тармоқларнинг шикастланган элементлари алмаштирилмоқда.
Бундан ташқари, линияларнинг контакт бирикмалари тепловизор кўригидан ўтказилиб, чақмоққа қарши тросслар ҳамда контур ерлагичлар ҳолати текширилмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти генерация жараёнида ҳосил бўлган электр энергиясини магистрал линиялар орқали тақсимловчи тармоқларга узатиш, яъни етказиб бериш билан шуғулланади.
Манба: https://telegra.ph/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
https://t.me/uzmetaxborotxizmati