2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Ҳар лаҳзада ҳаракат, ҳар лаҳзада масъулият (+видео) — uza.uz
  • 26.11.2026
  • 4

Мамлакатимизда электр энергияси узлуксизлигини мустаҳкамлаш, магистрал электр тармоқлари ва юқори кучланишли подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш энергетика соҳасининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу вазифаларни бажариш мақсадида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларда техник хизмат кўрсатиш, назорат ҳамда профилактика ишлари мунтазам амалга оширилмоқда.

Мазкур жараёнлар узлуксиз ташкил этилган бўлиб, энергетика объектларида навбатчилик хизмати кеча-ю кундуз давом этади. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган носозлик ва авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш, истеъмолчилар электр таъминотини тиклаш учун зарур чораларни кўриш имконини беради.

Ушбу жараёнда тезкор таъмирлаш бригадалари фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Бригадаларнинг белгиланган объектларга ўз вақтида етиб бориши, мутахассислар ва зарур техник воситаларни манзилга етказишда хизмат автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳам масъулияти катта.

Тезкор бригадалар фаолиятини транспорт билан таъминлаш, зарур эҳтиёт қисмлар ва техник жиҳозларни белгиланган манзилга етказиш ишлари электр таъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Бунда ҳайдовчиларнинг ҳаракат хавфсизлиги талабларига риоя қилиши, топшириқларни ўз вақтида бажариши ва тезкор хизмат билан ҳамжиҳатликда ишлаши муҳим аҳамиятга эга.

Тезкор таъмирлаш бригадасининг ҳайдовчиси Гулбой Эшмуродов “Дамас” русумли автомобилда мутахассисларни авариявий таъмирлаш нуқталарига олиб боради. Унинг уловида доим эҳтиёт қисмлар ва ҳимоя воситалари бор. Тизим корхоналари фаолиятида ҳайдовчилар, махсус техникани бошқарувчи мутахассисларнинг хизмати ҳам беқиёс.

Шунингдек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тизимидаги 220 киловольт кучланишли “Аму” подстанциясида электр ускуналарининг техник ҳолатини назорат қилиш, белгиланган эксплуатация талабларига риоя этиш ҳамда подстанция жиҳозларининг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бу ерда ҳар бир ускуна, ҳар бир техник кўрсаткич ва ҳар бир амал муҳим аҳамиятга эга. Чунки юқори кучланишли электр қурилмалари билан ишлаш мутахассислардан касбий малака, диққат-эътибор ва масъулият талаб этади.

“Аму” подстанциясида электр чилангари Фахриддин Суюндиқовнинг таъкидлашича, унинг асосий хизмат вазифаси подстанциядаги электр ускуналарининг техник ҳолатини мунтазам назорат қилиш, уларнинг ишончли ва барқарор ишлашини таъминлашдан иборат.

– Иш жараёнида ҳар бир ускуна, ҳар бир кўрсаткич ва техник ҳаракатга алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки юқори кучланишли электр қурилмалари билан ишлаш катта масъулият, билим ва эҳтиёткорликни талаб этади.

Навбатчилик давомида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарамиз, ускуналарнинг техник ҳолатини мунтазам кузатиб борамиз. Зарур ҳолларда тезкор таъмирлаш бригадалари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Айниқса, авариявий ҳолатлар юзага келганда тезкорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Бизнинг фаолиятимизда кундуз ёки туннинг фарқи йўқ. Белгиланган навбатчилик графиги асосида хизмат вазифаларимизни бажарамиз. Асосий мақсадимиз эса подстанциянинг ишончли фаолиятини таъминлаш ва электр энергиясини узатиш жараёнида узилишларнинг олдини олишдир. Албатта, ўз меҳнатимиз билан мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигига ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз, – деди Ф.Суюндиқов.

Подстанцияларда навбатчилик хизмати давомида электр ускуналари ва назорат-ўлчов воситаларининг кўрсаткичлари мунтазам кузатиб борилади. Шу билан бирга, хизмат вазифаларини белгиланган тартибда бажариш, техник интизомни таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Авариявий ҳолатлар ёки техник носозликлар юзага келган тақдирда, масъул мутахассислар ва тезкор таъмирлаш бригадалари белгиланган тартибда ҳаракатга келтирилади. Бунда ҳар бир ходимнинг касбий билими, амалий тажрибаси, интизоми ва жамоавий ҳамкорлиги муҳим.

Иш жараёнида об-ҳаво шароити, куннинг қайси вақти экани ёки бошқа ташқи омиллардан қатъи назар, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва хавфсиз бажарилиши таъминланади.

Тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг кундалик меҳнати электр энергетикаси инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.

Магистрал электр тармоқларининг ишончли фаолияти ортида ҳар куни, ҳар соатда ўз хизмат вазифасини масъулият билан бажараётган энергетика ходимларининг машаққатли меҳнати мужассам.

Насиба Зиёдуллаева,

Ёқуб Мелибоев (видео),

Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),

ЎзА

Манба: https://uza.uz/ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати