

Аввал хабар берганимиздек, июль ойининг иккинчи декадасида, яъни ҳаво ҳароратининг кескин ошиши туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги энергетика объектларида кучайтирилган иш тартибида (24/7 режимида) ишлаш, навбатчиликларни ташкил этиш жорий этилган эди.
Шунингдек, электр энергияси истеъмол ҳажмининг юқори кўрсатикичга чиққани туфайли магистрал тармоқларига тушаётган юкламада техник носозликларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳрига «Жиззах магистрал электр тармоқлари» ҳамда «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиалларидан бир нечта навбатчи бригадалар жалб қилинган эди.
Ёрдамчи бригада аъзолари ўтган 10 кун давомида навбатдан ташқари назорат кўриклари, алмашиб навбатчиликда туриш, техник профилактика ва таъмирлаш-созлаш ишларида пойтахтлик ҳамкасбларига ёрдам беришди. Ёрдамчи ходимларга лозим меҳнат шароити, ётоқ ва озиқ-овқат Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси кўмагида ташкил этилди. Улар зарур эҳтиёт қисмлари ва ҳимоя воситалари ҳамда автотранспорт билан таъминланди.
Бугун ушбу ёрдамчи бригадаларни ўз хизмат нуқтасига кузатиш, кўрсатган ёрдами учун уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Акциядорлик жамияти раҳбарияти, хусусан «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали жамоаси ёрдамга келган ҳамкасбларига ўз миннатдорлигини изҳор этади.
Матбуот котиби ― ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати