
#электр_энергияси
Якшанба куни ягона энергетика тизимининг максимал юкламаси кечки энг юқори соатларда 13,8 ГВтга етди
Ўзбекистон ягона энергетика тизимида 2026 йил 19 июль, якшанба — дам олиш куни бўлишига қарамай, аномал иссиқ ҳаво таъсирида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 291,8 млн кВт·соатни ташкил этди.
Мазкур кўрсаткич ўтган йил ёзги мавсумида қайд этилган энг юқори натижадан 19,2 млн кВт·соатга ёки 7,04 фоизга юқори бўлди.
Шунингдек, кеча ягона энергетика тизимининг максимал юкламаси кечки энг юқори соатларда 13,8 ГВтга етди. Бу кўрсаткич ҳам 18 июлда қайд этилган максимал юкламадан 100 МВтга юқори бўлди.
Якшанба куни бўлишига қарамай, суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам юқори даражада сақланиб, 295,4 млн кВт·соатни ташкил этди.
Бу кўрсаткичлар аномал иссиқ ҳаво шароитида, ҳатто дам олиш кунларида ҳам электр энергиясига бўлган талаб юқори даражада сақланиб қолганини ҳамда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун энергетика тизими барқарор ишлаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, юқори истеъмол даврида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналарининг авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаб, электр тармоқларидаги носозлик ва авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этишди.
Хусусан, кеча айрим ҳудудларда, жумладан, соат 13:55 да Мирзо Улуғбек туманининг Осиё кўчасини электр энергияси билан таъминловчи тармоқда носозлик юзага келиб, 280 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган. Соат 16:30 да носозлик бартараф этилиб, электр таъминоти тикланган.
Соат 19:50 да Фарғона вилоятидаги электр тармоғида юзага келган носозлик оқибатида Қўқон шаҳри, Фурқат, Данғара, Учкўприк ва Ўзбекистон туманларидаги 13 минг нафар истеъмолчи электр таъминотидан узилган. 20 июль куни соат 00:26 да носозлик бартараф этилиб, барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 21:15 да Тошкент шаҳридаги подстанцияда юзага келган носозлик сабабли Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларидаги 7 минг нафар истеъмолчи қисман электр таъминотидан узилган. 20 июль куни соат 00:20 да носозлик бартараф этилиб, электр таъминоти тикланган.
Соат 22:00 да Мирзо Улуғбек тумани Ҳамид Олимжон кўчасидаги 350 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган. Соат 23:55 да электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 23:40 да Сергели тумани Ҳилол кўчасидаги 330 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган. 20 июль куни соат 01:45 да электр таъминоти қайта тикланган.
20 июль куни соат 01:10 да Олмазор тумани Чуқурсой кўчасидаги 340 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган. Соат 06:05 да электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 04:40 да Учтепа тумани 11- ва 12-даҳаларидаги 330 нафар истеъмолчи электр таъминотидан вақтинча узилган. Соат 06:45 да электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 05:25 да Тошкент шаҳридаги подстанцияда юзага келган носозлик сабабли Яккасарой ва Миробод туманларидаги 1 300 нафар истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 07:10 дан бошлаб электр таъминоти босқичма-босқич тикланган.
Шунингдек, кеча 19 июль куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Юнусобод ва Чилонзор ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларида электр тармоқларида турли вақтларда юзага келган носозликлар сабабли айрим истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узилишлар кузатилган.
Юқори юкламалар шароитида энергетика тизими корхона ва ташкилотларининг тезкор хизматлари кучайтирилган тартибда фаолият олиб бормоқда.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/20542
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати