2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
БРИФИНГ: Ҳисобдорлик; Доимий мониторинг; Хизмат текшируви ва профилактик суҳбатлар; Манфаатлар тўқнашувига оид ўрганиш ва таҳлиллар; Ҳуқуқий саводхонлик
  • 29.06.2026
  • 58

2026 йил январь-июнь ойларида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида (кейинги ўринларда – Акциядорлик жамияти) коррупцияни  олдини  олиш, уни  келтириб  чиқарувчи  омилларни  аниқлаш  ва  бартараф қилиш  ҳамда “корруциядан  ҳоли”  муҳитни  яратиш  борасида  аниқ  чора-тадбирларни  амалга  ошириш  юзасидан 2026 йил учун Иш режаси тасдиқланган эди.

Акциядорлик жамияти нинг Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати томонидан 2026 йил январь-июнь ойларида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

2026 йил январь ойида — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарори талабларига мувофиқ Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан махсус индикаторлар бўйича маълумотлар сифатли тайёрланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “Е-антикор” электрон платформасига жойлаштирилди.

2026 йил февраль ойида — “Е-антикоррупция” марказлашган ахборот тизими орқали Акциядорлик жамиятининг вазифа ва функцияларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш бўйича баҳолаш ўтказилди. Коррупция хавфига энг кўп мойил бўлган функция ва лавозимлар рўйхати шакллантирилиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “Е-антикор” электрон платформасига жойлаштирилди. Шу билан бирга, Акциядорлик жамияти фаолиятида коррупциявий хавф-хатарга мойиллик даражаси юқори, бошқарилиши лозим бўлган функцияларни минималлаштиришга қаратилган доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Акциядорлик жамияти марказий аппарати ва филиалларга ишга қабул қилинаётган номзодлар билан коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича текширувлар ҳамда профилактик суҳбатлар доимий равишда олиб борилмоқда.

2026 йил февраль ойида —Ўзбекистон Республикаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида” 2024 йил 5 июндаги ЎРҚ-931-сон Қонунга мувофиқ ҳамда Акциядорлик жамиятининг 2026 йил 20 январдаги 01-04-17/389, 01-04-17/390-сонли топшириқларига асосан ташкилотимизнинг Марказий аппарати ва барча филиалларидаги тегишли раҳбар, ходимлар томонидан 2026 йил учун эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги йиллик декларациялар тўлдирилди. Барча декларациялар Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати томонидан таҳлил қилинди. Таҳлиллар натижасига кўра, Акциядорлик жамияти марказий аппарати ҳамда филиалларида раҳбар ва ходимлар ўртасида жами 6 та “мавжуд” ва 154 та “эҳтимолий” манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланди. 6 та “мавжуд” манфаатлар тўқнашуви ҳолати “Навоий МЭТ” филиалида аниқланди. “Навоий МЭТ” филиалидаги “мавжуд” манфаатлар тўқнашуви ҳолатини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди, яъни бир-бирининг бўйсунувида бўлган раҳбар ва ходимлар ротация қилиниб, бошқа лавозимга ўтказилди. Шунингдек, Акциядорлик жамияти марказий аппарати ва филиаллардаги 154 та “эҳтимолий” манфаатлар тўқнашуви ҳолати бўйича ҳар бир раҳбар ва ходим ўртасида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, келажакда “мавжуд” манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига айланишига йўл қўймаслиги ва уларни олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари юзасидан Акциядорлик жамияти марказий аппарати ва филиаллар Одоб-аҳлоқ комиссияси йиғилишининг тегишли баёнлари расмийлаштирилди.

2026 йил февраль ойида — Акциядорлик жамиятининг “Жиззах магистрал тармоқлари” филиалида 2026 йил 17 февраль куни Жиззах вилояти Божхона, ДХХ ва Миллий гвардияси бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Жиззах магистрал электр тармоқлари” филиали автотранспорт ҳайдовчиси В.С.Хазратқулов ёнида 3,022 грамм “Каннабис, марихуана”, яшаш хонадонида 284,5435 гр “Каннабис, марихуана” борлиги аниқланган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 2-қисми “а” банди, ЖК нинг 273-моддаси 3-қисми “а” банди, ЖК нинг 276-моддаси 2-қисми “б” банди ва ЖК нинг 25, 273-моддаси 5-қисми жазо тайёрланиб, Суд ҳукмига кўра 6 (олти) йил 1 (бир) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Акциядорлик жамияти фаолиятида харидларни амалга ошириш, шартномалар тузиш ва буюртмалар бериш жараёнида содир этилиши мумкин бўлган ҳолатларни инобатга олиб давлат харидлари жараёни устидан доимий равишда назорат олиб борилди.

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида шаффофликни таъминлаш мақсадида фуқаролар ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар объектив ва ўз вақтида кўриб чиқилмоқда.

 

2026 йил 27 март куни — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Zoom платформаси орқали онлайн семинар ташкил этилди. Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-270-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимига, шу жумладан, рейтинг баҳолаш йўналишлари ва индикатор кўрсаткичларига киритилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича тақдимот ўтказилди. Ушбу семинарда Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи ва бош мутахассиси ҳам иштирок этди.

 

2026 йил 30 март куни — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Zoom платформаси орқали онлайн семинар ташкил этилди. Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 февралдаги “Йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ҳамда рақобатни таъминловчи стандартларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 44-сон қарори ва қарордаги Низом талабларини тушунтиришга қаратилган масофавий ўқув машғулоти бўйича тақдимот ўтказилди. Ушбу семинарда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи  ҳамда бош мутахассиси  иштирок этди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 2026 йил 31 мартдаги 01-04-17/2368-сонли топшир хатига билан Акциядорлик жамияти марказий аппарати ва филиалларида меҳнат фаолиятини юритаётган раҳбар ва ходимлар ўтасидаги яқин қариндошлик алоқалари тўғрисида умумлаштирилган рўйхат шакллантирилди.

2026 йилнинг январь-апрель ойларида — Акциядорлик жамиятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари “Тошкент МЭТ”, “Тошкент шаҳар МЭТ”, “Магистралтармоққурилиш”, “Қашқадарё МЭТ”, “Energo-IT”, филиалларида ташкил этилди. Ушбу тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказишда ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятларни бартараф этиш юзасидан раҳбар ва ходимларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.

 

2026 йилнинг апрель ойида — “Ўзбекистон МЭТ” АЖда  фаолият кўрсатаётган барча даражадаги ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларга муносабатини ўрганиш юзасидан Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати томонидан ижтомоий сўровнома ишлаб чиқилди. Ушбу ижтомоий сўровнома аноним ҳисобланиб, иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги кафолатланади. Бугунги кунга қадар ушбу ижтимоий сўровноманинг умумий кузатувчилар сони 3800 нафарни ва овоз берганлар 139 нафарни ташкил этади. Ушбу ижтимоий сўровнома Жамият ва унинг филиалларида коррупция ҳолатлари ҳамда аксилкоррупция чора-тадбирлари самадорлигини таъминлайди.

 

2026 йил 7 май куни — “Навоий МЭТ” филиалида раҳбар ва ходимлар иштирокида коррупцияга қарши курашиш, қонунчиликка қатъий риоя қилиш ҳамда тизимда шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбир давомида соҳада коррупциявий омилларга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, маиший коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

2026 йил май ойида — Акциядорлик жамиятининг “Андижон магистрал электр тармоқлари” филиалида 1 та коррупцион ҳолати аниқланди. Жумладан, 2026 йил 14 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚД Андижон вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҲМҚО ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қўрғонтепа тумани “Сўфи қишлоқ” подстанцияси навбатчи электромонтёри  Ф.Хашимов фуқаро Ф.Д.нинг Жалақудуқ тумани “Намуна” МФЙ ҳудудидаги хонадонида мавжуд электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 680 минг сўмлик қарздорликни асоссиз равишда 34 миллион сўм деб ёлғон кўрсатиб, 17 миллион сўм пул маблағи эвазига ушбу қарздорликни бартараф этиб беришини ваъда қилган.

Тезкор тадбир давомида Ф.Хошимов 17 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2026 йил  25 май куни — Энергетика вазирлигида “ISO 37001:2025 стандартининг янги версияси” мавзусида бўлиб ўтди. Семинарда стандартга киритилган асосий ўзгаришлар, уни амалиётга жорий этиш механизмлари, сертификатлаштириш жараёнларига тайёргарлик ҳамда ташкилотларда мувофиқлик рискларини самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Семинарда Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 21 июндаги ПҚ-228-сон қарори 9-бандида барча давлат органлари ва ташкилотлари мунтазам равишда ўз ходимларини Коррупцияга қарши курашиш Виртуал академиясида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб боришлари белгиланган. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш шунингдек, Акциядорлик жамияти марказий аппарати ва филиаллар раҳбар ҳамда ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасида билим ва малакасини ошириш мақсадида Акциядорлик жамиятининг 2026 йил 27 февралдаги 01-04-17/1507-сонли топшириғига асосан, 2026 йил май-июнь ойларида Коррупцияга қарши курашиш Виртуал академияси ўқув курсларида, Марказий аппарати ва филиаларининг 682  нафар раҳбар, ходимлари масофавий ўқитилиб, тегишли сертификатларни олди. Ушбу ўқув курсларида ўқитиш натижасида раҳбар ва ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти оширилишига, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилишига эришилди.

 

2026 йилнинг май-июнь ойларида — Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари Акциядорлик жамиятининг “Бухоро МЭТ”, “Андижон МЭТ” ва Фарғона МЭТ” филиаллари ташкил этилди. Ушбу тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказишда ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтирилди, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятларни бартараф этиш юзасидан уларнинг билим ва кўникмалари янада мустаҳкамланди.

 

Алишер Рахмонов, Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати