2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Энергетика вазирлигининг ахбороти эшитилди
  • 11.06.2026
  • 20

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қай даражада ҳал этилмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Энергетика вазирлигининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиш ҳолати ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, 2025 йилда соҳага оид жами 108 310 та, 2026 йилнинг январ-апрель ойларида эса 40 312 та мурожаат келиб тушган. Энг муҳими, ўтган йилда келиб тушган мурожаатлардан 101 372 таси қаноатлантирилган.

Шунингдек, суюлтирилган газ баллонлар билан боғлиқ келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан ҳам бир қанча ишлар амалга оширилган. Жумладан, жорий йилнинг март ойидан барча ҳудудлардаги суюлтирилган газ истеъмолчиларига “Face-id” тизими орқали манзилли етказиб берилмоқда.

Эшитув давомида депутатлар томонидан аҳолини 35-40 кун оралиғида суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишларни тўлиқ якунига етказиш бўйича зурур тавсиялар берилди.

Шунингдек, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қатор тизимли масалаларга вазирлик раҳбариятининг эътиборини қаратди.

Депутатлар томонидан соҳада аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли даражада бажарилишини таъминлаш устидан назоратни кучайтириш мазкур соҳада мурожаатларнинг камайишига, айрим ҳолатларнинг олдини олишга имкон бериши таъкидланди.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан соҳада иш олиб борувчи ходимларнинг малакасини ошириш, вазирлик ҳудудий бошқармаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини мунтазам ўрганиб бориш, мурожаатларни кўриб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик хабардорлигини ошириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

—Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди қўмита аъзоси Раҳматилло Шукуров. — Айниқса, энергетика соҳасида келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш, уларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилашга бевосита хизмат қилади. Шу боис йиғилишда мазкур соҳада сайловчилар томонидан билдирилаётган мурожаатлар ва кўтарилаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.

Йиғилиш якунида ушбу масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: https://parliament.gov.uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati