2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: 903 та «оғир» тоифадаги маҳаллага кичик қувватли қуёш станциялари қуриб берилади
  • 10.02.2026
  • 24

#қонунчиликдаги_янгиликлар

► 903 та «оғир» тоифадаги маҳаллага кичик қувватли қуёш станциялари қуриб берилади

Президентимизнинг 2026 йил 5 февралда “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 49-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2026 йил 1 августга қадар «оғир» маҳаллаларга даромад келтирадиган актив сифатида 300−500 кВт қувватдаги кичик қуёш электр станциялари барпо этилади. Лойиҳани молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 110 миллион доллар маблағ ажратилади.

Энергетика вазирлиги, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар чуқур ихтисослашган мингта маҳаллада 300—500 кВт қувватга эга кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш ва уларни 7 йил муддатга имтиёзли шартларда лизингга бериш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида«оғир» туман ва маҳаллаларда аҳолини ишли қилиш ҳамда даромадини кўпайтириш масалаларига тўхталган эди. Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш зарурлиги таъкидланганди.

Бунинг учун 903 та маҳалланинг ҳар бирида 300 киловаттли кичик қуёш станциялари қурилиб, маҳаллага беғараз актив сифатида берилиши, станциялардан олинган «яшил» энергия ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий актив пайдо бўлиши маълум қилинди. Бу «яшил» даромад «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга сарфланади. Яъни ушбу маблағлар эҳтиёжманд хонадонни «яшил» таъмирдан чиқариб, энергия харажатини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади.

Қуёш станцияларини эксплуатация қилишга мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оила аъзолари ишга олинади. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, оиласида меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6 минг 700 та хонадон энергия тежамкор қилиб таъмирланади.

Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилишини, кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизингга берилишини қайд этганди.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/19091

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati