

2026 йилда иссиқлик электр станцияларида таъмирлаш кампанияси натижасида қўшимча 182 МВт қувват тикланади
Жорий йилда иссиқлик электр станциялари ва марказларида таъмирлаш кампанияси доирасида жами 35 та энергоқурилмада мукаммал ва ўрта таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Жумладан, 9 та энергоблок, 12 та қозон қурилмаси, 6 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси, 3 та турбина қурилмаси ҳамда 2 та газ-поршень агрегати таъмирланади.
Ҳозирги вақтда генерация тизимининг асосини умумий ўрнатилган қуввати 13 277 МВт бўлган давлат иссиқлик электр станциялари ва марказлари ташкил этади. Уларда 153 та энергоқурилма ишламоқда, уларнинг 37 тасини (6 711 МВт ёки 51 фоизи) янги замонавий, энергия самарадор ҳамда тежамкор қурилмалар, қолган 116 тасини (6 566 МВт ёки 49 фоизи) анъанавий қурилмалар ташкил этади.2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида иссиқлик электр станцияларидаги таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари электр энергияси бўйича 182 МВтга, иссиқлик энергияси бўйича эса 200 Гкал/соатга тикланади ҳамда ускуналарнинг эскириш даражаси 49 фоиздан 47 фоизга пасайишига эришилади.⚡️Бу борада, мавсумга тайёргарлик жараёнида тасдиқланган иш режаларига қатъий риоя этиш, созлаш ишларини сифатли бажариш ҳамда ижро интизомини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган. Шу билан бирга, жорий таъмирлаш кампаниясини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ҳам амалга оширилади.Шуни таъкидлаш лозимки, таъмирлаш ишларида ишлаб чиқарувчи корхоналар – “General Electric” (АҚШ), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Harbin Electric Corporation” (Хитой) компаниялари мутахассислари ҳам иштирок этадилар.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/19075
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати