

Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармасида ҳозирги кунда 6 нафар ишчи ходим ва бир нафар бошқарма бошлиғи меҳнат фаолияти юритмоқда.
Бошқарманинг бугунги кундаги вазифаларига 35–500 кВ кучланишли подстанциялар ва тармоқларнинг рақамли моделини DIgSILENT PowerFactory дастурий таъминотида тизимдаги ўзгаришларни инобатга олиб ўзгартириб бориш; янги ишга туширилаётган станцияларнинг тармоққа уланиши юзасидан тадқиқотлари натижалари бўйича ҳисоботларни текшириш ва келишиш; энергетика тизимига уланиш учун генерация объектларига техник шартлар ишлаб чиқиш ва тақдим қилиш; доимий равишда Акциядорлик жамияти тасарруфидаги тармоқлар ва подстанциялардаги трансформаторларнинг юкланганликларини таҳлил қилиш ва зарурий ҳолларда ўта юкланган ёки ўта юкланишга яқин ишлаётган тармоқлар ва трансформаторларни катта қувватлисига ўзгартириш бўйича таклифларни раҳбариятга киритиш; станцияларнинг тизимга уланиши юзасидан инвесторлар билан учрашувларни ташкил этиш ва расмий ҳамда ишчи тартибдаги учрашувларда иштирок этиш; тизимда янги инновацион технологияларни жорий этиш бўйича дунё тажрибасини ўрганиш ва татбиқ қилиш юзасидан таклифлари ишлаб чиқиш каби вазифалар киради.
Ўтган 2025-йилда бошқарма ходимлари томонидан Давлат-Хусусий Шерикчилик (ДХШ) лойиҳалари доирасидаги 29 та лойиҳанинг уланиш тақдқиқотлари ҳисоботлари кўриб чиқилиб келишилди ва жами 14 та лойиҳага магистрал электр тармоқларига уланиш учун техник шартлар тақдим қилинди.
Шунингдек, ўтган йил сўнггида ДХШ лойиҳалари доирасида Энергетика тизимида жами 21 та 4.727 миллиард долларлик умумий қуввати 4 479 МВт (5 та ҚФЭС – 1413 МВт,
4 та ШЭС – 752 МВт, 3 та ИЭС – 1167 МВт ва 9 та ЭСАБТ – 1147 МВт) бўлган лойиҳалар ишга туширилди. Бундан ташқари, 5.4 миллиард долларлик 22 та лойиҳа қурилиши бошланишига старт берилди.
Шунингдек, ДХШ лойиҳалари доирасида умумий узунлиги 192 км бўлган 220 кВ кучланишли тармоқлар ва умумий қуввати 400 МВА бўлган 1 та 220 кВ кучланишли подстанция қуриб ишга киритилди.
2024-йил сўнггида эса ДХШ лойиҳалари доирасида Энергетика тизимида 18 та 3.5 миллиард долларлик умумий қуввати 2663 МВт бўлган шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари лойиҳалари ишга туширилган ва 6 та объектнинг қурилиши бошланишига старт берилган эди. Шунингдек, жами қуввати 300 МВт /600 МВт•соат бўлган дастлабки 2 та энергия сақловчи аккумулятор батареялари тизими ишга туширилган эди.
2024-йилда ДХШ лойиҳалари доирасида жами 4 та 220 ва 500 кВ кучланишли подстанциялар ва умумий узунлиги 290 км бўлган 500 кВ кучланишли тармоқлар ишга туширилган.
Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси ходимлари ушбу лойиҳаларни ишга тушириш муддатларига қадар лойиҳани ўз вақтида ва ишончли ишга туширилишини таъминлаш учун инвестор компаниялар билан ҳамкорликда ишладилар.
Бобуржон Муродов, Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати