2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ: Электр ва иссиқлик энергияси экологик меъёрлар асосида ишлаб чиқарилмоқда
  • 26.11.2025
  • 13

Ассалому алайкум.

Экология барчамизники, бу борадаги жараёнларга ҳаммамиз масъулмиз. Шу боис, энергетиклар томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил” манбаларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Бугунги кунда иссиқлик электр станциялари ва йирик энергетика марказлари орқали ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага зарарли моддалар чиқишини олдини олиш, ёқилғи сарфини оптималлаштириш мақсадида уларга замонавий фильтрлар, автоматик мониторинг тизимлари, экопостлар ҳамда “яшил технологиялар” жорий этилмоқда.

Хусусан, Тошкент иссиқлик электр марказида 5 та қозон агрегати ва 1 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Корхонада мазут ёқилғиси фойдаланишдан тўлиқ чиқарилган бўлиб, электр ва иссиқлик энергияси фақат табиий газ асосидаги замонавий қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда.

2024 йилда марказда умумий қуввати 64 мегаваттдан бўлган 2 та янги газ-турбина қурилмаси ишга туширилди. Натижада, йилига атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200 тоннага камайишига эришилди.

Янги қурилмалар орқали йилига қўшимча 515 млн киловатт-соат электр ва 630 гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Экологик назоратни кучайтириш мақсадида корхона ҳудудига 4 та автоматик мониторинг станцияси ва 1 та экопост ўрнатилди. Уларнинг барча кўрсаткичлари реал вақт режимида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Ситуацион марказига узатилади ва доимий таҳлил қилинади. Шунингдек, газ тармоқларида механик бирикма фильтрлари тўлиқ янгиланди.

Корхона Тошкент шаҳри марказида жойлашгани боис, экологияга ижобий таъсир кўрсатиш ва шаҳар кўркини ошириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 15,5 гектар ер майдонида 16 минг 490 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ” яратилди.

Тошкент иссиқлик марказидаги 9 та иссиқлик марказида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Умумий қуввати 4580 гигакалория бўлган ушбу объектлар мавсум давомида истеъмолчиларни 60°–85° даражадаги барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

 

Экологик талабларни кучайтириш мақсадида ушбу 9 та иссиқлик марказининг 6 тасида мавжуд мазут ёқилувчи қозонларга абсорбсия усулида ишлов берувчи фильтрлаш тизимлари ўрнатилди. Шу билан бирга, мазутни қаттиқ механик бирикмалардан тозалаш ускуналари жорий этилди.

Экологик барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида қуввати 100 мегаватт бўлган янги газ-поршенли электр станцияси қурилди, уни декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу газ-поршенли электр станцияси ишга туширилгач, 50 та янги иш ўрни яратилади, йилига ўртача 876 млн киловатт·соат электр ва 784 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида 15 млн куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, атмосферага 6 600 тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

Мазкур электр станция орқали ўртача 365 минг хонадонни электр ва 58 мингта хонадонни иссиқлик энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.

Тошкент иссиқлик электр станцияси — мамлакатимиздаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири бўлиб, бу ерда ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида экологик талаблар қатъий таъминланмоқда.

Станцияда ўрнатилган “Енгли фильтр” қурилмаси чиқиндиларни 99,5% самара билан тозалайди ва ҳавога ташланадиган қаттиқ заррачалар концентрациясини 100 миллиграмм метр кубдан 6 миллиграмм метр кубгача камайтиришга эришилмоқда.

Шу билан бирга, қуёш панеллари ва сув иситгичлари ўрнатилиши ҳисобига йилига 110,7 тонна ташлама чиқиши олди олинмоқда, техник сувдан фойдаланиш натижасида эса 350 минг метр куб ичимлик суви тежалмоқда.

Станцияда тутун газлари таркибини юқори аниқликда назорат қилувчи ва реал вақт режимида маълумотларни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Ситуацион марказига узатувчи автоматик мониторинг тизимлари жорий этилган.

Станциянинг санитария-ҳимоя ҳудудида замонавий экопост ўрнатилган бўлиб, у атроф-муҳит ҳолатини доимий назорат қилиш ва экологик кўрсаткичларни тезкор мониторинг қилишни таъминлайди.

370 мегаватт қувватли буғ-газ қурилмаси ишга туширилганидан кейин ёқилғи сарфи сезиларли камайиб, йилига 350,9 млн метр куб табиий газ тежалмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Тошкент ИЭС электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда замонавий экологик стандартларга тўлиқ мос равишда фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги 3 йилда юртимизда Давлат хусусий шерикчилиги асосида фойдали иш коэффициенти 60 фоиздан юқори бўлган, табиий газда ишловчи, умумий қуввати 3 минг 274 мегаватт бўлган 8 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилди. Ушбу электр станциялари орқали йилига 2,6 млрд табиий газ тежалади. Бу ҳам атроф-муҳитни асрашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Юртимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш орқали ҳам экологияни яхшилашга катта ҳисса қўшилмоқда.

Сўнгги йилларда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда юртимизда умумий қуввати 4 минг 782 мегаватт бўлган 13 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси ишга туширилган.

Ушбу қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жорий йил бошидан бери 9,7 млрд кВтсоатдан ортиқ “яшил” энергия ишлаб чиқарилди. Гидроэлектр станциялари билан ҳисоблаганда жами “яшил” энергия ҳажми 15,7 млрд кВт·соатдан ошди. Бунинг натижасида республикамизда умумий ишлаб чиқаришда “яшил” энергия улуши 23 фоизни ташкил қилди. 2 млрд 867 млн куб метр табиий газ тежалди, атмосферага чиқиши мумкин бўлган 4 млн 200 минг тонна зарарли моддалар олди олинди. 2030 йилга бориб умумий ишлаб чиқаришда “яшил” энергия улуши 54 фоизни ташкил қилиши режалаштирилган.

Худди шунингдек, ижтимоий соҳа обектлари, давлат идоралари, тадбиркорлик субектлари ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 1 минг 914 мегаватт бўлган қуёш панеллари ҳамда 4 850,2 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатилган. Натижада ўтган даврда 761 млн куб метр табиий газ тежалиб, 905 минг тонна зарарли газларнинг ҳавога чиқарилишини олди олинди.

2025 йилда ёқилғи-энергетика тизими ташкилотлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 2,5 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди ва ҳудудларда “яшил белбоғ” ва “яшил боғ”лар ташкил қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, ёқилғи-энергетика тизимидаги барча корхоналар томонидан нафақат ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнида, балки экологияга ижобий таъсир кўрсатадиган бир нечта бошқа соҳаларни яхшилаш ва ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшиб келинмоқда. Юқорида айтганимиздек, табиат барчамизники ва уни асраб-авайлашга ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба: https://gov.uz/uz/minenergy/news/view/105352 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati