2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси 2 млрд кВт⋅соатга етди
  • 14.04.2025
  • 41

#яшил_энергетика

Бугун соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 2 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4067 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 3 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.

Маълумки, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланила бошланган 2022 йили Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Ўтган йили республикамизнинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва битта шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилди.

Бугун соат 15:30 да мамлакатимиздаги барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори, юқорида таъкидлаганимиздек, жорий йил бошидан 2 млрд кВт⋅соатга етди.

Айтиш жоизки, шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 1 млрд 169,9 млн кВт⋅соат, шамол электр станцияси томонидан эса 830,1 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Қайд этиш лозимки, 2025 йилнинг бошидан бугунги кунгача шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 2024 йили шамол электр станциялари томонидан йил давомида ишлаб чиқарилган жами электр энергияси миқдоридан (799 млн кВт·соат соат) кўпдир.

Бунинг натижасида:

➖ 600 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖ атмосферага 1 млн 176 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид ва 1 минг 176 тонна азот оксидлари чиқишининг олди олинди.

Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 12 апрель соат 15:30 га қадар Ўзбекистондаги барча гидро электр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 3 млрд 707 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

➖ 1 млрд 112,1 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖ атмосферага 2 млн 179 минг 716 тонна карбонат ангидрид ва 2 минг 179,7 тонна азот оксидлари чиқишининг олди олинди.

Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 4 миллион 633 минг 750 та хонадоннинг 4 ойлик ёки 1 миллион 544,6 мингта хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/15779?single 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati