Истеъмолчиларни барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Тошкент шаҳрида замонавий когенерация технологияларини жорий этиш ишларини давом эттирмоқда. Ҳозирги вақтда пойтахтнинг Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласидан жой олган янги когенерация ускунасида синаш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа Туркиянинг Iltekno компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Янги қурилма бир вақтнинг ўзида 2,3 МВт электр энергияси ва 11 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари 98 фоиз якунланган.
Лойиҳа доирасида Германияда ишлаб чиқарилган юқори самарадор ва замонавий ускуналар — газ-поршенли агрегат ва икки дона Bosch иситиш қозони ўрнатилган. Бу ускуналар ёрдамида йилига 220 минг куб метр табиий газ тежалади ҳамда ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар миқдори камайиши таъминланади.
Ускуна ишга туширилгандан сўнг ҳар йили 18,4 миллион кВт·соат электр энергияси ва 46 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳани апрель ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Ушбу когенерация иншооти орқали 51 та кўп қаватли уй, битта мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, бир ижтимоий соҳа объекти ҳамда ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминланади.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 январдаги 23-сонли қарорига асосан, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимининг чекка нуқталаридан жой олган 11 та маҳаллада когенерация технологияларини жорий этиш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Хусусан, бунга қадар Чилонзор ва Олмазор туманларида бундай қурилмалар муваффақиятли ишга туширилган.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/15615
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati