2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Ҳозирда 2-курсман. МЭТга ишга кириш ниятим бор. Олий таълимни энди битириб борган кадрлар қандай қилиб 3 йил стаж тўплайди?»
  • 24.03.2025
  • 28

Мурожаат эгаси: Беҳруз Тожидинов.

Электрон почта: azimovolimjon62@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Ассалому алайкум. Мен электр энергетика йўналишида таҳсил оламан. Ҳозирда 2-курсман. МЭТга (магистрал электр тармоқларига) ишга кириш ниятим бор. Менда нимам бўлса (масалан, тил сертификати) МEТ мени ишга дарҳол олиб қолади? Олий таълимни энди битириб борган кадрлар қандай қилиб 3 йил стаж тўплайди?

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Беҳруз Тожидинов, Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси жавоб беради.

Фуқаро Тожидинов Беҳрузга!

Ҳурматли фуқаро, Сизнинг 2025 йил 14 март соат 19.20 да  “Ўзбекистон МЭТ” АЖ сайти орқали йўллаган 453/25-сонли мурожаатингизда, Электр энергетика йўналишида 2-курсда таълим олишингизни ва “Ўзбекистон МЭТ” АЖга ишга кириш ниятингиз борлигини ёзгансиз. Шунингдек, қандай қилиб ушбу ташкилотга ишга киришингиз мумкинлигини ва олий таълимни энди битириб борган кадрлар қандай қилиб 3 йил стаж тўплаши мумкинлигини сўраб мурожаат қилгансиз.

Ушбу мурожаатингизга асосан қуйидагиларни маълум қиламиз:

“Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг 2023 йил 29 декабрдаги 267-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан Акциядорлик жамияти ва унинг магистрал электр тармоқ филиалларига юқори малакали, тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий фазилатларга эга шахсларни танлов асосида ишга қабул қилиш белгиланган. Шунингдек, Акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериб борилади.

Ҳар бир лавозимга белгиланган малака талаблари, жумладан, ушбу малака талабида минимал нормалар (масалан, олий маълумотли ва иш тажрибасига эга бўлиши) белгиланган бўлади.

(Изоҳ: Номзоднинг билим ва кўникмалари қониқарли бўлганда, иш стажи талаб қилинмайдиган лавозимлар ҳам мавжуд.)

Ушбу йўналишда қўшимча саволларингиз бўйича 71-236-62-27 ёки 71-236-66-15 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Ахборот хизматидан қўшимча изоҳ:  Иш-тажриба, асосан, бошқарув функциясига эга ташкилотларга ишга кирмоқчи бўлган номзодларга қўйилади ва бу тўғри. Олийгоҳни ёки ўрта-махсус ўқув юртини тамомлаган мутахассис қуйи корхоналарда ишлаб, иш-тажриба орттириб, карьера зинасидан кўтарилиб, кейин мутахассислар тавсиясига кўра бошқарув функциясига эга бошқармаларга ишга ўтиши мақсадга мувофиқ.

Нафақат энергетика соҳасида, балки барча соҳа ва йўналишларда ҳам ҳар бир лавозим учун қўйиладиган алоҳида малака талаблари мавжуд бўлиб, бу ўша лавозим эгасининг зиммасига юклатиладиган вазифа-мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Олийгоҳни битирган талаба ўз иш тажрибасини маълум бир соҳанинг бошқарув органидан бошлаши — жуда кам ҳолларда кузатиладиган ҳолат. Негаки, маълум бир ташкилотнинг юқори бошқарув тизимидаги штат бирликлари қуйи тизимда фаолият юритаётган ишчи-ходимларни маъмурий бошқариш учун тузилган бўлиб, табиийки, мазкур мутахассис маълум иш тажрибаси ва билим-кўникмаларга эга бўлган мутахассис бўлиши лозим.

Мисол учун, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Марказий бошқарув аппаратида мавжуд бўш иш ўринларига ишга кирмоқчи бўлган номзодлар учун малака тажриба талаблари қўйилади. Ушбу бўш иш ўрни штат бирлигининг вазифа-мажбуриятларида қуйи ташкилот ишчи-ходимлари — Магистрал электр тармоқлари филиаллари мутахассислари билан ишлашда айнан шу талаб, яъни билим-тажриба салоҳияти ҳудудий бўлинмадаги мутахассислардан кам бўлмаслиги лозим, ҳатто бироз юқори бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу жиҳатни эътиборга олиб, Сиз расмий веб-саҳифамиз ва унинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилиб борилаётган ҳудудий тузилмаларимиз бўш иш ўринларига таклиф эълонларини ҳам кузатиб боришингизни тавсия этамиз.

Бўш иш ўринларига номзодлар билан суҳбат ўтказиш жараёнида, энг аввало, номзод таржимаи ҳоли, яъни унинг маълумоти, мутахассислиги ҳамда таҳсил олиш ва меҳнат фаолиятининг бўш иш ўрни лавозимига қўйилган малака талабларига мослиги инобатга олинади. Ходимнинг, даставвал, давлат тилини мукаммал билиши, ўз мутахассислиги бўйича яхши кадр бўлиши, сўнг хорижий тилларини билиши суҳбат жараёнида устунлик бериши мумкин.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, сизга шуни маълум қиламизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг kadr_nes@uzbekistonmet.uz электрон почтаси орқали тегишли ҳужжатларингизни, айнан қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборган бўлсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume .

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati