Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 2025 йил 7 мартдаги 1044-сонли Қонунида белгилаб қўйилган.
Аввалроқ мазкур Қонуннинг Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 24 декабрда қабул қилингани ҳамда Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқуллангани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини оширишга ҳамда ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги кескин ўсиши мазкур хизматлар учун тўлов интизоми даражасини ошириш заруратини юзага келтирмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистан Республикасининг Фуқаролик ва Уй-жой кодексларига, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (СМС) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар белгиланди.
Булар:
— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддаси: “Энергия таъминоти шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам назарда тутилиши мумкин” деган жумла билан тўлдирилди;
— Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 134-моддаси 7-қисмидаги: “бундан сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари” шаклига “қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари” деган сўзлари қўшилди;
— Ўзбекистан Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги 850-сонли Қонунининг 18-моддаси 1-қисми (5-хатбоши): шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни “бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун истеъмолчилар қарздорлигининг олдини олишга қаратилган қоидалар мустасно” деган сўзлар билан тўлдирилди;
— Ўзбекистан Республикаси “Электр энергетикаси тўғрисида”ги 939-сонли Қонунининг 38-моддаси 1, 2-қисмлари, 39-модда 5-қисми ҳамда 40-модда 3-қисмида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларни қисқа хабар (СМС) орқали хабардор қилиш, хабарнома юборилган санадан эътиборан беш кунлик муддат ва мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш шартлари, қарздорлик бартараф этилган тақдирда эса чекловни автоматик равишда бекор қилиш киритилган. Бунда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар хизматлари учун тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончлилиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлади, шунингдек, мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига етказилган зарарнинг ўрни қоплаб берилади.
Ушбу Қонун чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга ҳамда аҳолининг мазкур хизматлар учун дебитор қарздорлигини камайтиришга хизмат қилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Манба: https://sanitation.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати