2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Республикамизда 4 та подстанция қуввати 617 мегавольт амперга оширилди
  • 06.02.2025
  • 100

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ бошқарма бошлиғи Меҳри Валиева маълум қилди. 

Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан магистрал электр тармоқларини ва подстанцияларини ривожлантириш, модернизация ва реконструкция қилиш ҳамда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича халқаро молия институтларининг (Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки) узоқ муддатли ва имтиёзли кредит маблағлари ҳамда Акциядорлик жамиятининг маблағлари ҳисобидан кўплаб янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Хусусан,  

2024 йилда ушбу мақсадларга қаратилган 23 та йирик инвестиция лойиҳаси доирасида жами 412,0 млн доллар қийматидаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган эди, амалда 424,8 млн доллар маблағларга тенг миқдордаги ишлар бажарилди. Режа 103,1 фоизга бажарилди.

Инвестиция дастури доирасида 2024 йилда 550,5 км узунликда 220–500 киловольт кучланишли магистрал электр тармоқлари ҳамда 1002 мегавольт•ампер қувватга эга 1 та 500 киловольт кучланишли ва 750 мегавольт•ампер қувватга эга 2 та 220 киловольт кучланишли янги подстанция қуриб фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, модернизация ва реконструкция дастури доирасида республикамизда 4 та подстанция қуввати 617 мегавольт•амперга оширилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 январдаги ПҚ–53-сонли қарорига асосан 2025 йилда магистрал электр тармоқларини ва подстанцияларини ривожлантиришга қаратилган 16 та инвестиция лойиҳалари доирасида жами 510,7 млн долларлик ҳажмга тенг ишларнинг чора-тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу маблағлар 251,3 млн доллар халқаро молия институтларининг давлат кафолати остидаги узоқ муддатли ва имтиёзли кредит маблағлари, 210,0 млн доллар бошқа хорижий инвестициялар ҳамда 49,4 млн доллар Акциядорлик жамияти ўз маблағлари ҳисобидан.

2025 йилда умумий қиймати 259,2 млн доллар бўлган 6 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, натижада 220–500 киловольт кучланишли 485,0 км узунликда электр узатиш тармоқлари ва2 102 мегавольт•ампер қувватга эга 2 та подстанция ишга туширилади.

Булар:

• Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилувчи 1 602 мегавольт•ампер қувватга эга 500 киловольтли подстанция ҳамда 237 км 220 киловольтли ва 72 км 500 киловольтли электр узатиш тармоқлари фойдаланишга топширилади;

• Бухоро вилоятида қурилаётган 500 МВт қувватли шамол электр станциясини энергетика тармоғига улаш учун 137 км узунликдаги 500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғи;

• Тошкент вилоятида технопаркни электр энергияси билан таъминлаш сифатини ошириш учун 31 км узунликдаги 220 киловольтли электр узатиш тармоғи ҳамда 500 мегавольт•ампер қувватга эга 220 киловольтли подстанция фойдаланишга топширилади ва бошқалар.

Шунингдек, модернизация дастури доирасида 5 та подстанцияда жами 617 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратиш режалаштирилган.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/49544 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati