2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
2024 йил САРҲИСОБИ: Трансформация ислоҳотларининг ижроси ва Акциядорлик жамияти фаолиятидаги натижалар
  • 30.01.2025
  • 37

Жорий 2024 йил 4 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш, ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди. Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни пасайтириш эканлиги таъкидланди. Бунга лойиҳаларни мақбуллаштириш, йўқотишларни камайтириш ва харидларни такомиллаштириш орқали эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Трансформация ислоҳотларининг аҳамияти

Трансформация жараёнлари кам ишчи кучи ва иқтисодий ресурслар билан юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омили сифатида мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Акциядорлик жамиятимизни трансформация қилиш — иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни жорий қилишни янада жадаллаштириш, бошқарувда ва технологик жараёнларда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупцияни олдини олиш, ишлаб чиқаришда таннархни пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш, электр энергетика тизимини ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик жараёнларни ўз ичига олади.

Трансформацияга оид қонунчилик ҳужжатлари

Соҳада трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 сентябрдаги «Ёқилғи-энергетика соҳаси корхоналарини трансформация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-329-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-166-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 мартдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-83-сон қарори, 2022 йил 8 апрелдаги «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги ПФ-101-сон Фармони ва бошқалар шулар жумласидандир.

2024 йилда Акциядорлик жамиятида амалга оширилган ишлар

Энергетика тизимида трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида ҳам йирик таркибий ўзгаришлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 мартдаги «Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида» 126-сон қарори билан «Ўзбекистон МЭТ» АЖдан миллий диспетчерлик функциялари ажратилиб, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» тасарруфига ўтказилган бўлса, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-166-сон Фармонига кўра электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини босқичма-босқич шакллантириш, инвестициявий жозибадорликни ва соҳадаги хизматлар сифатини ошириш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функцияси янги ташкил этилган «Ўзэнергосотиш» АЖга ўтказилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти электр энергиясини узатиш (транспортировка) ҳамда транзит қилишга ихтисослашган ягона тизим оператори этиб белгиланди. 2024 йил 1 июлдан бошлаб электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функцияси «Ўзэнергосотиш» АЖ томонидан, магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш функцияси эса «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бир нечта йўналишлар бўйича ўзининг трансформация ислоҳотларини давом эттирмоқда. Жумландан жорий йилдаги фаолиятига қисқача тўхталиб ўтаман. Жумладан,

*САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ ЙЎНАЛИШИДА

1) Асосий фаолиятга оид бўлмаган шўъба корхоналарини оптималлаштириш ҳисобига 2024 йилга келиб тизим ташкилотлари сони 30 тадан 19 тага қисқарди. Жумладан, «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази, «Нурчи» дам олиш маскани, Наманган ва Тошкент тиббий санитария қисмлари, «Нурафшон» санаторияси, «Қоронкўл» дам олиш маскани, «Қалдирғоч» дам олиш оромгоҳи ва бошқалар шулар жумласидандир. Натижада, Акциядорлик жамияти йилига ўртача 30,0 млрд сўм миқдорида носоҳавий ҳаражатларни қисқартиришга эришди.

2) 2022–2026 йиллар учун «McKinsey&Company» (Мак Кинсей) халқаро консалтинг компанияси тавсияларига асосан операцион самарадорликни 1,1 трлн сўмга, хусусан 2024 йилда 350,0 млрд. сўмга таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги 210-сонли фармойиши билан тасдиқланган ушбу «Йўл харитаси» ижроси жорий йилда 355,0 млрд. сўмга таъминланди. 2022–2026 йил учун белгиланган режа ижроси 1085,0 млрд сўм ёки 98 фоизга таъминланади. Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Акциядорлик жамияти ўз фаолиятини даромад билан юритиши ҳамда йил якунини 122,2 млрд. сўм миқдорида соф фойда билан якунлаши кутилмоқда.

3) Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ва ўринбосарлар фаолиятининг 2024 йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари KPI — асосий самарадорлик кўрсаткичлари (key performance indicators) ҳамда уларга эришиш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилди. Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда Давлат хизматларини ривожлантириш агентлигининг «samaradorlik.uz» электрон платформасига, шунингдек, хизмат сафарлари тўғрисидаги маълумотлари ойлик шахсий иш режалари асосида «Хизмат сафари» модулига киритиб борилмоқда. Жамиятда ҳар бир ходимнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашга қаратилган KPI (Ки Пи Ай) тизими ҳам жорий этилди.

*РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ ЙЎНАЛИШИДА

1) Харидлар жараёнининг шаффофлиги таъминланди. Барча харидлар коррупциявий рискларни минималлаштириш ва инсон омилини қисқартириш мақсадида (xarid.uzex.uz, xt-xarid.uz, cooperation.uz ва etender.uzex.uz) электрон савдо тизимлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, Акциядорлик жамияти харидлар тизимини рақамлаштириш бўйича махсус дастурий таъминот тизимини ишлаб чиқди. Ушбу тизим талабномаларни шакллантириш, омборлар ҳисоби, маркетинг ҳамда шартномалар ҳисобини ўз ичига олади;

2) Магистрал электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатишдаги технологик сарфни ҳисоблаш дастури Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети олимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу дастурий таъминот орқали ҳисоб-китоблар амалга оширилмоқда;

3) «Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган ахборот-ўлчов тизими (АИСКУЭ)ни жорий қилиш бўйича барча подстанцияларга замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилди;

4) Ҳар бир бошқарманинг ўз йўналиши бўйича соҳага оид мавзуларда видео ва аудио дарсларини тайёрлаш ва жойларда ходимларга етказиш амалиёти йўлга қўйилди;

Жамиятимизнинг “ОБЛОКО” сервер тизими ишлаб чиқилди. Яъни булутли провайдер инфратузилмасига жамиятимиз иш фаолиятига оид ахборот ресурслари жамланади ва ундан барча ходимларимиз масофадан туриб фойдаланишлари мумкин;

*БОШҚА ЙЎНАЛИШЛАРДА

1) Корпоратив бошқарув тамойиллари халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, «Сифат менежменти», «Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш», «Экологик бошқарув», «Меҳнат ва саноат хавфсизлигини бошқариш» ҳамда «Энергия менежменти» бўйича халқаро ISO стандартлари қабул қилинди. Ҳозирда «Хавф-хатарларни бошқариш тизими» бўйича (ISO 31000) стандартини жорий этиш чоралари кўрилмоқда;

2) «Ernst & Young» LLC (Эрнест энд янг) компанияси Акциядорлик жамиятининг 2023 йилдаги халқаро молиявий ҳисоботлари учун ижобий аудиторлик хулосаларини тақдим этди;

3) Жамиятни трансформация қилиш ҳамда бошқарув сифатини яхшилаш мақсадида ташкилий тузилмалар фаолияти қайта кўриб чиқилди ҳамда асосий соҳалардаги раҳбар ва ходимларнинг малака талаблари ишлаб чиқилди.

4) Инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш бўйича Last Planner (Қурилиш жараёнини тўғри режалаштириш ва жамоага аниқ вазифаларни белгилаш) ва Control Tower (Мониторинг назорати ва логистика) усулларидан фойдаланган ҳолда лойиҳанинг ҳар бир босқичини текшириш ва назорат қилиш тизими йўлга қўйилди. Бунда лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини 3-4 ойгача қисқартириш ҳамда ҳар бир лойиҳа бўйича 5-10 млрд сўмгача иқтисод қилиш мумкин бўлади. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг фойдалилик кўрсаткичлари IRR ни ҳисоблаш тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу олдиндан амалга оширилиши кутилаётган лойиҳанинг истиқболини белгилаш имкониятини яратади. Лойиҳалар қийматини қисқартиришнинг Design-to-value услубидан фойдаланган ҳолда ортиқча харажатларнинг олди олинмоқда. Бу ҳар бир лойиҳа қийматини ўртача 10-15 фоизга қисқартирмоқда.

2025 ЙИЛДА АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ ТРАНСФОРМАЦИЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ИШЛАР

1) «Экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув (ESG)» тамойили жорий этилади:

Экология тамойили – компаниянинг атроф-муҳитга қанчалик қайғуришини ва экологияга етказилаётган зарарлар миқдорини камайтиришга қаратилган ҳаракатларини белгилайди.

Ижтимоий сиёсат тамойили – компаниянинг ходимларга, етказиб берувчиларга, мижозларга ва истеъмолчиларга муносабатини кўрсатади. Стандартларга жавоб бериш учун корхоналар меҳнат шароитларининг устида ишлаши, гендер мувозанатни кузатиши ёки ижтимоий лойиҳаларга сармоя киритиши керак.

Корпоратив бошқарув тамойили – компания бошқаруви сифатига таъсир қилади: ҳисоботларнинг шаффофлиги, бошқарувга тўланадиган маош миқдори, бошқарувдаги соғлом муҳит, акциядорлар билан муносабатлар, коррупцияга қарши чоралар ва бошқалар.

2) «Корпоратив ижтимоий масъулият (CSR)» тамойили жорий этилади.

Компаниялар жамиятнинг ижтимоий муаммоларига, масалан, камбағаллик, таълимга ёрдам бериши, гендер тенгликни таъминлаши ва бошқа ижтимоий масалаларда фаол иштирок этишлари керак. Ўз фаолияти орқали иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаши, иш ўринлари яратиши ва барқарор ривожланишни таъминлаши керак.

3) Хорижий аудит компанияларини жалб қилган ҳолда, корхоналарда коррупцияга қарши курашиш тизимларининг самарадорлигини ўрганиш бўйича харидлар жараёни форензик аудитдан ўтказилади.

4) Жамият фаолиятининг молиявий ва операцион моделлари ишлаб чиқилади;

5) Кадрларни бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида, энг яхши амалиётларга мос HR-стратегия ишлаб чиқилади ва жорий этилади;

6) Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мос келувчи Янги ҳисоб сиёсати (бухгалтерия, солиқ ва бошқарув ҳисоби) ишлаб чиқилади.

7) Халқаро консултантлар иштирокида 2030 йилгача рақамлаштириш стратегияси ишлаб чиқилади ва бошқалар.

Рақамлаштириш йўналишида 2025 йилда қуйидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан:

 

1) «Диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш» бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA) ҳамда «Электр энергиясини бошқариш» (EMS) тизимларини жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси «EDF-CIST» (Франция) консалтинг компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг умумий қиймати — 125,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозирда тендер жараёнлари давом этмоқда.

2) «Ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими» (ERP) ни жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Лойиҳанинг Техник иқтисодий асослари «FORS CA SOLUTIONS» МЧЖ (Ўзбекистон) компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг умумий қиймати – 22,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозирда тендер жараёнлари давом этмоқда.

3) Замонавий рақамли бизнес технологиялар асосида ИТ-архитектура ишлаб чиқилади ва бошқалар.

Сўз якунида шуни айтиш мумкинки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти фаолиятида трансформация ислоҳотларининг ижроси кутилган ижобий натижаларни бермоқда. Компаниямизнинг инвестицион жозибадорлиги ошиб бормоқда. Келгусида трансформация ислоҳатлари фақатгина мамлакатимиз ва компаниямиз доирасида чегараланиб қолмасдан, балки халқаро бозорларга чиқиш, давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, барча подстанция ва ҳаво электр тармоқларини тўлиқ янгилаш, халқаро тоифадаги мутахассис кадрларни тайёрлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини арзон ҳамда сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш каби муҳим мақсадларни ўз олдига вазифа этиб белгилайди.

Баҳром Мавлонов, Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati