2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Умид Мамадаминов: “Мамлакатимиз энергетика соҳаси инновацион ечимлар билан олдинга интилмоқда”
  • 14.01.2025
  • 13

Энергетика ҳар бир давлатнинг стратегик аҳамиятга эга соҳаси бўлиб, унинг барқарор ривожланиши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан биридир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ушбу йўналишни модернизация қилиш, “яшил” технологияларни жорий этиш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ўтган етти йилда ушбу тизимда катта қувватлар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш салоҳияти оширилди. “Яшил” энергетика соҳасидаги илк қадамлар ҳам шу даврга тўғри келмоқдаки, бугун бу йўналиш ўзининг ривожланиш босқичига чиқиб улгурди.

Хўш, 2024 йилда энергетика соҳасида қандай ишлар амалга оширилди? Ишлаб чиқариш қувватлари қанчага оширилди? Ўтган йилда “яшил” энергияни ишлаб чиқариш кўрсаткичи қанчани ташкил этди?

Бу ҳақда батафсил маълумот олиш мақсадида Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов билан суҳбатлашдик.

– Кейинги йилларда энергетика соҳасидаги ўзгаришлар ҳукуматимиз ва халқимиз диққат марказида бўлиб турибди. Қувватлар ҳар йили оширилиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. Бироқ тизимда муаммоларнинг ҳамон мавжудлиги сир эмас. Шунга қарамай, энергетиклар янги лойиҳаларни татбиқ этишда давом этмоқда ва бу ишлар натижалари йил сайин яққол намоён бўляпти. 2024 йил сарҳисобига кўра, сиз қайси ишларни асосий янгиликлар сифатида алоҳида эътироф этган бўлар эдингиз?

– Очиғини айтиш керак, ҳар йили биз учун синовли бўлади. Негаки, кейинги йилларда биз катта лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Унинг қайси биридир қурилаётган ёки яна қайси биридир ишга туширилиш жараёнида бўлади. Буларнинг барчаси биз учун катта жавобгарлик ҳисобланади. Соҳадаги муаммоларни таъкидладингиз. Албатта, иш бор жойда муаммо бор, лекин унинг ечимини топмаслик ёки олдинга интилмаслик, бир жойда туриб қолиш эътирозларга сабаб бўлиш мумкин. Лекин бугун бу тизим бир жойда тўхтаб қолмади. Аксинча, Президентимиз айнан шу соҳага катта эътибор қаратаётгани ва вазирлик бундай ташаббуслар ижросини режа асосида амалга ошириб келаётгани катта эътиборга лойиқ. Чунки бугун энергетика соҳаси жадал ривожланиш палласига кириб бўлди.

Энди 2024 йилда эътиборга молик ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, мамлакатимиз энергетика соҳасида улкан натижаларга эришди. Жумладан, соҳанинг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди: 2 та қонун, 2 та фармон, 27 та қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та қарор ва 16 та фармойиши қабул қилинди. Бу ҳужжатлар энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилди.

Шунингдек, умумий қуввати 2 787,9 мегаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилди. Уларнинг таркибида қуёш фотоэлектр станциялари (1 000 мегаватт), шамол электр станциялари (800 мегаватт), иссиқлик электр станциялари (965,2 мегаватт) ва гидроэлектр станциялар (22,7 мегаватт) мавжуд.

2024 йил декабрь ойида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ва Андижон вилоятининг Асака туманида қуввати 150 мегаваттдан бўлган 2 та энергия сақлаш тизими (жами 300 мегаватт) ишга туширилди. Бу лойиҳалар Ўзбекистон энергетика тармоғидаги янги қадам бўлиб, соҳадаги аҳамияти жуда каттадир. Хусусан, ушбу электр энергиясини сақлаш тизимлари истеъмолнинг юқори пайтларида тармоқни барқарорлаштириш ва қўшимча захира қувватларини яратиш имконини беради.

– Шу ўринда, бунёд этилган иссиқлик электр станциялари, уларнинг техник имкониятлари ва мамлакат энергетика тармоғида тутган ўрни ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бу лойиҳаларнинг иқтисодиётга қўшаётган ҳиссаси ва улар орқали ҳудудларда энергия таъминоти қай даражада яхшиланди?

– 2024 йилда мамлакат энергетика салоҳиятини янада ошириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1500 мегаватт бўлган янги иссиқлик электр станциясининг қолган 500 мегаватт қисми ишга туширилди. Дастлабки 1000 мегаватт қисми 2023 йилда фойдаланишга топширилган эди. Ушбу электр станцияси нафақат вилоятда, балки мамлакат миқёсида энергия таъминотини барқарорлаштиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йил давомида Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қуввати 64 мегаватт бўлган 2 та замонавий газ турбина қурилмаси ишга туширилди. Улар юқори самарадорлик билан ишлаб, пойтахт ва атроф ҳудудлар энергия таъминотини яхшилашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қуввати 1,2 мегаватт бўлган когенерация қурилмаси ишга туширилди. Бу эса микроэнергия тизимида яна бир янги қадам ҳисобланади.

Қашқадарё вилоятида Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан қуввати 400 мегаватт бўлган газ-поршен қурилмаси фойдаланишга топширилди. Ушбу қурилма замонавий энергетика тизимларида ўзининг кўп қирралилиги, самарадорлиги ва ишончлилиги туфайли муҳим ўрин тутади. Бундай генераторлар табиий газ, биогаз ёки бошқа газсимон ёқилғиларда ишлаши мумкин. Бундан ташқари, газ поршенли генераторлар тез ишга тушиш ва тўлиқ қувватга эришиш имкониятига эга. Бу электр энергияси талабининг кескин ошишини қоплаш учун идеал ечим бўлиб, қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини барқарорлаштиришда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ушбу лойиҳалар мамлакат энергетика тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, саноат корхоналари ва аҳоли учун электр энергияси етказиб бериш барқарорлигини таъминлашга хизмат қиляпти. Шу билан бирга, иқтисодиётда ишлаб чиқариш қувватлари оширилиши ва янги иш ўринларининг яратилиши билан ҳам катта ижобий таъсир кўрсатяпти. Хусусан, электр энергияси таъминотининг яхшиланиши туфайли саноатнинг қатор тармоқлари ўз маҳсулот ҳажмини ошириб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсишига ҳисса қўшмоқда.

– Мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилди? Ушбу лойиҳаларнинг аҳоли учун экологик барқарорлиги ва иқтисодиётга қўшган ҳиссаси қай даражада? Мазкур йўналишда галдаги режалар қандай?

– 2024 йилда “яшил” энергетика соҳасида қатор муҳим натижаларга эришилди. Қуёш ва шамол энергиясидан 4,9 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу эса 1,47 миллиард метр куб табиий газни тежаш ва атмосферага 2 миллион 40 минг тонна зарарли газ чиқарилишини камайтириш имконини берди. Ҳозирда қайта тикланадиган энергия 2 миллиондан ортиқ хонадонни таъминлаш учун етарли даражада ишлаб чиқилмоқда.

2024 йил давомида қатор “яшил” электр станциялари ишга туширилди. Май ойида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари фаолияти бошланди ва август ойига келиб улар тўлиқ ишга туширилди.

Шунингдек, декабрь ойида бир нечта йирик лойиҳалар амалга оширилди. Навоий вилоятининг Томди туманида қуввати 400 мегаватт бўлган шамол электр станциясининг 300 мегаватт қисми қўшилди. Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бири қуввати 200 мегаваттдан бўлган икки шамол электр станцияси иш бошлади ва бу қувват келажакда 1000 мегаваттга етиши кутилмоқда.

Наманган вилоятининг Поп туманида 200 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси фаолияти бошланди ва унинг қуввати келажакда 500 мегаваттга етказилади. Тошкент вилоятининг Бўка туманида 50 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси ишга туширилди ва бу қувват келгусида 263 мегаваттгача оширилади.

Гидроэлектр станциялар ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳам “яшил” энергия ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда микро ГЭСларни ривожлантириш бўйича ҳам жуда йирик марралар белгиланган. Хусусан, республика бўйлаб суғориш каналлари, дарёлар, сув омборлари ва йирик ариқларда мингдан ортиқ микро ГЭСларни ўрнатиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган. Ушбу лойиҳалар мамлакат энергетика барқарорлигини таъминлаш баробарида иқтисодиётга катта ҳисса қўшяпти. Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш газ ва нефть ресурсларини тежаш имконини бериб, уларни экспорт қилиш ёки саноатда қайта ишлаш учун йўналтиришга шарт-шароит яратмоқда. Шунингдек “яшил” энергетика экологик барқарорликни таъминлаб, иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Истеъмолчилар учун қуёш панелларини ўрнатиш бўйича қандай турдаги ёрдамлар кўрсатилмоқда? Шунингдек, қуёш панелларини ўрнатишда давлат ва хусусий секторнинг ўрни қандай?

–“Қуёшли хонадон” дастури доирасида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш мақсадида 10 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилди. Бу субсидиялар фуқароларнинг қуёш панелларини ўрнатишга бўлган қизиқишини ошириш ва уларнинг энергия сарфини камайтиришга йўналтирилган. Ҳар бир киловатт соат энергия давлат томонидан 1 000 сўмдан сотиб олинади. Бу замонавий тизим энергия тежамкорлигини ошириш ва мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлаяпти.

Ушбу субсидияларнинг умумий миқдори 10 миллиард 563 миллион сўмни ташкил этган ва улар фуқароларнинг банк карталарига “Солиқ” мобиль иловаси орқали ўтказиб берилган. Бу илова орқали солиқ органлари ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар субсидияларни жўнатади. Масалан, октябрь ойи учун белгиланган субсидия 25 ноябргача фуқароларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади.

Бу дастур орқали қуёш энергиясидан фойдаланишнинг янги имкониятлари яратилмоқда. Бу нафақат энергия тежамкорлигини таъминлаш, балки янги экологик стандартларга мувофиқликни таъминлаш учун ҳам муҳим қадамдир.

– Энергетика тармоқларида модернизация ишлари қандай амалга оширилди?

– 2024 йилда республикада электр таъминотини яхшилаш мақсадида бир қатор муҳим ишларни амалга оширишга эътибор қаратилди. Жами 29 минг 495 километр тақсимловчи тармоқ ва 10 минг 221 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Бу ишлар электр энергиясининг мустаҳкам таъминоти ва истиқболдаги барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, жами 2 896 километр электр узатиш тармоғи ва 649 та трансформатор пункти янгидан қурилди. Бу янги лойиҳалар тўғридан-тўғри энергетика инфратузилмасини яхшилашга ёрдам бериб, ҳудудлардаги электр таъминоти муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилади.

Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 110 кВ кучланишли “Тошкент сити”, “Янги Ўзбекистон”, “Юнусобод сити” ва “Янгиҳаёт” подстанцияларида қурилиш ишлари якунланиб, 15,5 километр узунликдаги 110 кВ кучланишли тармоқ қурилди ва 20 километрдан ортиқ 35-110 кВ тармоқ янгиланди.

110 кВли подстанцияларни модернизация қилиш учун Хитойдан олиб келинган 69 та йирик куч трансформатори ҳудудларга етказилиб ўрнатилди.

Газ таъминоти соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. 168,2 километр узунликдаги юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари янгиланиб, модернизация қилинди. Шунингдек, 455 та газ тақсимлаш пункти ҳам таъмирланиб, ишлаб чиқариш имкониятлари янада кенгайтирилди.

– Энергетика соҳасидаги янгиланишлар ва инновациялар, аввало, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожи ва экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, келгуси йилларда энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича қандай стратегик режалар мавжуд ҳамда бу жараёнда қандай янги лойиҳалар ва технологик инновациялар амалга оширилади?

– Келгуси йилларда энергетика соҳасини ривожлантиришда “яшил“ энергетика соҳасини кенгайтириш, қуёш ва шамол электр станцияларининг қувватини ошириш каби бир қатор муҳим мақсадлар қўйилган. Энергетика тизимида генерация қувватлари бўйича 2030 йилгача бўлган давр учун етарли миқдорда битимлар имзоланди. Энди навбат ушбу ўзгарувчан генерацияларни тармоққа тўлиқ интеграция қилиш учун керакли бўлган етарли тармоқ инфратузилмасини яратиш энг муҳим стратегик мақсадлардан бири ҳисобланади. Энергия таъминотининг барқарорлигини таъминлашда қайта тикланувчи генерация қувватларини тармоққа ишончли интеграциясини таъминловчи замонавий энергия сақлаш тизимларини, тармоқнинг рақамли автоматик бошқаруви, етарли узатиш ва тақсимлаш тармоқларини яратиш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтириш – бу борадаги асосий стратегик йўналишлардир.

Қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишда янги технологияларнинг жорий этилиши, шунингдек, энергия сақлаш тизимларининг ишга туширилиши замонавий энергетика инфратузилмасини шакллантиришда муҳим омил бўлади.

Бу жараёнда халқаро ҳамкорлик ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш ҳам аҳамиятлидир. Улар мамлакатнинг энергия соҳасида янги технологиялар ва инновацияларни жорий этишда фаол иштирок этишлари кутилмоқда.

Энергетика тизимига хусусий секторни жалб этиш мақсадида тақсимлаш тармоқларини, иссиқлик электр станцияларини хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича ҳам қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Масалан, шу йилнинг ўзида Самарқанд вилоятининг электр тақсимлаш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш бўйича тендерлар эълон қилинди. Йил охиригача инвестор танлаб олиниб, ишни бошлаши кўзда тутилган. Тизимга хусусий секторнинг кириб келиши тармоқларда йўқотишларнинг камайиши, самарадорликнинг ошиши, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш каби ижобий натижалар беради.

2024 йил энергетика соҳасида инновацион ривожланиш йили бўлиб, бу даврда улкан қадамлар ташланди. Ҳуқуқий базанинг мустаҳкамланиши, янги қувватларни ишга тушириш ва “яшил” технологияларни жорий этиш мамлакатнинг энергетик мустақиллиги ҳамда экологик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati