Янгиликлар
"Независимая газета": Барқарор ривожланиш соҳасидаги Ўзбекистон-БАА мулоқоти фақат энергетика жабҳасидаги шериклик билан чегараланиб қолмаган
  • 20.01.2025
  • 10

Россиянинг етакчи нашрларидан бири – "Независимая газета"да сиёсий шарҳловчи Виктория Панфилованинг "Тошкент ва Абу-Даби муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқмоқда" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Муаллифга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) ташриф буюриб, республикада «яшил» иқтисодиёт, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳаларига инвестиция ва технологияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Қайд этилишича, БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар, шунингдек, "Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги" (АДСВ-2025) саммитида иштирок этиш Ўзбекистон БАА билан иқтисодий алоқаларини янада жадаллаштиради.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Бироқ ҳамкорликнинг жадал ривожланиши 2019 йилда Ўзбекистон Президентининг Абу-Дабига ташрифидан сўнг бошланган. "Ўшанда имзоланган ҳужжатлар иқтисодиёт, инвестиция ва инновация соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга замин яратди ва БАА компаниялари иштирокида 20 миллиард АҚШ долларлик лойиҳалар портфелига эришилди", – дейилган нашрда.

Мақола якунида, "Барқарор ривожланиш соҳасидаги Ўзбекистон-БАА мулоқоти фақат энергетика соҳаси билан чегараланиб қолмаган. Мамлакатлар иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини сақлаш бўйича тажриба алмашмоқда ва қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Сувдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти", – деб ёзилган. 

Манба: https://dunyo.info/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>