Коррупцияга қарши курашиш
"Улуғ йўл" газетасида "Давлат харидлари: фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлиги" сарлавҳали мақола чоп этилди
  • 27.03.2024
  • 164

Мамлакатимизда охирги олти-етти йил ичида саноатни ривожлантиришга катта эътибор берилиб, айниқса ўрта ва кичик бизнесга кенг имкониятлар эшиги очилди. Бу эса, ўз навбатида, энергия ресурсларига бўлган талабни ошириб, Ўзбекистон энергетика тизимида йирик инвестицион лойиҳалар ҳисобига итсодиётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўз-ўзидан маълумки, иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланишида коррупция ва унинг оқибатларига қарши курашиш, давлат харидлари тизимининг шаффоф ва очиқ бўлишини таъминлаш, умумлаштириб айтганда, давлат улуши бор корхона ва ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан корпоратив ва бюджет буюртмачиларида давлат хариди тизимини янада такомиллаштириш ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, уларнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бир қатор қарор ва фармонлар имзоланди, бу борадаги ҳуқуқий норматив ҳужжатлар такомиллаштирилиб, харидлар тизими рақамлаштирилмоқда.

Давлат унитар корхоналари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш, мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлиги учун юзага келиши мумкин бўлган фискал хатарларни пасайтириш — кўзланган мақсадларга мувофиқ тарзда олиб борилиши лозим.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликка катта имкониятлар берилаётгани ва бу давлат сиёсатининг бош ислоҳотларидан бирига айланганидан сўнг давлат харидлари тизимини шакллантириш ва такомиллаштириш мақсадида ислоҳотлар ўтказишга катта аҳамият берилди. Хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “2023–2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президенти қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди. Демак, ушбу тизим янада ривожланиши ва такомиллашуви лозим. Бошқачароқ айтганда, давлат харжлари жараёни самарадор кўрсаткичларга эга бўлиши, жараён очиқ ва шаффофликни таъминлай олиши, коррупцияга қарши курашишда унинг мукаммаллиги кафолатланган бўлиши ва турли киберҳужумлардан ҳимояланган бўлиши ҳам лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги вақтларда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасини ривожлантириш борасида қатор ютуқларга эришилгани рост. Мисол учун, давлат харидлари жараёнлари рақамлаштирилди; харидларни амалга оширишда рақобат муҳитининг кенгайишига имконият яратилди; давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг барча учун очиқлиги ва шаффофлиги таъминлана бошланди; тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигига қаратилган қўшимча имкониятлар яратила бошланди.

Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш, шунингдек, келгуси йиллар учун амалга оширилиши лозим бўлган давлат харидлари соҳасидаги ягона сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Давлат харидлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, мазкур жараёнда иштирок этувчи тарафларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс тизимини жорий — давлат харидларининг очиқ ва шаффоф механизмини яратиш, уни такомиллаштириш, савдоларнинг коррупциядан ҳоли тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида республикада амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чора-тадбирларни узвий давом эттириш билан бирга мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартарафга қаратилган навбатдаги босқич амалиётларидир.

Шу ўринда мавжуд муаммоларни ҳам алоҳида тилга олиш ва буни ошкор баён қилиш, аниқроғи юзага келаётган муаммолар орқали давлат харидлари жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш лозим. Давлат харидлари жараёнидаги камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилаётгани, бу борада изчил ислоҳотлар олиб борилаётганига қарамай харидларни амалга ошириш билан боғлиқ айрим муаммо ва камчиликлар юзага келмоқда. Масалан, харид қилиш тартиб-таомилига кўра электрон дўконда барча давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар қатнашиш имкониятига эга. Давлат корхоналари томонидан товар (иш хизмат)га талаб бўлганда электрон порталга эълон берилади ва кичик маъсулияти чекланган жамиятлар ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ташкилотлар ўз хизматлари ва товарларини таклиф қилиб савдода қатнашишади. Аслини олганда бу ташкилотлар ушбу хизмат билан шуғуллланмайди ёки заҳирасида маҳсулот товарлар мавжуд бўлмайди. Оқибатда савдо жараёни амалга ошмайди ва автоматик равишдаги электрон шартномага асосан шартнома шартлари бажарилмайди. Бу, ўз-ўзидан, юридик жиҳатдан чора кўришга маъмурий жазо қўлланилишига сабаб бўлса-да, бу ишга йўл қўйганлар кўп ҳолларда шартномани бекор қилиш билан кифояланишмоқда. Афсуски бундай шартномалар ва ташкилотлар сони ортмоқда.

Бу борада савдода қатнашувчи қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ўз ишини қонуний бажариш ўрнига давлат корхонаси ходимларига сохта ҳисоб-фактура эвазига мўмайгина пул таклиф қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. 

Шу каби вазиятларни олдини олиш учун республикамизда давлат хариди тизимини такомиллаштириш ва кичик бизнес субъектларини давлат буюртмаларида иштирокини таъминлаш орқали, иқтисодий-ижтимоий ривожланишга таъсир этиш масаласига долзарб йўналиш сифатида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва давлат хариди тизимида бу тажрибалардан фойдаланиш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича салмоқли ишлар қилинди ва қилинмоқда.

Барчамизга маълумки, давлат ва жамиятда кечаётган демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва янада чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратишда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, уларни одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис ва тезкор минбарга айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки жамият аъзоларининг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлиги мамлакатимизда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир.

Ривожланаётган давлат ва ўзига хос тарзда янгиланаётган жамият мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан, қабул қилинаётган қарорлар, келажак учун мўлжалланаётган ижтимоий дастурлар, уларнинг мазмун-моҳиятидан ўз вақтида хабардор бўлиши шарт. Шу билан бирга, давлат харидларига оид маълумотларнинг очиқ ва шаффоф бўлиши — жамоатчилик назорати ўрнатилишида муҳим омил ҳисобланади.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши, унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилиши амалий ташаббуслардан бири бўлди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларининг самарали сарфланиши — ҳар бир давлатнинг ҳар қандай даврдаги муҳим масалалардан бири. Давлат хариди жараёнини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган қонун ва қарорлар ушбу масалаларнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, давлат харидларини амалга оширишда товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берувчиларнинг масъулиятсизлиги юзасидан жавобгарлигига белгиланган жарима миқдорининг камлиги буюртмачиларга товар (иш, хизмат)ларнинг ўз вақтида ва белгиланган талабларда етказиб берилишида бир қатор муаммоларга сабаб бўлаётгани рост.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ушбу соҳа вакилларининг давлат ва корпоратив харидлар жараёни жалб қилиш орқали давлат ташкилотларининг узлуксиз ва самарали фаолият кўрсатиши таъминланади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат харидларини амалга оширишдаги молиявий муносабатларини самарали ташкил этиш юзасидан қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди: тўғридан-тўғри шартномалар қилиш ҳуқуқига эга бўлган товар (иш, хизмат)лар рўйхатини кенгайтириш; давлат хариди жараёнидаги иштирокчиларнинг масъулиятсизлиги юзасидан жавобгарлигини кучайтириш; давлат хариди жараёнига тадбиркорлик субъектлариния янада кенг жалб қилишда хориж амалиётини ўрганиб чиқиш; Давлат харидларини амалга ошириш ва бу жараённи назорат қилишга масъул бўлган мансабдор шахсларнинг (юқори ва ўрта бўғин раҳбарларининг) ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари олдидаги ҳисоботини матбуот анжумани ва брифинг шаклидаги ташкил этиш лозим.

Бунинг натижасида, буюртмачиларга зарур бўлган товарлар, ишлар, хизматларнинг махсус ахборот порталида эълон қилиниши натижасида санаб ўтилган ишлар, хизматларга бўлган таклифлар сони кескин ошади, улар орасидаги рақобатнинг мавжудлиги сабабли, товар, иш, хизматларнинг нархини тушишига олиб келади, сифат талабларига риоя қилиш кўрсаткичи юкласади. Натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур товар, иш, хизматлар учун ажратилган пул маблағлари тежалади.


https://t.me/gazetalar_sharhi/27889

ДАВЛАТ УЛУШИ БОР КОРХОНАЛАРДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ («Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мисолида)

DAVLAT ULUSHI BOR KORXONALARDA DAVLAT XARIDLARINI TASHKIL ETISH («O‘zbekiston milliiy elektr tarmoqlari» aksiyadorlik jamiyati misolida)

 

Нигора Абдуллаева, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи

 

Facebook  ‖ InstagramYoutube

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>