Акциядорларнинг умумий йиғилиши
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзоларни сайлашда энди барча акциядорлар овоз бериши мумкин
  • 21.02.2023
  • 1436

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи Шарофиддин Аҳмедов маълум қилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Маълумки, корхоналарни бошқаришда кузатув кенгаши муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунга қадар, кузатув кенгаши таркибига асосан давлат органлари ходимлари киритилиб келинган бўлиб, ушбу орган фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий корпоратив бошқарувни жорий этиш учун уларнинг таркибига корхонадан мутлақо ҳоли бўлган мустақил аъзоларни киритишимиз зарур.

Маълумот ўрнида, ҳозирда давлат иштирокидаги 57 та корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига 86 та (атиги 4 фоиз) мустақил аъзолар киритилган.

Бизнинг олдимизда кейинги 3 йилда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзоларни камида 30 фоизга етказиш вазифаси турибди.

Бунинг учун биринчи навбатда қонунчилик базасини яратиш, мустақил аъзолар ўзи кимлар бўлиши, уларни сайлаш тартибини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш лозим эди.

 

 

Шунга кўра, жорий йил 18 январда “Корпоратив бошқарув тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди, унга кўра:

“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, яъни:

1) Мустақил аъзоларни сайлашда барча акциядорлар овоз беришда иштирок этиш имконияти яратилди (олдин фақат давлат ва хўжалик бирлашмалари вакиллари овоз бериши белгиланган эди);

2) Кузатув кенгаши таркибига сайланган мустақил аъзоларнинг реестри юритилади ҳамда корхона расмий веб-сайтларида эълон қилинади;

3) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларида кузатув кенгаши таркибига камида бир нафар мустақил аъзо киритилади;

4) мустақил аъзоликка номзодлар кузатув кенгаши томонидан танлов асосида танлаб олиниб, умумий йиғилишга киритилади;

5) қуйидагилар кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўлишга қўшимча равишда чеклов ўрнатилди:

▪️ сўнгги уч йил ичида жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахсларида аудиторлик хизматларини кўрсатган аудиторлик ташкилотининг ходими;

▪️ кетма-кет 6 йил давомида жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлган шахс;

▪️ жамиятнинг устави ёки бошқа ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мос келмайдиган шахс;

▪️ жамиятнинг ва (ёки) унинг аффилланган шахсларининг бошқарув ва ички назорат органларининг аъзоси бўлган шахснинг ёки сўнгги уч йил ичида уларга аъзо бўлган шахснинг яқин қариндоши ёки қуда томондан қариндоши бўлган шахс;

6) жамият ижроия органи томонидан йирик битим ёки аффилланган шахслар билан битим тузиш тартиби бузилганлиги натижасида унинг айби билан жамиятга етказилган зарар бўйича ижроия органининг субсидиар жавобгарлиги белгиланди.

Ушбу Қонуннинг амалда ижросини таъминлаш хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши таркибида мустақил аъзолар салмоғини ошириб, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, жамиятларда замонавий менеджментни ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этишга, кузатув кенгаши таркибига профессионал мутахассисларини, жумладан хорижий мутахассисларни жалб этишга ва пировард натижада корхоналарни бошқариш самарадорлигини ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

 

Манба: https://telegra.ph/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>