Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси 2014 йил 6 майдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-370-сон қонуни
6-боб. Дивидендларни тўлаш
48-модда. Дивиденд
Дивиденд жамият соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисмидир.
Жамият акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт.
Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд жамиятнинг қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин.
Жамиятнинг имтиёзли акциялари бўйича дивидендларни қимматли қоғозлар билан тўлашга йўл қўйилмайди.
Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.
49-модда. Дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиш муддатлари
Жамият молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра, агар ушбу Қонун ва жамият уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Жамиятнинг молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги ва тўққиз ойи натижаларига кўра дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарори тегишли давр тугагандан кейин уч ой ичида қабул қилиниши мумкин.
50-модда. Дивидендларни тўлаш тўғрисидаги қарор
Акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларнинг миқдори жамият кузатув кенгаши томонидан тавсия этилган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг муайян турлари бўйича дивидендлар тўламаслик тўғрисида, шунингдек жамият уставида дивиденд миқдори белгилаб қўйилган имтиёзли акциялар бўйича тўлиқ бўлмаган миқдорда дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугалланадиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.
51-модда. Дивидендларни тўлаш тартиби
Дивидендлар жамиятнинг жамият тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамиятнинг бунинг учун махсус мўлжалланган фондлари ҳисобидан ҳам тўланиши мумкин.
Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби жамиятнинг уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.
Дивидендларни тўлаш чоғида биринчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича, сўнгра оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлган тақдирда жамият мазкур акцияларнинг эгаларига дивидендлар тўлашни рад этишга ҳақли эмас. Жамият рад этган тақдирда акциядорлар дивидендлар тўланишини суд тартибида талаб қилиши мумкин. Жамият етарли миқдорда фойдага эга бўлмаган ёки зарар кўриб ишлаётган тақдирда, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамият томонидан жамиятнинг фақат шу мақсад учун ташкил этилган захира фонди ҳисобидан ва ушбу фонд доирасида тўланиши мумкин.
Эгаси ёки эгасининг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри томонидан уч йил ичида талаб қилиб олинмаган дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра жамият ихтиёрида қолади.
Жамият Ўзбекистон Республикаси норезидент акциядорининг ёзма талабига кўра унга ҳисобланган дивидендларни эркин айирбошланадиган валютага айирбошлаб, маблағларни норезидент акциядор тақдим этган банк ҳисобварағига ўтказиб бериши шарт.
Жамият акциядорларининг реестридан олинган, жамият томонидан тасдиқланган кўчирма ҳамда жамият бухгалтериясининг ҳисобланган дивидендлар суммаси ва улар ҳисобланган сана тўғрисидаги маълумотномаси айирбошлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
52-модда. Дивидендлар тўлаш мумкин бўлган акциялар
Акциядорларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган жамият акциядорларининг реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга.
53-модда. Тўланмаган (олинмаган) дивидендлар
Дивидендлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддатларда жамиятнинг айби билан тўланмаган (олинмаган) тақдирда тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаларидан келиб чиққан ҳолда пеня ҳисобланади. Тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича ҳисобланадиган пенялар миқдори тўланмаган (олинмаган) дивидендлар миқдорининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Акциядор жамият томонидан ҳисобланган дивидендлар ва пенялар тўланишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Акциядорнинг талаблари суд томонидан қаноатлантирилганда дивидендлар жамият томонидан тўланмаган тақдирда, жамиятга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўловга қобилиятсизликни бартараф этиш ёки банкрот деб эълон қилиш тартиб-таомили қўлланилади.
54-модда. Дивидендларни тўлашга доир чекловлар
Жамият:
жамият устав фондининг (устав капиталининг) ҳаммаси унинг таъсис этилиши чоғида тўлиқ тўлаб бўлингунига қадар;
агар дивидендлар тўланадиган пайтда жамиятда банкротлик белгилари мавжуд бўлса ёки жамиятда шундай белгилар дивидендларни тўлаш натижасида пайдо бўлса;
агар жамият соф активларининг қиймати унинг устав фонди (устав капитали) ва захира фонди суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда дивидендлар тўлашга ҳақли эмас.
Ушбу моддада кўрсатилган ҳолатлар тугатилгач, жамият ҳисобланган дивидендларни акциядорларга тўлаши шарт.
55-модда. Дивидендлар тўланиши ҳақида акциядорларни хабардор қилиш
Жамият дивидендларнинг миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади. Жамият тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва жамиятнинг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилади.
56-модда. Дивидендларга солиқ солиш
Дивидендларга солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ва бунда солиқ солиш бўйича имтиёзлар белгиланиши мумкин.
Манба: https://lex.uz/docs/2382409
https://lex.uz/docs/2382409?otherlang=1
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Корпоратив муносабатлар бўлими
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati