Янгиликлар
Бугун 500 кВ кучланишли “Тошкент” подстанциясида аварияга қарши машғулотлар ўтказилди
  • 05.05.2021
  • 604

  Бугун, 5 май куни “Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиали таркибидаги 500 кВ кучланишли “Тошкент” подстанциясида аварияга қарши машғулотлар ўтказилди. Бошқа филиал ва подстанциялар учун намунавий тадбир сифатида ўтказилган ушбу амалий машғулот машқлари «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати мутасадди ходимлари томонидан Акциядорлик жамияти раҳбариятининг топшириғига биноан амалга оширилди.

 

  Ёдингизда бўлса, бундан олдин худди шундай тоифаланган объект — «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиали таркибидаги 500 кВли “Қоракўл” подстанциясида ҳарбий тайёргарлик машғулотлари ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда «Ўзбекистон–24» телеканалининг “Янгиликлар-24” дастурида махсус лавҳа эфирга узатилиб, юқори кучланишли подстанцияларда ҳаёт ва ёнғин хавфсизлиги масалалари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ўз мулоҳазаларимизни баён қилгандик.

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5568

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5458

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5425

  Тошкент вилоятида ўтказилган бу сафарги тадбир юқори кучланишли подстанцияларда хизмат вазифасини олиб борувчи техник-муҳандисларнинг фавқулодда ҳолатларда, аниқроғи авариявий ўчишлар содир бўлганда носозликларни бартараф этиш тартиби, бу ҳақда тегишли тартибда диспетчерлик маркази ва мувофиқлаштирувчи ташкилотларга хабар бериш, подстанция ёки электр тармоқларида авариявий вазиятлар юз берганда қайдномалар дафтарига ҳар бир ҳолатни қайд этиб бориш, носозликни бартараф этишда хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиш, фавқулодда ҳолатларда тезкорлик билан тўғри ечим топиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан тайёргарликлари ўрганилди.

 

  Аварияга қарши машғулотлари қуйидаги тартибда амага оширилди: 500 кВ кучланишли “Тошкент” подстанциясидаги аварияга қарши машғулотларга подстанция бошлиғи раҳбарлик қилди. Машғулот ўтказиш талабига биноан (режага мувофиқ) дастлаб подстанция бошлиғи томонидан авариявий ўчиш тури ва унинг оқибатлари (авариявий ўчиш мавзуси ва тури) эълон қилинди. Навбатчи техник-муҳандислар томонидан подстанция диспетчерига, ундан сўнг Миллий диспетчерлик марказига содир бўлган авариявий ҳолат ҳақида қисқача (ўчиш вақти, ҳажми ва тахминий сабаби) маълумот берилди ҳам улар томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмаларга асосан машғулот давом эттирилди. Сўнг муҳандислар подстанция ҳудудида саҳналаштирилган ҳолатда носозликни бартараф этишди. Бартараф этилган носозлик ва уни келтириб чиқарган сабаб ҳақида диспетчерга ахборот бериб борилди. Диспетчер носозлик бартараф этилгани ва электр жиҳоз ҳамда ускуналари умумтармоққа уланишга тайёрлигини Миллий диспетчерлик марказига маълум қилди.

 

  Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқори кучланишли подстанцияларда авариявий ўчишлар содир бўлганда, бу ҳолатни истеъмолчилар камдан-кам ҳолатда сезадилар. Негаки, юқори кучланишли тармоқларда носозлик аниқланганда, маълум бир носоз тармоқ юкламасини унинг заҳира тармоғи ўз зиммасига олиб, носозлик бартараф этилгунга қадар қўшимча юклама билан ишлаб туради. Аммо жиддий носозликлар бартараф этилиши учун маълум бир вақт талаб этилади.

 

 

 

  Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон” подстанциясини “Ғузор” подстанцияси билан боғловчи 500 кВли электр узатиш тармоғи қайта тикланди

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/921

  Миллий диспетчерлик маркази томонидан берилган кўрсатмага мувофиқ амалий машғулот давомида тармоққа уланишга рухсат берилди. Қайднома дафтарига барча зарур қайдлар битилди.

  Машғулот тугаганидан сўнг авариявий ўчишга таъсир қилган омил мутахассислар томонидан муҳокама этилиб, ўчиш такроран содир бўлмаслиги учун барча зарур чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

 

  Машғулот якунланганидан сўнг «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи Зоир Атаев аварияга қарши машғулот давомида йўл қўйилган камчиликлар қаторида тўғри бажарилган амалиётларни ҳам бирма-бир санаб берган ҳолда таҳлил қилди. Сўнгра подстанция техник-муҳандисларининг асбоб-ускуналари кўрикдан ўтказилиб, авариявий ўчиш содир бўлганда хавфсизлик техникаси талабларининг қай бири амалга оширилмай қолганда қандай кўнгилсизликлар рўй бериши мумкинлиги тушунтирилди. Аварияга қарши машғулотлар даражаси баҳоланиб, далолатнома имзоланди.

 

Эслатиб  ўтамиз: эртага, 2021 йил 6 май куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази иштирокида барча юқори кучланишли подстанцияларда авариявий ўчишларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган дастур асосида аварияга қарши машғулотлари бўлиб ўтади.

«Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалида семинар, 500 кВли «Қоракўл» подстанциясида намунавий машғулотлар ўтказилди

ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР: ОДДИЙ НОСОЗЛИКДАН ОҒИР ОҚИБАТЛИ ФОЖИАЛАРГАЧА

ЖАМИЯТ ТАРКИБИДАГИ ПОДСТАНЦИЯЛАРДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИ СЕМИНАР-ТРЕНИНГЛАР, КЎРИК ТАНЛОВ МАШҒУЛОТЛАРИ ОРҚАЛИ АНИҚЛАНМОҚДА

«НАМАНГАН МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: ТАРАҚҚИЁТНИ ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИСИЗ ТАСАВВУР ЭТИШ МУМКИН ЭМАС

МДҲ ДАВЛАТЛАРИ ЭНЕРГЕТИКА КЕНГАШИ: ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ, ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИНГ ХАВФСИЗЛИК ТЕХНИКАСИ БЎЙИЧА БИЛИМ ВА КЎНИКМАЛАРИНИ ОШИРИШ МАСАЛАСИ

ХАВФСИЗЛИК ТЕХНИКАСИ МАСАЛАСИГА БЕПАРВОЛИК, ЛОҚАЙДЛИК ВА ЭЪТИБОРСИЗЛИК — ЭНЕРГЕТИКЛАРНИНГ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ДУШМАНИ

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>