Янгиликлар
ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР: ОДДИЙ НОСОЗЛИКДАН ОҒИР ОҚИБАТЛИ ФОЖИАЛАРГАЧА
  • 26.01.2021
  • 1592

  Ёдингизда бўлса, 2020 йил 4 июнь куни Жиззах вилоятидаги «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали балансида бўлган 220 кВ кучланишли «Зарбдор–Сарбозор» ҳаво тармоғида қисқа муддатли ўчиш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

 

  «Тоифаланган саноат корхоналаридаги авариявий ҳолатларга ким айбдор?» номли сарлавҳа билан эълон қилинган мақолада носозлик туфайли сониянинг кичик бўлаклари ичида давом этадиган қайта уланиш жараёни икки дақиқа ичида икки марта содир бўлгани (автоматик қайта уланиш ҳолати рўй бергани), бунинг оқибатида  220 кВ кучланишли Зарбдор–Сарбозор ҳаво тармоғида қисқа муддатга кучланиш йўқолиши оқибатида Жиззах вилоятидаги баъзи истеъмолчилар, шу жумладан «Ўзтрансгаз» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖнинг тоифаланган объектларида қисқа муддатли узилишлар содир бўлгани ҳақида сўз юритган эдик.

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/3750

Батафсил uzbekistonmet.uz веб-сайти саҳифаларида:

Ўзбекча: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/391
O‘zbekcha: http://uzbekistonmet.uz/oz/lists/view/391
На русском: http://uzbekistonmet.uz/ru/lists/view/391
 

  Жиззахдаги ҳолат юридик шахслар фаолияти ва турдош ташкилотлар мутахассисларининг ўз ишига совуққонлиги оқибатида рўй берган бўлса, Тошкент вилоятидаги ҳолат фуқароларнинг эътиборсизлиги оқибатида содир бўлган, дейиш мумкин. Хуллас, 2021 йил 21 январь куни соат 09:37 да Тошкент вилояти, Пискент тумани, Гулистон МФЙда яшовчи фуқаро Н.М.нинг нотўғри ва ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида юқори кучланишли электр тармоғида носозлик келиб чиққан...

  Аниқроғи, фуқаро «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали балансида бўлган 500 кВ кучланишли Л-502-ҳаво тармоғининг 148–149-сонли таянчлари оралиғидаги электр узатгичнинг муҳофаза ҳудудида жинғир дарахтини ёққани туфайли электр узатиш ҳаво тармоғида носозлик рўй бериб, тармоқ орқали электр энергияси билан таъминланадиган ҳудудда маълум муддат узилишлар содир бўлган.

 

  Тармоқдаги носозлик автоматик тарзда маълум бўлгач, «Тошкент МЭТ» филиали ходимлари ҳолат юзасидан жойига чиқиб, авария ҳолатини бартараф этиш чораларини кўришди. Носозлик сабаблари аниқланиб, фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан далолатнома тузилди ҳамда тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.

  Шунингдек, белгиланган тартибга кўра, «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали номидан Тошкент вилояти Пискент тумани ИИБ бошлиғи ҳамда Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғига фуқаро содир этган ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида юқори кучланишли электр узатиш ҳаво тармоғида носозлик келиб чиққани, ҳолат йирик ҳудудда электр таъминотининг узилишига сабаб бўлгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда фуқарога нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан расмий мурожаат қилинди.

  Фуқаро ўз ҳатти-ҳаракатларининг оқибатини тушунмаган бўлиши мумкин ва у бунинг учун тегишли тартибда (ваколатли ташкилотлар ўрганиши ва қарорига мувофиқ) жавобгарликка тортилади. Масаланинг муҳим жиҳати бошқа бир нарсада...

 

  Биринчидан, кўпгина ҳолатларда, электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлган фуқароларнинг ўзи (хавфсизлик техникасига амал қилмаган қурувчилар, ўзбошимчалик билан электр жиҳозларида тузатиш ишларини олиб бормоқчи бўлган фуқаролар, тақиқланган ҳудудда дам олган катта-кичиклар ёки турли ўйинларни ўйнаб хавфсизлик чораларини қўпол равишда бузган болалар) жиддий тан жароҳати олиши кузатилади. Юқори кучланишли электр тармоқларидаги носозликларга у ёки бу ҳолатда сабабчи бўлган шахсларнинг аксарияти эса воқеа жойида нобуд бўлиши кузатилган.

  Иккинчидан, бу каби ҳолатлар юзлаб, минглаб, ўн-юз минглаб истеъмолчиларнинг маълум муддат электр таъминотидан бебаҳра қолишига, электр жиҳозлари ва ускуналарининг ишдан чиқишига сабаб бўлади.

  Энг ачинарлиси, истеъмолчилар орасида ижтимоий соҳа объектлари, шифохоналар, туғруқ комплекслари, меҳрибонлик уйлари борлиги, айниқса бу каби ҳолатларнинг турли вазиятларда тезкор ҳаракат қилиши лозим бўлган ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги, тез тиббий ёрдам хизматлари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши. Худди шундай, йирик саноат корхоналаридаги электр таъминотидаги узилишлар ҳам иқтисодиётга жиддий зарар етказади.

 

  Тўғри, электр таъминоти мураккаб техник-муҳандислик жараёни бўлиб, унда турли носозликлар рўй бериши мумкин ва алоҳида аҳамиятга эга истеъмолчилар ўзларининг захира қувватларига эга бўлишлари лозим. Аммо бир кишининг билимсизлиги туфайли минглаб кишилар азият чекиши — нотўғри. Хавфсизлик техникаси ҳамда ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик оқибатида кимнингдир бу дунёдан эрта кўз юмиши — фожиа.

 

   АЗИЗ ФУҚАРОЛАР, ҲУРМАТЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР !

  Электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанциялар яқинида мавжуд огоҳлантириш белгиларига риоя қилинг, ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг! Айниқса, юқори кучланишли электр тармоқлари, темир ҳамда темир-бетон конструкцияли таянч устунлари остидаги муҳофаза зоналарига яқин юрманг!

 

 Мабодо қурилиш ёки қишлоқ хўжалиги ишлари важида юқори кучланишли ҳаво тармоқлари остида ёки подстанциялар яқинида қандайдир амалиётларга қўл урмоқчи бўлсангиз, дарҳол электр тармоқлари корхоналари мутахассисларига мурожаат қилинг!

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти, бош саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

 
 Эслатиб ўтамиз: Ёлғон ахборот тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик белгиланган.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 1050-сон қарори 1-Иловасида шундай бандлар мавжуд:

  2-боб, 9-банд: Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари ҳудудларни кадастр бўйича бўлинган ва ер участкалари кадастр бўйича суратга олинган ҳолда қишлоқ жойларда ер ресурслари туман хизматлари томонидан, шаҳарлар ва шаҳарчаларда — кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан натурада белгиланади ҳамда кадастр ишида қайд этилиши ва ер участкасининг кадастр режасида акс эттирилиши керак.

  2-боб, 12-банд: Давлат қўриқхоналари, табиий боғларнинг қўриқхона зоналари ва давлат резерватлари ва ҳоказоларнинг муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларида 110, 220 ва 500 киловольтли электр тармоғи хўжалиги объектлари қурилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан йўл қўйилади.

  Батафсил: Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари https://nrm.uz/contentf?doc=573758_elektr_tarmog%E2%80%98i_ho%E2%80%98jaligi_obektlarini_muhofaza_qilish_qoidalari_(o%E2%80%98zr_vm_26_12_2018_y_1050-son_qaroriga_1-ilova)&products=1_vse_zakonodatelstvo_uzbekistana

 

3-боб, 14-банд: Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича ўрнатилади:

а) электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб — четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб (ҳаво электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги) қуйидаги масофадаги параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми кўринишида кучланиши:

бир киловольтгача кучланишли линиялар учун — 2 метр (биноларнинг деворлари, конструкциялар ва ҳоказалар бўйлаб ўтказилган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли линиялар учун муҳофаза зонаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўрнатилган бундай линиялардан рухсат этилган минимал масофалар билан аниқланади);

20 киловольт кучланишли линиялар учун — 10 метр (аҳоли пунктлари чегараларида жойлашган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли линиялар учун 5 метр);
35 киловольт кучланишли линиялар учун — 15 метр;
110 киловольт кучланишли линиялар учун — 20 метр;
220 киловольт кучланишли линиялар учун — 25 метр;
500 киловольт кучланишли линиялар учун — 30 метр.
 

б) ер ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб -электр узатиш линиясининг иккала томонига параллель вертикал текисликлар билан чегараланган, четдаги кабеллардан 1 метр, агар кабель линиялари шаҳарларда йўлаклар остида ўтказилганда эса — бино ва иншоотлар томонга 0,6 метр ва кўчанинг транспорт ҳаракатланадиган қисми томонига 1 метр масофага четланган ер участкасининг юза қисми, унинг остида жойлашган (электр узатиш кабель линиялари ўтказилган чуқурликка мос чуқурликдаги) ер қаъри кўринишида;

в) сув ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб — линиянинг хар икки томони бўйлаб четдаги кабеллардан 100 метр масофадаги вертикал текислик билан чекланган сув юзасидан унинг тубигача бўлган сув макони кўринишида;

г) электр узатиш ҳаво линияларини сув ҳавзаларидан (дарёлар, каналлар, кўллар ва бошқалар) ўтишлари бўйлаб — сув ҳавзаларинг сув сатҳи устидаги (баландлиги электр узатиш ҳаво линияси таянчлари баландлигига мос бўлган) электр узатиш линиясининг иккала томонидан четдаги симлардан, уларнинг ўзгармаган ҳолатида кема юрадиган сув ҳавзалари учун 100 метр масофада, кема юрмайдиган сув ҳавзалари учун эса — электр узатиш ҳаво линиялари учун ўрнатилиши назарда тутилган муҳофаза зонаси масофада вертикал текисликлар билан чекланган ҳаво макони кўринишида;

д) подстанциялар атрофи бўйлаб — подстанция тўсиғининг барча томонларидан периметри бўйлаб, подстанциянинг бирламчи кучланишига нисбатан қўлланилган ҳолда ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган, масофада вертикал (баландлиги подстанциянинг энг баланд нуқтасига мос бўлган) текисликлар билан чекланган ер участкаси сатҳи ва ҳаво макони қисми кўринишида.

Электр узатиш линиялари билан яқин жойлашган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар ўртасидаги рухсат этиладиган энг кам масофа Электр қурилмаларининг тузилиши қоидаларида белгиланади.

Мазкур Қоидаларнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолатларда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари ўлчови ва уларнинг режими Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда қармоғида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхона томонидан белгиланади. Электр тармоғи хўжалиги объектларига хизмат кўрсатиш учун йўллар, кириш йўллари ва бошқа иншоотлар Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган лойиҳалар асосида амалга оширилади.

 

3-боб, 15-банд: Муҳофаза зоналарида электр тармоғи хўжалиги объектларининг хавфсиз ишлашининг бузилиши, шу жумладан уларнинг шикастланишига ёки йўқ қилиб ташланишига олиб бориши ва (ёки) фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва жисмоний ёки юридик шахсларнинг мулкига шикаст етказиши, шунингдек экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш, жумладан:

а) электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш, шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш;

б) техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш;

в) тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг тўсилган ҳудуди доирасида ва хоналарида бўлиш, тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг эшиклари ва люкларини очиш, ўчириб-ёқишларни ва электр тармоқларга улашларни (ушбу талаб ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни амалга ошириш билан банд бўлган ходимларга татбиқ этилмайди) амалга ошириш, подстанцияларнинг кириш ва тақсимлаш қурилмалари, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш;

 

г) болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

д) ахлатхоналарни жойлаштириш;

е) зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи коррозияловчи моддаларни ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қуйиш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади.

Батафсил: https://lex.uz/docs/4133978?query=%D0%BB%D0%BE%D0%B9%D0%B8%D2%B3%D0%B0

 

3-боб, 17-банд: Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхонанинг ёзма розилигисиз электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари доирасида юридик ва жисмоний шахслар учун қуйидагилар тақиқланади:

а) ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки бузиш;

б) ҳар қандай турдаги кон, портлатиш, мелиорация, шу жумладан ерга вақтинчалик сув бостириш билан боғлик ишларни амалга ошириш;

в) дарахтлар ҳамда буталарни экиш ва кесиш;

г) сув ҳавзаси тубини чуқурлаштириш, тупроқни кавлаб олиш ва ортиш-тушириш ишлари, балиқ ва бошқа сув жониворларини сув ости чангаклари билан тутиш, сув ўсимликларини чиқариб олиш, (электр узатиш сув ости кабель линияларининг муҳофаза зонасида);

д) кемаларнинг вертикал бўйича энг юқори габаритидан (юк билан ёки юксиз) электр узатиш ҳаво линиялари симларигача рухсат этилган минимал масофадан кам масофада, шу жумладан тошқин даврида сув сатҳининг максимал кўтарилиши ҳисобга олинган ҳолда ўтиш;

е) умумий баландлиги йўлнинг сатҳидан (юк билан ёки юксиз) 4,5 метрдан ортиқ бўлган машина ва механизмларнинг ўтиши (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

ж) 0,3 метрдан ортиқ чуқурликда, шудгорланадиган ерларда эса 0,45 метрдан ортиқ чуқурликда қазиш ишларини амалга ошириш, шунингдек тупроқни текислаш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида);

з) агар сув оқими баландлиги 3 метрдан ортиқ бўлиши мумкин бўлса — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғориш;

и) баландлиги 4 метрдан ортиқ қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналарини қўллаган ҳолда дала қишлоқ хўжалиги ишларини (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида) ёки ерни ҳайдаш билан боғлиқ дала қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади.

 

3-боб, 18-банд: Кучланиши 1000 вольтгача бўлган электр тармоғи хўжалиги объектлари учун ўрнатилган муҳофаза зоналарида мазкур Қоидаларнинг 17-бандида назарда тутилган ҳаракатлардан ташқари, электр таъминоти корхонасининг рухсатисиз:

а) ҳар қандай, шу жумладан ёқилғи-мойлаш материаллари сақланадиган омборларни жойлаштириш;

б) кемалар, баржалар ва сузувчи кранларнинг туриши учун тўхташ жойларини ташкил қилиш, кемалардан лангар ташлаш ва уларни ташланган лангарлар, занжирлар, чуқурликни ўлчайдиган асбоблар, судралма аравалар ва траплар билан ўтиши (сув ости электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида);

в) варракларни, учиш аппаратларини, шу жумладан бошқарилмайдиган учиш аппаратларини учириш тақиқланади.

АЗИЗ ЮРТДОШЛАР !

Ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлигига бефарқ бўлманг! Хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этинг!

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>