Барчамизга маълумки, электр таъминоти УЗЛУКСИЗ бўлиши билан бирга СИФАТЛИ (ўлчамлари белгиланган меъёрий кўрсаткичларда) ва ИШОНЧЛИ (техник-муҳандислик тартиб-қоидаларига кўра бирида носозлик рўй берганда иккинчиси қўшимча юклама билан ишлай олиш қобилиятига эга) бўлиши талаб этилади.
Истеъмолчилар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари, йирик саноат корхоналари электр энергияси таъминотда қандай ҳолатлар юз беришидан қатъий назар юқорида санаб ўтилган учта мезонни талаб қилишади ва бунга улар ҳақли. Аммо улар масъул ходим, фаол жамоатчи ва шунчаки бир инсон сифатида электр таъминоти барқарорлигига бефарқ бўлмасликлари лозим. Бунинг учун барчамиздан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишгина талаб этилади. Аммо айрим ҳамюртларимиз гоҳ ўз уқувсизлиги ёки билимсизлиги туфайли, гоҳида атай маълум қонун-қоидага қарши бориб, бир қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Масалан...
2020 йил 4 июнь куни соат 12:31 ва 12:33 ларда Жиззах вилоятидаги «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали балансида бўлган 220 кВ кучланишли «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғида қисқа муддатли ўчиш содир бўлган. Сониянинг кичик бўлаклари ичидаги лаҳзаларда давом этадиган қайта уланиш жараёни икки дақиқа ичида икки марта содир бўлиб, техник-муҳандислик таъбири билан айтганда, автоматик қайта уланиш ҳолати рўй берган.
220 кВ кучланишли «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғида қисқа муддатга кучланиш йўқолиши оқибатида Жиззах вилоятидаги баъзи истеъмолчилар, шу жумладан «Ўзтрансгаз» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖнинг тоифаланган объектларида қисқа муддатли узилишлар содир бўлган. Бир сўз билан айтганда, қисқа туташув оқибатида қайта уланиш — йирик газ компрессорлари ва сув насослари, босқичли конвейерларга эга саноат корхоналарининг режали ишлари бир неча соатга тўхтаб қолиши демакдир!
Хўш, бундай вазият юзага келишига ким ёки нима айбдор? Келинг, шу масалани таҳлил қилишга уринамиз...
Авариявий қайта уланиш ҳолатининг сабаблари ўрганилганда, 220 кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг 21- ва 22-рақамли таянч устунлари оралиғидан «Шавкатбек лалми даласи» фермер хўжалигига қарашли 10 кВли электр электр тармоғи қуриб ўтказилганлиги аниқланди.
Ўрганиш жараёнида яна шулар маълум бўлдики, ушбу 10 кВли ҳаво тармоғини мавжуд қоидаларга хилоф равишда, лойиҳа-смета ҳужжатларини тегишли корхоналар билан келишмаган ҳолда ўзбошимчалик билан қуриб олган. Натижада 220 кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг 21- ва 22-рақамли таянч устунлари оралиғидан кесишиб ўтган нисбатан паст кучланишли электр тармоғининг юқори фазаси симлари орасидаги масофа яқинлашиши оқибатида қисқа туташув содир бўлган.
Ушбу ҳолат келгусида такрорланмаслиги учун «Ўзэнергоинспекция» Жиззах вилояти ҳудудий бўлими вакиллари билан биргаликда тегишли далолатнома расмийлаштирилди. Имзоланган далолатномада ҳолат туфайли келиб чиққан бир қатор муаммолар батафсил таҳлил этилган:
«...2020 йил 04 июнь куни соат 12 дан 31 дақиқа ўтганда 110 кВ кучланишли «Янгиқўрғон-1» ҳаво тармоғининг «Ғаллаорол МГҚ» бошқармаси А-цехидаги 4- ва 5-сонли СТМ-4000 кВт қувватли газ ҳайдаш агрегати (ГПА — Газоперекачивающий агрегат), 110/6/6 кВ кучланишли «Ғаллаорол» подстанциясидаги Т-1 трансформаторидан кучланган Б-цехидаги 9- ва 10-сонли СТМП-4000 кВт қувватли ускуна ва жиҳозлар тўхтаган.
2020 йил 04 июнь куни соат 12:58 да «Ғаллаорол МГҚ» бошқармасининг Б-цехидаги 9-сонли СТМП-4000 кВт қувватли агрегат, соат 13:00да Б-цехидаги 10-сонли СТМП-4000 кВт қувватли агрегат қайта ишга қўйилган.
Бунинг сабаблари ўрганилганда, 220кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг 21- ва 22-таянчлар оралиғидан «Шавкатбек лалми даласи» фермер ҳўжалигига қарашли 10 кВли ҳаво тармоғи қурилиб ўтказилганлиги аниқланди. Ўрганиш жараёнида ушбу 10 кВли ҳаво тармоғини мавжуд қоидаларга хилоф равишда, лойиҳа-смета ҳужжатларини тегишли корхоналар билан келишмаган ҳолда ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланди.
2020 йил 5 июнь куни соат 13:48 да паст кучланишли ҳаво тармоғи ўчирилди ҳамда 220кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг таянчлари оралиғидан кесишиб ўтган «Шавкатбек лалми даласи» фермер хўжалигига тегишли 10кВ кучланишли ҳаво тармоғи фермер хўжалиги томонидан демонтаж қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, қонунда белгиланган чоралар кўрилди».
Хуллас, 2020 йил 5 июнь куни соат 14:20 да «Шавкатбек лалми даласи» фермер хўжалигига тегишли 10кВ кучланишга эга ҳаво тармоғи фермер хўжалиги томонидан демонтаж қилиниб, натижада 220 кВ кучланишли «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғида ўчиш такрорланмаслигининг олди олинди.
Шу ўринда бир неча саволлар туғилади...
Ўзбошимчалик билан қуриб олди, дея таърифланган фермер хўжалиги раҳбари ўзининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бу орқали янги иш ўринларини яратиш учун 10 кВли электр тармоғи қуришга эҳтиёж сезган, дея тахмин этишга ҳақлимиз.
Демак, мавжуд қонун талабларига кўра, бундай ҳолатларда аввал техник талаблар, сўнг тармоқ лойиҳаси ишлаб чиқилади ва туман электр корхонаси раҳбари ҳамда назорат инспекцияси билан келишувга асосан янги тармоқ қурилади. Кейинги босқичдагина янги тармоқ электр энергияси умумтизимига уланиш учун ёзилган расмий мурожаатга тегишли тартибда рухсат этилади.
Хўш, фермер хўжалиги нега бу босқичлардан ўтмади ёки осон ўтди? Мутасаддиларнинг масъулияти қаерда қолди?! Тоифаланган саноат корхоналаридаги табиий газ, ичимлик суви, нефть маҳсулотлари каби стратегик аҳамиятга эга ресурсларни етказиб берувчи қимматбаҳо электр жиҳозлари носоз ҳолга келганида нима бўларди...
Шу ва шу каби аччиқ саволлар мутасадди ходимлардан тортиб оддий истеъмолчиларга-да тааллуқли!
Хулоса шуки, электр таъминотининг узвийлиги, сифати ва ишончлилиги энергетика соҳасида меҳнат қилаётган кўп минг сонли мутахассисларнинг меҳнати, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Она ер қаъридан қазиб олинаётган қазилма бойликларга бевосита боғлиқ бўлиши билан бирга мутасадди ходимлар ва фуқароларимиз томонидан мавжуд қонун-қоидаларга амал қилиниши ҳамда истеъмол маданияти масалаларига ҳам тааллуқлидир.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати