Янгиликлар
ХАВФСИЗЛИК ТЕХНИКАСИ МАСАЛАСИГА БЕПАРВОЛИК, ЛОҚАЙДЛИК ВА ЭЪТИБОРСИЗЛИК — ЭНЕРГЕТИКЛАРНИНГ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ДУШМАНИ
  • 19.05.2020
  • 3232

   Барчамизга маълумки, электр энергияси таъминоти тизими мураккаб техник-муҳандислик амалиёти бўлиб, у ишлаб чиқариш, юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялари орқали етказиб бериш ва истеъмолчиларга тақсимлаш жараёнларини ўз ичига олади.

  Сўнги вақтларда энерготизимда турли хил жароҳатланишлар ва бахтсиз ҳодисаларга йўл қўйилиши оқибатида айрим ишчи-ходимларнинг ногирон бўлиб қолиши ёхуд уларнинг бевақт вафот этиши билан боғлиқ кўнгилсиз воқеа-ҳодисалар кузатилмоқда. Ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва воқеа-ҳодиса юз берган жойидан батафсил маълумотлар зудлик билан ташкилот маъмуриятига етказилиши йўлга қўйилган. Аммо бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларни таҳлил этишдан унинг олдини олиш учун профилактика ишларини олиб бориш муҳимроқ. Воқеа жойидаги таҳлиллар ҳам айнан ўша хавфсизлик техникаси ва ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши жараёнини таъминлаш ва назорат қилиш учун хизмат қилади.

  Корхона раҳбарлари, айни пайтда бош муҳандис ва ушбу йўналиш мутахассислари хавфсизлик техникаси ҳолатларни жойларда изчил ўрганиши ва содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслик учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишлари зарур. Афсуски, баъзи соҳа ташкилотлари масъуллари ҳаёт ва техника хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор билан қарашмайди. Бу ҳолатни электр энергияси таъминотида бевосита иштирок этувчи ишчи-ходимларнинг хатти-ҳаракатларида ҳам кузатиш мумкин. Бундай совуққонлик инсон ҳаётига хавф солиб, таъминот барқарорлигига путур етказиши ҳеч гап эмас. Демак, хавфсизлик техника масаласига бепарволик, лоқайдлик ва эътиборсизлик энергетикларнинг биринчи рақамли душмани ҳисобланади.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, энергетика умумтизимида бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг асосий сабаби хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмаслик, янаям аниқроғи — билимсизлик.

Шу ўринда бир савол тугилади... Хўш, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, жумладан юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатувчи мутахассисларни хавфсизлик асбоб-анжомлари билан таъминлаш масаласи қай аҳволда?

  Аввало, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ташкил этилгандан буён (2019 йил 27 март, ПҚ-4249-сонли қарор) оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса қайд этилмаганини таъкидлаш жоиз. 220–500 кВли юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар хавфсизлик асбоб-анжомлари билан тўлиқ таъминланган.

  Жамият томонидан барча корхоналарга хавфсизлик техникаси ва техник эксплуатация қоидалари брошюра шаклида тарқатилган. Бироқ барча жойларда кузатилгани каби бу борада инсон фактори ётадики, хавфсизлик қоидаларига барча ишчи-ходимлар тўлиқ амал қилмоқда, деб бўлмайди. Очиғини тан олиш керак, хавфсизлик қоидаларига асосан техник таълим амалиётлари жойларда тўғри ташкиллаштирилмаган ёки шунчаки ҳисобот учун юзаки ўтказилмоқда. Бунинг оқибатида айрим ишчи-ходимларимизнинг билим савияси пасайиб кетмоқда.

  Бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг яна бир асосий сабабларидан бири — бу ҳимоя воситаларидан фойдаланмасдан белгиланган вазифаларни бажариш.

  Маълумки, соҳада юклатилган вазифанинг бир марталик йўриқномаси тизими (наряд системаси) йўлга қўйилган бўлиб, уни расмийлаштирилишида ишларни хавфсиз олиб бориш учун маъсул шахслар тайинланади. Маълум бир вазифага юборилаётган ходим техника хавфсизлиги бўйича йўриқнома билан танишган ҳолда синов имтиҳонларидан ўтиб келаётган мутахассис бўлади. У зарур ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлади.

Хўш, унда бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига қандай омиллар таъсир кўрсатиши мумкин?

  Демак, юқорида таъкидланганидек, одам фактори — қоидаларга онгли равишда амал қилмаслик, жараён устидан назоратнинг сустлиги, масъулларнинг эътиборсизлиги ва ўз вазифаларига совуққонлик билан қараётган ходимларнинг йўл қўйган хатолари.

  Бу хусусий сабаб омиллари. Умумий сабаб эса —  билимсизлик, хавфсизлик техникаси қоидалари талабларини бажармаслик, техник дарсларда иштирок этмасликдир.

 Хўш, бундай ходимларга нисбатан қандай чоралар кўриш мумкин?

 Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 22- ва 23-моддаларида иш берувчи ҳамда ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

Унга кўра,

- ишчи ходим тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса;

- ходим меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқимаган ёхуд малакасини оширмаган бўлса,

иш берувчи ушбу ходим зиммасига вазифа юклаши, уни иш жойига қўйиши тақиқланади!

  Аммо иш берувчи барча зарурий шароитларни ташкиллаштирса-ю, аммо ходим бепарволик билан хавфсизлик техникаси қоидалари ва бошқа ички тартиб-қоидаларни бузса, уни ишдан четлаштиришга ҳақли. Бу сўнгги расмийлаштириладиган чора. Бунгача ходим томонидан зиммасидаги вазифалар бузилиши мунтазам равишда давом этса, иш берувчи томонидан интизомий чора қўлланиши, хайфсан эълон қилиши, белгиланган мукофот ва устама тўловларидан маҳрум этилиши, маошининг маълум миқдори жарима сифатида ушлаб қолиниши мумкин. Мазкур жараёнлар тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар орқали қайд этиб борилиши лозим. Агар шунда ҳам ходим хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаса, Меҳнат кодексига биноан имзоланган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўриладиган интизомий ва маъмурий чоралардан мақсад бирор ходимни жазолаш ёки ишдан бўшатиш билан чекланиш эмас, балки унинг ҳаёти, оиласининг эса тинчлигини сақлаб қолишдан иборат.

  Бугунги пандемия шароитидаги карантин вақтида ходимлардан гигиена-санитария тартибларига амал қилган ҳолда хавфсизлик техникаси қоидалари, меҳнат муҳофазаси ва техник эксплуатация қоидалари билан яна бир бор танишиб чиқиш сўралади. Энергетика соҳасида, хусусан юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанцияларга хизмат кўрсатиш чоғида турли бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик учун хавфсизлик қоидаларини яхши ўзлаштириш ва унга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Зоир Атаев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ  Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>