Қизиқарли хабарлар
ҲАРАКАТНИ ИЛҒОВЧИ МОСЛАМАЛАР — ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ВА ТЕЖАМКОРЛИГИ САРИ АРЗОН ВА ОСОН ЙЎЛ
  • 13.05.2020
  • 2624

  Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги — бу энергоресурслардан фойдаланишдан тийилиш, истеъмол ҳажмини чеклаш эмас, аксинча, тежамкорлик ва самарадорлик ёш авлодга болалик давриданоқ ўргатилиши лозим бўлган истеъмол маданиятининг юксак намуналаридан бири эканлиги ҳақида аввалги таҳлилий мақолаларимизда ўз фикр-мулоҳазаларимизни баён қилган эдик.

Батафсил: uzbekistonmet.uz/uz/

Batafsil:    uzbekistonmet.uz/oz/

  Қимматбаҳо энергоресурслардан мақсадли фойдаланиш нафақат хонадон ёки саноат корхоналарида, балки шаҳарсозлик лойиҳаларида ҳам ўз аксини топиши зарур. Айниқса ёритиш тизимида замонавий ускуна ва мосламалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунда мамлакатимизда шартли равишда мавсумий тарзда юзага келадиган энергия танқислиги муаммоларига маълум маънода ечим топиш мумкин бўлади. 



Батафсил:    uzbekistonmet.uz/uz/

Batafsil:      uzbekistonmet.uz/oz/

Подробно:    uzbekistonmet.uz/ru/

  Эътиборингизга мутахассис Сарвар Қурбонов томонидан юритиладиган @energomenejer — энергия ва ундан самарали фойдаланиш бўйича мавзулар, электр, иссиқлик ва электротехник ускуналар ҳақида маълумотлар бериб бориладиган телеграм каналида эълон қилинган «Ҳаракат датчиклари» деб номланган маълумотларни таҳрир этилган шаклда тақдим этамиз.

  Келинг, даставвал ҳаракатни илғовчи мосламаларнинг техник кўрсаткичлари билан танишсак:

  • Ҳаракат сенсори — сигнал узатувчи, жисм ҳаракатланишини қайд қилувчи, атроф-муҳитни назорат қилиш ёки бирор бир жараённи автоматлаштиришда фойдаланилади;

  • Ҳаракат детектори – қўриқлаш тизимларини, хавф сигналларини ишга тушириш ва камералар иш ҳудудига кирган ҳаракатни аниқлаш учун фойдаланилади.

  Айни кунларда хонадон ва офисларда бундай ҳаракат сенсори мосламаларидан фойдаланишнинг оммалашув кўрсаткичи тахминан 10–15% га ошиши кутилмоқда. Бунга сабаб оддий — энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларга сарфланадиган маблағлар миқдорини тежаш, шунингдек, қўриқлаш хизматлари тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

  Ушбу кўрсаткич Россия Федерацияси ва Европа давлатларида 2020 йил мобайнида 20% гача ўсиши тахмин этилмоқда. Шу билан бирга, ҳаракатни илғовчи бундай сенсорли мосламалар хонадонларда ёритиш тизимларини ва энергия (электр, совуқ ва иссиқ сув, иситиш тизимлари) истеъмол қилувчи қурилмаларни автоматлаштиришда самарали фойдаланилади.

  Бу қурилмалар иш принципи ҳамда тури бўйича: инфрақизил, ультратовуш, фотоэлектрик (ёруғлик), микротўлқинлар, томографик (радиотўлқин) ва бошқа таснифлардан иборат. Ҳаракатни илғовчи мосламалар тўлқинларни тарқатиш ва қабул қилинган тўлқинларни таҳлил қилишига кўра актив, пассив ва комбинацияланган мосламаларга тоифаланади.

  ҲАРАКАТНИ ИЛҒОВЧИ МОСЛАМАЛАРНИНГ ИШ ПРИНЦИПЛАРИ

  ПАССИВ — бу ҳаракатни илғовчи инфрақизил мосламалар (PIR) бўлиб, улар фойдаланиладиган бундай мосламаларнинг тахминан ярмини ташкил этади;

  АКТИВ — ультратовушли, микротўлқинли ва томографик ҳаракатни илғовчи мосламалар ҳам мавжуд бўлиб, улар амалда қўлланаётган ушбу мосламаларнинг тахминан қолган ярмини тўлдиради.

  Бундан ташқари, комбинацияланган, яъни ҳам фотоэлектрик, инфрақизил тўлқинлар орқали ҳаракатни илғовчи мосламалар мавжуд бўлиб, уларнинг янги русумлари айни кунларда кенгроқ тарқалмоқда.

  Ҳар бир турдаги ҳаракатни илғовчи мосламаларнинг дастурий ишида ихтирочилар томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар учрайди ва улар вақти-вақти билан ёлғон (сохта) сигналлар бериб туриши эҳтимолдан холи эмас. Бу каби нуқсонларни бартараф этиш учун ишлаб чиқарувчилар  комбинатцияланган (фотоэлектрик ва инфрақизил) мосламалардан фойдаланилади, аммо бу нарса ўз ўрнида мосламанинг сезгирлиги даражасини камайтириши мумкин.

ҲАРАКАТНИ ИЛҒОВЧИ МОСЛАМАЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

   Инфрақизил нурли тури — ушбу ҳаракатни илғовчи мосламалар иссиқлик нурларини (ифрақизил) таҳлил қилади.

  Ультратовушли тури — ушбу мосламалар товуш тўлқинларини таҳлил қилади. У овоз тўлқинларни тарқатади ва иккинчи бўлмаси орқали қайтаётган сигналларни доплер эффекти бўйича таҳлил қилиб, хотирасида атроф-муҳитнинг шартли шаклини ҳосил қилади. Агар муайян шаклда, яъни ҳудудда ўзгариш сезилса, қайтаётган тўлқин орқали сигнал берилиб, ускуна ишлашини таъминлайди.

  Радиотўлқинли тури — томографик ва микротўлқинли мосламалар ҳам ультратовушлилари каби ишлайди. Ягона фарқи шундаки, улар товушларни эмас, радиотўлқинларни таҳлил қилади. Радиотўлқин нометалл бўлган жисмлардан ўта олади ва каттароқ ҳудудни назорат қила олади. Бундай ускуналар қимматбаҳо, аммо кенгроқ ҳудудлар ва омборларни назорат қилишда самарали фойдаланилади, маълум миқдорда электр энергиясини тежаш билан бирга ўзига хос сезгир ҳимоя тизимини яратади.

  Фотоэлектрли тури — ушбу мосламалар ёруғлик нурларидан таъсирланиш орқали ишлайди. Аниқроғи, улар иккита сенсордан ташкил топган бўлиб, бири ёруғлик чиқаради ва иккинчиси қабул қилади. Қабул қилувчи ускуна ёруғликни электр токига айлантириб, релеларга улаш ёки узиш сигналларини беради. Бунга мисол тариқасида метрополитендаги назорат ўтиш тўсиқларида мавжуд турникетларнинг очилишида сигнал берувчи мослама фотоэлектрик турига мансублигини эслатиб ўтиш кифоя.

  Ва ниҳоят, энг муҳими, фотоэлектрик турдаги ҳаракатни илғовчи мосламалардан кўча ёритиш тизимларида кенг фойдаланиш — энергия ва меҳнат ресурсларини тежашга олиб келади. Бу эса, юқорида таъкидланганидек, истеъмол маданиятининг юксак намунасидир.

  Манба: @energomenejer

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>